Линклар

Шошилинч хабар
09 май 2021, Тошкент вақти: 15:27

Ўзбекистонда 500дан ортиқ тиббиёт ходими COVID-19дан ўлгани айтилмоқда - расмийлар изоҳ бермаяпти


Ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва Озодлик суриштируви натижасида қўлга киритилган норасмий маълумотларга кўра, пандемия ўзбекистонлик 500 нафардан ортиқ шифокорлар ҳаётига зомин бўлган.

Наманган, Самарқанд, Навоий, Андижон ва Тошкент вилояти ҳамда шаҳридаги шифокорлар, Озодлик билан суҳбатда, шу йилнинг мартидан ҳозирга қадар вафот этганлар орасида коронавирусга чалинган шифокор, ҳамшира, санитар врач ҳамда лаборантлар борлигини тасдиқлашди.

Бундан ташқари, Телеграм тармоғида тиббиётчиларнинг “Фидокорлар” канали жорий йилда вафот этган 500га яқин ҳамкасбининг исм-фамилияси, иш жойи ва суратини эълон қилди. Марҳумларнинг аксари COVID-19 га чалингач, вафот этгани айтилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) пандемия даврида вафот этган тиббиёт ходимлари сонини ошкор қилгани йўқ. Яқинда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати берган кутилмаган рақам - 25 нафар марҳум тиббиётчининг рўйхати ҳозирча Озодликка маълум ягона расмий рўйхат бўлиб қолмоқда.



Ўнлаб тиббиёт ходими вафот этди

10 ноябрь куни Озодлик Самарқанд, Қашқадарё, Навоий, Андижон ва Наманганда коронавирус беморларини даволаган шифокор ва ҳамширалар билан суҳбатлашди.

Суҳбатдошларга кўра, камида 15 нафар ҳамкасблари – шифокор, ҳамшира ва санитар врачлар COVID-19 юқтириши ортидан вафот этган.

Тиббиёт ходимларига кўра, вафот этган ҳамкасбларининг аксари COVID-19 учун тест топширмаган. Боиси шу кунга қадар, уларнинг ўзи ва қабулига келаётган хасталар хавфсизлигини таъминлаш учун, тиббиёт ходимларини режали равишда коронавирус учун таҳлил топширтириш амалиёти тизимли йўлга қўйилмаган.

ЭКСКЛЮЗИВ - Қабристон сукунати: Ковид қурбонлари ошмоқда, расмийлар сукутда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

Жумладан, Намангандаги оилавий поликлиника шифокорига кўра, коронавирус беморларини даволашга жалб қилинган тиббиёт ходимлари ҳануз зарур ҳимоя воситалари билан таъминланмаган, аксар қисми ҳозирга қадар бир марта ҳам коронавирусга тест топширмаган.

“Мен ишлаган қишлоқ оилавий поликлиникасида (ҚОП) 10 га яқин ходим бор. Ҳали бирортамиз коронавирусга тест топширмадик. Оддийгина ҳимоя кийимлари билан ҳам таъминланмаганмиз. Лекин коронавирусга чалинган беморларни уйига бориб даволаяпмиз. Оддий ниқоб, оддий тиббиёт халати билан. Ҳимоя ноль. Шахсан менинг билганим, 2 та врач вирус юқтириб, вафот қилди", - дейди исмини ошкор қилишни истамаган умумий амалиёт шифокори.

Бу врачнинг айтишича, у ишлаб турган ҚОП даги 10 ходим 18 минг аҳолига хизмат қилмоқда.

Унга кўра, ходимларнинг аксари айнан ҳимоя воситаларисиз ишлагани учун коронавирус билан касалланган, ўзларини ўзлари уй шароитида даволаган ва яна ишига қайтган. Лекин ҳеч бири коронавирус учун тест топширмаган.

"Касалларни даволаб турганимиз учун, билиб турибмиз-да ўзимиз ҳам касалланганимизни. Тест топширганимиз йўқ, унақа оммавий тест топширтиришганиям йўқ бизга, ўқитувчиларга ўхшаб. Ўқитувчиларга гидроксихлорин, цинк тарқатишди, бизга беришмади. Бўлмаса, биз ҳам аҳоли билан ишлаяпмиз-ку?! Мен ҳам касал бўлдим, лекин Худога шукур, менда осон ўтди. Уйда ётиб қолиб, даволанганлар ҳам бўлди. Даволаниб чиқиб, яна ишимизни давом эттиряпмиз", - дейди наманганлик шифоркор.

Тиббиётчилар бир вақтда вирусга чалинган ва чалинмаганлар билан ишламоқда

Исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка гапирган самарқандлик ҳамшира ҳам сентябрь ойида коронавирусга чалиниб, 10 кун уйида хаста ётгани, айрим дориларни ўзи ишлаган шифохонадан олгани, қолганини эса, ўз ҳисобидан қоплаганини айтди:

"Менда оғир ўтмади. Ўзим бориб, 260 минг сўмга тест топширдим, мусбат чиққанидан кейин, ишхонадан рухсат беришди. Уйда ўзим даволандим".

Унинг айтишича ҳам, улар қарийб ҳимоясиз, бир вақтнинг ўзида коронавирусга чалинган ва чалинмаган беморлар билан ишламоқда:

"Ҳозирку, касалликка чалиниш даражаси сал пастлади. Лекин сентябрь, октябрь ойларида вирус роса тарқалиб кетди. Чекка қишлоқларгача тарқалиб кетди. Поликлиникаларга юклаб ташлади беморларни. Ҳаммаси аралаш бўлиб, каша бўлиб кетди, тўғриси. Бизга ишлаш учун етарли шароит йўқ. Комбинезон йўқ, ниқобку майли энди, ўзимиз сотиб оламиз, қўлқопларни ҳам ўзимиз оляпмиз. Лекин, тез-тез алмаштириш имконсиз. Қарийб ҳамма ишчимиз касал бўлди бизда. Бизни касалхонаданмас, бошқа шаҳар больницасидан врач эркак ўлди, район СЭСимизданам (саниария хизмати ҳудудий бўлими - таҳр.) битта лаборант аёл ўлди. Бу мени билганларимда энди. Уларнинг сурункали касаллари бўлган, вирус юққандан кейин кучайиб кетган”,- дейди ҳамшира.

Шунингдек, Озодлик суҳбатлашган бошқа бир неча тиббиёт ходими ҳам ҳамкасбларининг хасталикка чалинишига ҳали ҳамон етарли даражада ҳимоя воситалари билан таъминланмагани, вилоят ва туманларда айни шифокорларнинг бир пайтнинг ўзида коронавирусга чалинган ва чалинмаган беморларни даволашга мажбур қолаётгани сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Айримлари ҳимоя излаб, юқори ташкилотларга мурожаат қилгани, хусусан, коронавирусга қарши кураш учун ажратилаётган маблағлар уларга етиб бормаётгани сабабларини суриштиришга уринганини айтмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилоятида ишлаётган терапевт шифокор, ҳамкасблари билан бирга, вилоят бошқармасидан то Соғлиқни сақлаш вазирлигига қадар мурожаат қилганини айтди.

“Нега бизга оддийгина ҳимоя кийимлари етарли даражада берилмаяпти, устамалар нега тўланмаяпти, касал бўлган шифокорларга нега моддий тўлов йўқ, нега ўлиб кетган бечора врачларимизнинг оилаларига 250 миллион сўм, деб ваъда қилган тўловни беришмаяпти? Ҳеч ким бу саволларга жавоб бераётгани йўқ. Мен ҳам карантин зонага кирдим, 2 марта. Шикоят, ариза қилиб югурганимиздан кейингина, бир мартасига тўлаб берди, иккинчисини ҳалиям берамиз, берамиз, қилиб юришибди”, - дейди исми ошкор қилинмаётган сурхондарёлик шифокор.

Қашқадарё ҳокимияти эълон қилган ягона рўйхат

Қашқадарё вилояти ҳокимияти коронавирус ва пневмония каби йўлдош касалликлардан вафот этган тиббиётчилар шахсини расман маълум қилди.

Унда 25 киши - шифокор ва ҳамширалар номи тилга олинган.

Баёнотда рўйхатнинг 8 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан эълон қилинаётгани айтилди ва вафот этган тиббиётчилари хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.


Бу ҳозирча пандемия даврида вафот этган тиббиёт ходимлари сони ва рўйхатига оид Озодликка маълум ягона расмий маълумот бўлиб қолмоқда.

Аммо норасмий маълумотлар талай ва бундай маълумотлар, асосан ижтимоий тармоқларда марҳум шифокорларнинг яқинлари ҳамда тиббиёт ходимлари томонидан эълон қилинмоқда.

Жумладан, Телеграм тармоғидаги 10 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган “Фидокорлар” каналида 2020 йилда вафот этган 500 га яқин тиббиёт ходимининг исм-фамилияси, иш жойи ва суратлари эълон қилинди.

Эълонларда бу тиббиётчилар айнан нима сабабдан вафот этгани ёзилмаган, аммо аксар постларга ёзилган шарҳларда, яқинлари ва ҳамкасблари уларнинг коронавирус юқтиргач вафот этганини ёзишмоқда.

Қуйида ана шундай шарҳлардан баъзилари:

Телеграм каналида қолдирилган шарҳлардан бири, октябрь, 2020
Телеграм каналида қолдирилган шарҳлардан бири, октябрь, 2020

Телеграм каналида қолдирилган шарҳлардан бири, октябрь, 2020
Телеграм каналида қолдирилган шарҳлардан бири, октябрь, 2020

Телеграм каналида қолдирилган шарҳлардан бири, ноябрь, 2020
Телеграм каналида қолдирилган шарҳлардан бири, ноябрь, 2020

Расмийлар Ковиддан вафот этган шифокорлар рўйхатини яширмоқда

10 ноябрь куни Озодлик Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Андижон Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди.

Биронта ҳам бошқармадан расмий рақам олишнинг имкони бўлмади. Аксар бошқармалар, вафот этган ёки хасталанган тиббиёт ходимлари рўйхати борлиги, аммо бу рўйхат фақат ва фақат вазирлик томонидан тақдим қилиниши мумкинлигини билдирди.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вакили, бу борадаги маълумотларни матбуот котиби Фурқат Санаевдангина олиш мумкинлигини билдирди, Санаевнинг ўзи билан боғланишнинг яна имкони бўлмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 июль куни фақатгина икки нафар тиббиёт ходими COVID-19 касаллигидан ўлганини билдирган, бу борада бошқа маълумот бермаган. Расмий баёнотга кўра, Ўзбекистонда бу касалликка чалинган илк бемор ва ундан вафот этган илк бемор ҳам тиббиёт ходими бўлган.

COVID-19дан ўлган шифокорлар сони нега яширилмоқда?

Андижонлик шифокор Ўзбекистонда пандемиянинг энг оғир юки остида қолган ва бу даврда вафот этган тиббиёт ходимлари асл сони норасмий манбаларда тилга олинаётган рақамлардан юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Исмини ошкор этмасликни сўраган шифокор, асл рақамни яшириш сабаби – пандемия бошида COVID-19 га қарши курашда вафот этган тиббиёт ходимларига президент ваъда қилган тўлов пулларини бермасликдир, дея иддао қилади.

2020 йил 26 мартда президент ПҚ-4652-сонли "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолаган.

Қарорга мувофиқ, коронавирусдан зарарланган беморлар билан ишлаган тиббиёт ходимларига қўшимча тўлов, шунингдек, бу иш жараёнида соғлигини йўқотган ёки вафот этган тиббиётчиларнинг оилаларига бир марталик - 100 миллион сўмдан 250 миллион сўмгача бўлган тўлов белгиланган эди.

“Агар ҳозир ҳукумат, бу касалликдан ўлган тиббиёт ходимларини расман тан оладиган бўлса, уларнинг ҳаммасига ваъда қилинган товон пулини тўлаш керак бўлади. Шунинг учун, очиқ тан олмаётган бўлиши мумкин”, - дейди андижонлик шифокор.

Шифокор билан суҳбатни тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:57 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG