Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2020, Тошкент вақти: 16:01

Электр станцияларининг ярмидан кўпи эскирган - жойларда яна свет ўчишни бошлади


Бугунги кунда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори.

Бу маълумот ҳукуматнинг электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилишга бағишланган йиғилишида келтирилди.

Президент Мирзиёев 26 октябрда ўтказган йиғилиш ҳақида давлат раҳбари расмий сайти хабар қилди.

Мамлакат президенти соҳа раҳбарлари билан электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифаларни муҳокама қилаётган пайтда жойлардан яна, ҳар йилгидай, электр таъминотида узилишлар бўлаётгани тўғрисида хабарлар кела бошлади.

"Тизимли ўзгаришлар"

Давлат раҳбари расмий сайтига кўра, электр энергетикаси соҳасида “тизимли ўзгаришлар” амалга оширилмоқда ва бу ишлар Президентнинг 2019 йил 1 февралдаги фармони ҳамда 2019 йил 27 мартдаги қарори билан боғлиқ.

2019 нинг 27 мартидаги қарорга биноан “Ўзбекэнерго” “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларига бўлинган.

2 млрд долларлик 2 минг 700 мегаватт қувватли 6 та янги электр станциясини қуриш бўйича лойиҳалар бошланди.

“Бир йилнинг ўзида давлат-хусусий шериклик асосида 2 млрд долларлик 2 минг 700 мегаватт қувватли 6 та янги электр станциясини қуриш бўйича лойиҳалар бошланди”, деб хабар қилди расмий сайт.

Бугунги кунда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори эканлиги, “бундан ташқари, эски қувватларда ёқилғи сарфи янги буғ-газ қурилмаларига нисбатан 2 баравар зиёд”лиги ҳам Президент ўтказган йиғилишда айтилди.

Йиғилишда, шунингдек, модернизация ишларини давом эттириш; соҳага хусусий капитални жалб қилиш; молиявий ҳисоботларни жаҳон стандартлари асосида тайёрлаш; молиявий модель ва бизнес режаларини ишлаб чиқиш; чет эллик мутахассисларни жалб қилиш ва бошқа шу каби ишларни амалга ошириш зарурлиги уқтирилди.

Жойлардан келаётган хабарлар

Ҳукумат сўнгги бир йилда электр энергияси ишлаб чиқарувчи биронта ҳам янги қувват ишга туширилганини хабар қилолмаётган бир пайтда жойлардан яна “мавсумий” хабарлар кела бошлади.

Ҳар куни соат 19:00 дан 22:00 га қадар светимизни ўчириб қўйяпти.

Биргина 30 октябрда мамлакатнинг икки вилояти: Самарқанд ва Фарғонадан мазмуни бир хил икки хабар келди. Самарқанднинг Нуробод туман, Меҳнаткаш маҳалласидан келган қисқа хабар муаллифи “ҳар куни соат 19:00 дан 22:00 га қадар светимизни ўчириб қўйяпти, бизда газ йўқ, ҳеч бўлмаса чироқни ёқиб қўйишсин. Шу темани чиқарингизлар иложи бўлса”, деб ёзди.

Фарғонанинг Бувайдасидан мана бу хат келди:

Туманимизда свет ўчиш маросими бошланди. Қачон бу майнавозчилик тугаркин-а?

“Мен Бувайда туманидан ёзяпман. Туманимизда свет ўчиш маросими бошланди. Қачон бу майнавозчилик тугаркин-а?”

Халқ қабулхоналари жавоби

Нуробод туман Халқ қабулхонаси мулозими (ўзини таништирмади) ҳам, Бувайда туман Халқ қабулхонаси мулозими Шерали Комилов ҳам 3 ноябрь куни Озодликка бир хил жавоб қилди: “чироқ ўчаётгани тўғрисида аҳолидан ариза тушгани йўқ”. Лекин иккала мулозим ҳам бугуноқ вазиятни ўрганишга, агар чиндан ҳам чироқ ўчаётган бўлса, аҳволни ўнглаш учун ҳаракат бошланишини айтди.

Фарқлар: Нуробод туман Халқ қабулхонаси мулозими баъзи хонадонларда ўчаётган бўлиши мумкинлиги эҳтимолини соқит қилмади ва буни электр энергиясига ҳақ тўлашнинг янги тартибига аҳоли кўниколмаётгани билан изоҳлади.

Бувайда туман Халқ қабулхонаси мулозими Шерали Комилов эса, ўтган йили туманда электр қувватида узилишлар кўп бўлганини тан олди, бироқ бу йил аҳвол яхши экани, шахсан ўзи яшайдиган туман марказида свет ўчмаётганини айтди.

Электр узиляпти, деб арз қилаётган аҳолига ҳам, узилмаяпти деб ишонтираётган мулозимларга ҳам ишонмасликка Озодликда асос йўқ. Бироқ айни пайтда ижтимоий тармоқларда узилишлар тўғрисидаги хабарлар кунга-кунга кўпаяётгани рост.

Пойтахтдаги вазият

Сергели туман электр тармоқлари корхонасининг исми тилга олинишини истамаган мулозими пойтахтда қиш мавсумида электр таъминоти кафолатланганини билдирди.

“Тошкентда электр энергиясининг сабабсиз ўчиши кузатилмаяпти. Электр токи авария ҳолатларида ўчиши мумкин, лекин бундай ҳолатлари деярли йўқ. Қишда электр таъминоти бўлиши гарантияланган, ишонч бор, лекин техника бор жойда нимадир сабаб бўлиши мумкин, келажакда нима бўлишини келажакка етганда гувоҳи бўламиз. Бу соҳага киритилаётган янгиликлар, олиб борилаётган ижобий ишлар самарасини шу кунларда бермоқда ва келажакда бундан-да яхшироқ беради”.

Экспертлар фикри

“Ўзбекнефтгаз” компаниясининг собиқ раҳбари, Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Энергетика вазири Анвар Ҳусаинов мамлакатда электр энергияси тақчиллиги сабабини мавжуд иссиқлик электр станциялари эҳтиёж даражасида ёқилғи билан таъминланмаётганида кўради.

Мавжуд ТЭЦларнинг қуввати катта. Муаммо уларни табиий газ билан таъминланишдаги етишмовчиликлардадир.

"Мавжуд ТЭЦларнинг қуввати катта. Муаммо уларни табиий газ билан таъминлашдаги етишмовчиликларда. Ёки хорижга газ экспортини кескин камайтириш керак ёки Туркманистондан газни импорт қилиш лозим. Газ маҳаллий бозорда сероб булса, кичик ва ўрта бизнес ўзига зарур электроэнергияни ишлаб чиқаришга киришади ва шу йул билан электроэнергия тақчиллиги муаммосига барҳам берилади”.

Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа бир собиқ мулозими, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев Президент ўтказган йиғилишда кўтарилган масалалардан бирини ўта муҳим деб ҳисоблайди.

Давлат раҳбари расмий сайтига кўра, йиғилишда бундай дейилган:

“Ҳозирда электр энергияси улгуржи бозори қоидалари белгиланмагани сабабли инвесторлар билан энергияни қатъий нархларда харид қилиш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланмоқда. Бундай ёндашув келгусида рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин. Шу боис электр энергияси рақобатли бозорига ўтиш босқичлари ва қоидаларини белгиловчи ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди”.

Сапарбой Жубаев масаланинг бундай қўйилиши тўғри, деб ҳисоблар экан, бундай деди:

Ҳануз марказдан белгиланаётган электр қуввати нархини, шубҳасиз, эркинлаштириш керак.

“Ҳануз марказдан белгиланаётган электр қуввати нархини, шубҳасиз, эркинлаштириш керак. Лекин Ўзбекистонда электр қувватини сотувчи монополист эканлигидан келиб чиқиб, бу масалага монополияга қарши қўмита ҳам аралашиши, ўртада келишув тузилиши лозим”.

Ўзбек ўзи шам ёқиб, электрни афғонга сотадими?

Электр энергияси тақчиллиги йиллардан буён давом этиб келаётган муаммолиги ҳеч бир ўзбекистонликка сир эмас.

Сурункали электр энергияси тақчиллиги манзарасида ўзбекистонликларда, давлат газ сингари электрни ҳам четга сотяпти ва натижада ўзимизга қолмаяпти, деган танқидий қараш кучли.

Бундай танқидларга муносабат ўлароқ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» роппа-роса бир йил муқаддам расмий баёнот эълон қилган, унда жумладан бундай дейилган эди:

“2019 йилнинг 9 ойида давомида (январь-сентябрь) импорт қилинган электр энергияси ҳажми жами 2,6 млрд. кВт.соатни ташкил этган. Шундан фақат 1,2 млрд. кВт.соат электр энергияси Афғонистон Ислом Республикасига экспорт қилинган. Бу ва бу каби масалаларнинг моҳиятини дарров тушуниш қийин... Бунинг учун тизим фаолияти ва халқаро тажриба билан яқиндан танишиш талаб этилади. Хуллас, оддий сўз билан айтганда, ички истеъмол учун мўлжалланган электр энергияси Афғонистонга экспорт қилинмайди”.

Сапарбой Жубаевнинг айтишича, 90- йиллар бошида Ўзбекистон қўшни Қозоғистон билан деярли бир хил - йилига 50 млрд кв/соат атрофида электр қуввати ишлаб чиқарар эди. Бугунга келиб Ўзбекистон деярли 30 йил олдинги кўрсаткичда қолган, Қозоғистон эса, йилига 110 млрд кв/соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги сайловлар арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган, аммо ўтган вақт мобайнида вазият яхши томонга сезиларли даражада ўзгаргани йўқ.

Охирги 4 йилда Ўзбекистон энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш лойиҳаларига юз миллионлаб доллар хорижий ва халқаро кредитларни жалб қилди, аммо бу лойиҳалар ва кредитларни ўзлаштириш жараёни қанчалик шаффофлиги бот-бот савол остига олинади.

XS
SM
MD
LG