Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:26

Мустақил эксперт: "Хавфсиз" АЭСнинг ўзи йўқ


Халқаро атом энергияси агентлиги IAEA Ўзбекистонда АЭС қурилиши юзасидан барча ишлар хавфсизлик талаблари ва атом қуролини тарқатмаслик тамойилларига амал қилинган ҳолда олиб борилаётганини маълум қилди.

БМТ сайтида билдирилишича, агентлик экспертлари июнь ойида Ўзбекистонга 12 кунлик иш сафари билан борган.

Озодлик суҳбатлашган мустақил экспертлар бу хулосаларга эҳтиёткорлик ва ҳатто жиддий шубҳа билан ёндашишни тавсия қилмоқда.

IAEA экспертлари: Ўзбекистон илк АЭСни қуришга тайёр

Экспертлар ядровий энергетика дастурини амалга ошириш жараёнидаги барча ишларни комплекс равишда баҳолаган ва бу жараён халқаро талаб ҳамда меъёрларга амал қилинган ҳолда олиб борилаётганини тасдиқлаган.

- Ўзбекистон АЭС лойиҳасини ишлаб чиқишда катта ютуқларга эришди ва норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва бошқарув органи потенциалини мустаҳкамлаш сари қадамлар қўйди, дейилади гуруҳ аъзолари ҳисоботида.

IAEA экспертлари мамлакат ядровий энергетика дастури давлат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганига ҳам эътибор қаратди. Халқаро экспертлар Ўзбекистонга АЭС қуришда кўмаклашишга қаратилган тавсиялар ва таклифларни ҳукуматга тақдим этди.

Халқаро атом энергияси ташкилоти экспертлар гуруҳига Бразилия ва Болгариядан биттадан, яна 8 нафар IAEA ходими киргани маълум.

Халқаро атом энергияси агентлигининг Австриядаги бош биноси.
Халқаро атом энергияси агентлигининг Австриядаги бош биноси.

Қозоғистон АЭС қурилишига қарши

Айни пайтда қўшни Қозоғистон Кремлнинг ўз ҳудудида атом электр станцияси қуриш борасидаги таклифларини рад этиб келмоқда. Россия ҳукумати АЭС қурилиши учун Қозоғистонга 5 млрд доллар миқдорида қарз бериб туришни таклиф қилганди.

Бироқ маҳаллий жамоатчилик босими остида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ўтган йил октябрида Олма-Ота вилоятининг Улкен шаҳри атрофида атом электрстанцияси қуриш режасидан воз кечгани маълум.

АЭС қурилишига қарши бўлган экспертлар 1949 йилдан 1989 йилгача Қозоғистоннинг Семипалатинск минтақасида СССР томонидан 465 ядро портлашлари амалга оширилгани, минтақада экологик вазият бусиз ҳам ўта аянчли аҳволда эканини таъкидлаб келади.

Ўзбекистон 90 фоиздан ортиқ энергияни газ ва кўмирдан олади

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда йилига 61,6 террават-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, унинг 85 фоизи табиий газни ёқиш ҳисобига, яна 10 фоиз энергия кўмир ёқиш ҳисобига амалга оширилмоқда. Қолган энергия гидроэлектрстанциялар ҳисобига олинади.

Саноатга энергия етказиб беришда қийналиб бораётган Ўзбекистон Энергетика вазирлиги аҳолини қисман электр токидан узиш ҳисобига вазиятни юмшатиб келмоқда.

Россиялик мутахассислар Жиззах вилоятида “Тузкон” АЭСида 2,4 гигаватт қувватга эга “III+” авлодига қарашли иккита ВВЭР-1200 реакторларни ўрнатилиши Ўзбекистоннинг электр энергиясида бўлган эҳтиёжини қоплашини даъво қилиб чиқди.

Бу дастур доирасида Москвадаги МИФИ институтида бўлажак ядро физикаси мутахассисларини тайёрлашга киришилгани ҳам айтилди. Озодлик бу талабалар билан боғлиқ муаммолар борасида олдинроқ лавҳалар узатган эди.

Эксперт фикри: АЭС хатарсиз эмас

Хўш, Халқаро атом энергияси агентлиги мутахассислари хулосалари қанчалик ишончли? Қисқа вақт ичида Ўзбекистонда бутунлай хатарсиз бўлган атом энергетикасини яратиш мумкинми?

Ядро физикаси эксперти Андрей Ожаровский
Ядро физикаси эксперти Андрей Ожаровский

Чернобил АЭСидаги аварияга 35 йил тўлган бир пайтда бу ва атом энергетикаси бўйича кўпчиликни қизиқтираётган бошқа саволлар билан Озодлик Россиядаги “Радиоактив чиқиндилар хавфсизлиги дастури” эксперти, ядро физикаси мутахассиси Андрей Ожаровскийга мурожаат қилди.

Эксперт Халқаро атом энергияси агентлиги Ўзбекистон масаласида чиқарган хулосаларни жиддий шубҳа остига олишни тавсия қилди:

- Гапни шундан бошлашим керакки, “хавфсиз АЭС”ларнинг ўзи бўлиши мумкин эмас! Жумладан, амалдаги Россия қонунчилигига мувофиқ, ҳар қандай реактор ва атом электр станцияси радиация нуқтайи назаридан хатарли объектлар сирасига киритилган. “АЭС- хатарсиз!” деётганлар ё ядро энергетикасини тушунмайдиган одамлар, ёки улар АЭС пропагандачиси.

- Яқинда Ўзбекистонга бориб қайтган IAEA ходимлари Ўзбекистонда АЭС қурилиши юзасидан барча ишлар хавфсизликнинг барча талабларига жавоб бериши тўғрисида хулоса чиқарди...

- Биринчидан, Халқаро атом энергияси агентлиги мен юқорида тилга олган пропаганда тузилмаси. Агентлик Низомини очиб қарасангиз, унда ташкилот мақсади сифатида “атом энергиясидан жаҳонда тинч мақсадда фойдаланиш” деб белгиланган. Улар ўзларини мутахассислар деб атаса-да, аслида атом саноати лоббисидир! Мисол тариқасида, худди шу ташкилот реакторларнинг Чернобилдаги туридан фойдаланишга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган, уни хавфсизлигига ҳаммани ишонтириб келган. Худди шундай "кафолатлар" Фукусимага берилганди. АЭСларни назорат қилиб турган саноқсиз комиссиялар ижобий хулоса бериб келган.

- Қисқа вақт ичида Ўзбекистонда атом энергетикаси соҳасини кўтариш мумкинми?

- Билишимча, Росатом Ўзбекистонда АЭСни ўзи қуради, мутахассисларни етказиб беради. Бунинг техник жиҳатдан мураккаб жойи йўқ – пул бўлса бас, қурилаверади. Айтайлик, Росатом Бангладешда қурди станцияни. Атом станциясини қуриб битказмагунча “АЭС бор” дейиш қийин, чунки у маҳаллий аҳоли қаршилигига учраши мумкин, сиёсий вазият ўзгариши мумкин, молиялаштириш тўхтатилиши мумкин. Шу сабабли атом энергетикаси саноати ўзига камроқ эътибор қаратишни хуш кўради, ўз лойиҳаларини шов-шувларсиз амалга ошириб боради. Хусусан, атом энергияси агентлиги билан келишади.

- Охирги йилларда “атом энергияси”ни “яшил технологиялар” қаторига киритиш бўйича ҳаракатлар фаоллашгани кузатилмоқда. Сизнингча, “тинч атом” ҳақиқатан экологик нуқтаи назаридан хатарсиз энергия турими?

- Анча вақтдан бери IAEA бу ғояни илгари суриб келмоқда, аммо бу расман ҳеч қаерда тан олинмаган. IAEA, Росатом ўз сайтларида ҳар нарса ёзавериши мумкин. Мен БМТнинг ривожлантириш дастурларида қатнашиб, турли мамлакатлар атомчиларининг бу борадаги ҳаракатларига гувоҳ бўлгандим. Мутахассис сифатида ишонтириб айтаманки, ундай эмас! Биз келажак авлодимизга хавф яратишга ҳаққимиз йўқ. Атом энергетикаси эса минг йиллар давомида хатарли бўлиб қолувчи радиоактив чиқиндиларсиз яшай олмайди! Бирорта давлатда радиоактив чиқиндилар масаласи бартараф этилмаган. Атом энергетикасининг мустақил тадқиқотлари шуни кўрсатадики, 1 квт\соатига ишлаб чиқарилган иссиқлик газлари чиқиндиси 88-186 г (СО2 эквиваленти) кўрсатикичига тенгдир. Қизиғи, атом станциясининг ўзида зарарли чиқиндилар кам, аммо унга хизмат кўрсатувчи уран ишлаб чиқарувчи, бойитувчи ва ҳоказо заводлар –жуда кўп зарарли моддаларни атмосферага ташлайди.

- Энг катта муаммолардан бири – радиоактив чиқиндиларни сақлаш масаласи бўлиб қолмоқда.

- Бу энг катта муаммо. Ҳалигача Беларус билан Росатом ўртасида тортишувлар бормоқда. У ерда Россия АЭС қуриб битказди, аммо ядровий чиқиндиларни жойлаштириш бўйича келишув йўқ! Икки давлатдан қай бири бу сарф-ҳаражатларни қоплаши аниқ эмас. Тўғриси, Росатом беларусларни “Кейин ҳал қиламиз!”, деб алдади.

- Атом энергетикаси тарафдорлари бу энергия турининг ўта арзонлигини кўп гапиришади. Бунга изоҳ берсангиз.

- Биз Россияда шундай хулосага келдикки, атом фойдаланувчилар учун жуда қиммат энергия тури экан. Биринчидан, у Россияда тўлиқ давлат субсидияси ҳисобига яшайди. Росатом давлат корхонаси бўлатуриб, катта бизнес билан шуғулланиб келади – ядро ҳарбий қурилмалари, ядро сув ости кемаларига хизмат кўрсатади, четда АЭСлар қуради. Бу соҳага нафақат тўғридан-тўғри ҳаражатлар - қўшимча бюджет ажратмаларини ҳисобга олиш қийин. Шу боис “арзончилик” ва "Росатом" мутлақо зид тушунчалар! Агарда биз Россияда атом энергиясидан воз кечганимизда, электр энергияси анча арзонлашган бўларди. Чунки АЭС ҳаражатлари арзон иш эмас – унда сиз тежай олмайсиз, унлаб таъминловчи корхоналар ишини тўхтата олмайсиз.

Ҳозирги кунда Россия Туркияда АЭС қуряпти. Икки давлат шартномасида ишлаб чиқарилган электр токи нархи бир соатга 12 АҚШ центидан кўпроқни ташкил этиши белгиланган. Бу электр станция ишлаб чиқарган нарх! Бошқа харажатларни ҳисобга олиб, Ўзбекистонда атом энергияси нархи қанча туришини санаб олаверинг. Айтишим жойизки, Туркияда ҳам Ўзбекистонда қурилаётган ВВЭР-1200 реакторли "АЭС-2006" туридаги станция барпо этилмоқда.

- АЭС қурилишини айримлар Кремлнинг босим ўтказиш воситасига айланиши ўлароқ баҳоламоқда. Бу қанчалик тўғри фикр, сизнингча?

- Мен физикман, сиёсатчи эмас. АЭС келажакда иқтисодий босим қуроли сифатида ишлатилиши мумкинлигини инкор этмайман, аммо унинг сиёсий босим ўтказиш кучига бироз шубҳа билан қарайман. Мисол тариқасида, Украина ёки Европадаги собиқ социалистик давлатлар. У ерда СССР даврида қурилган кўплаб АЭСлар мавжуд. Менимча, Ўзбекистон бу станция қурилгунча ва ишга киргунча узоқ муддатли рус технологияларига қарамликни бошидан кечиради. МИФИда тарбияланаётган ўзбек ёшлари қисқа муддат ичида АЭС операторлари ва ўртаҳол инженерлари бўлиб етишади. Аммо АЭС бошқаруви учун юқори малакали ядро физикаси олимлари ва мутахассислари зарур. Бу мутахассисларни эса ҳозирча фақат Россия етказиб бериб туради.

2018 йил, 19 октябр. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий очилишида.
2018 йил, 19 октябр. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий очилишида.

Ўзбекистон ҳудудида Россия билан ҳамкорликда АЭС қурилиши бўйича икки мамлакат ҳукуматлари 2018 йил сентябрида келишувга эришгандилар. Бу иш асосан “Росатом” давлат корпорацияси томонидан амалга ошириладиган бўлган. Станция қурилиши учун устувор жой ўлароқ Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинида жойлашган майдон танлангани айтилганди.

2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати Россия билан иккита сув босимига эга ВВЭР-1200 реакторини қуриш тўғрисида келишув имзолаганди.

Ўша йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар. АЭС қурилиши 2028 йилгача якунланиши ва реакторлар 2030 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилиши айтилди.

Халқаро атом энергияси агентлиги БМТ қошида 1957 йилда жаҳон давлатларига атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.

XS
SM
MD
LG