Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2021, Тошкент вақти: 14:35

Ўзбекистон толиблар Афғонистони билан савдони қандай тикламоқда?


Ўзбек-афғон чегарасидаги назорат-ўтиш нуқтаси - 20 август, 2021.

Ўзбекистон Толибон ҳукуматини расман тан олгани йўқ, лекин улар билан музокарага киришмоқда, маҳаллий тадбиркорлар эса савдо-сотиқ алоқаларини тиклашяпти. Афғонистон уларни аввало бошқа мамлакатларга мол етказиб бериш учун транзит давлат ўлароқ қизиқтиради.

4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг соқчилар ҳамроҳлигидаги савдо карвони Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга етиб борди.

Толибон вакиллари ушбу хабарни “Афғонистон эндиликда минтақадаги батамом хавфсиз мамлакат бўлди”, деган мазмунда талқин қилишди. Ҳолбуки, толиблар мамлакатни ўз назоратига олишганидан бери у ерда дам-бадам террористик хуружлар содир бўлмоқдаки, янги ҳукумат бунда “Ислом давлати” радикал гуруҳини айблаб келади.

Хавф-хатарга қарамай, Афғонистонга чегарадош мамлакатлар тадбиркорлари ва хусусий юк автоуловлари ҳайдовчилари тижоратни қайтадан йўлга қўйишмоқда.

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги логистика маркази Афғонистон билан яна ишлай бошлади. Афғонистонда режим алмашганидан сўнг орадан икки ойдан зиёд вақт ўтиб Ўзбекистон жанубидаги чегараолди ҳудудлар савдогарлари Толибон билан бизнес қилиш қийин бўлса-да, ҳарқалай қилса бўладиган иш эканини тан олишяпти.

Аммо ҳайдовчилар чегарада узоқ ушлаб қолишаётгани туфайли транспорт ширкатлари пул ва вақт йўқотаётганидан зорланишади.

“Ҳокимият алмашди, қонунларни ҳам ўзгартиряпти. Илгари биз бу ерда атиги уч кун бўлардик – кирардигу чиқардик, ҳозир ҳафталаб қолиб кетяпмиз. Ҳамма нарсани кўздан кечириб, текшириб, тарозида тортгунча хит қилиб юборишади. Компьютерни тушунадиган одамлари йўқми, ким билсин. Ҳамма нарса ўзгарди, ҳокимият алмашди. Бир-бирларини текширишяпти. Кириш-чиқиш жуда қийин бўлиб қолди”, дейди юк автомашинаси ҳайдовчиси Рафиқ Хўжаков.

Ўзбекистондан келаётган аксар юк уловлари учун Афғонистон – сўнгги манзил эмас; карвонлар афғон ҳудуди орқали Покистон ва Эроннинг денгиз бандаргоҳларига йўл олмоқда. Ушбу тижорат йўналишида асосан Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳри билан трансчегаравий савдо алоқаларини мувофиқлаштиришга масъул бўлмиш Термиз карго-маркази марказий ўринни эгаллайди.

“Биз аввало, Покистон портларига элтувчи транзит йўли билан боғланганмиз. Бу йўналишда анчадан бери иш олиб боряпмиз, юкларни қабул қиляпмиз. Аммо алоқани аввалги режим даврида ўрнатган эдик, ҳозирда режим ўзгарган – ишни қайтадан йўлга қўйишга, лекин энди бошқа одамлар билан тил топишишга тўғри келяпти”, дейди “Термиз Карго маркази” МЧЖ директори Нодир Жалилов.

Ўзбек карго-маркази билан ҳамкорлик қилувчи афғонлар толиблар режимига қарамасдан савдони тиклаш зарур, деб ҳисоблашади. “Улар ҳам иқтисодиётга лоқайд бўла олишмайди. Чунки Афғонистонга, афғон халқига ун, шакар ва бошқа маҳсулотлар керак. Яхши қўшничиликдан улар манфаатдор”, дейди карго-марказ ҳамкорларидан бири Амруллоҳ Саъдулла.

Ҳайдовчилар толибларнинг юкларни узоқ вақт тутиб қолишаётганидан шикоят қилавергач, Толибон ҳукуматининг маҳаллий божхона бўлими мудири чегарага борди. Аммо Толибон вакили Абдул Саттор Рашид божхонадаги сусткашликларни инкор этиб, буни “пропагандачилар ғийбати” деб атади.

“Хавфсизлик соҳасида талай ўзгаришлар бор. Ҳамма рози: ишчилар ҳам, ҳайдовчилар ҳам, қўшни мамлакатлар ҳам. Барча хатар омиллари бартараф этилди, хусусан талончилик ва ўғирликка чек қўйилди”, таъкидлайди у.

Тадбиркорлардан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати ҳам толиблар билан расмий алоқаларни ўрнатган. Октябрь ойи ўрталарида томонлар Термизда музокара қилишди. Аммо муносабатлар илиқлаша бошлаганига қарамай, Ўзбекистон толиблар ҳукуматини ҳануз тан олгани йўқ. 2020 йилда икки мамлакатнинг ўзаро маҳсулот айланмаси ҳажми чорак ҳиссага ортиб, 776 млн долларни ташкил қилган эди.

Толиблар ҳокимиятни босиб олишидан олдин эса, Кобул ва Тошкент ушбу суммани 2023 йилда 2 млрд долларга етказишни режалаштирган.

Ҳозирда томонлар ўзаро қанча қийматли савдо-сотиқ қилганлиги хусусида тайинли маълумот йўқ.

ЭКСКЛЮЗИВ: Толибон билан гаплашаётган Мирзиёев Афғонистон ўзбеклари дардини ҳам эшитадими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:37 0:00

XS
SM
MD
LG