Ўзбекистонда 2030 йилга қадар сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажми 1,5 миллиард АҚШ долларига етказилиши керак.
Мамлакат президенти 14 октябрь куни имзолаган “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” қарорда шу каби талаб ва мақсадлар илгари сурилган.
Ушбу ҳужжатда сунъий интеллект йўналишида фаолият юритувчи илмий лабораториялар сонини 10 тага етказиш, юқори қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш, шунингдек, Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида (Government AI Readiness Index) Ўзбекистонни кучли 50 таликка киришига эришиш белгиланган.
2025 йил 1 сентябргача эса лойиҳалар ва илмий-амалий тадқиқотларни зарур маълумотлар билан таъминлаш мақсадида қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ ахборот хавфсизлиги чораларини кўрган ҳолда “катта маълумотлар” базасини яратиш топширилган.