Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:31

Швециядаги таниқли имом Обидхон Назаров яна шифохонага тушди


Швециядаги шифохона, 31 март, 2019 йил

Швеция берган сиёсий бошпанада яшаётган таниқли имом Обид қори Назаров оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

Оиласидан олинган маълумотга кўра, имомнинг ўпкасига инфекция тушган ва шу кунда жонлантириш бўлимида сақланмоқда.

61 яшар Обид қори Назаров 3 кун муқаддам оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

"Ўпкасининг бир томонига инфекция тушибди. Ҳозир реанимацияда ётибди. Комага тушган эмас, аммо реанимация. Тўлиқ ухлатилган ҳолда бехуш. Аммо бугун уйғотамиз, дейишяпти", деди Озодлик билан мулоқотда имомнинг ўғли - Довудхон Назаров.

Асли ўзбекистонлик имом Обидхон Назаров 2012 йилда Швециядаги уйи йўлагида суиқасдга учраб, 5 йил комада ётган эди. 2017 йилнинг февралига келиб, имом комадан чиққан ва доимий полиция қўриқлови остида яшаётган эди.

Обидхон Назаров марҳум президент Ислом Каримовнинг ашаддий танқидчиси бўлган, айни пайтда, Ўзбекистонда тақиқланган "Ваҳоббийлик" диний оқимининг етакчиси сифатида айбланган.

Швеция терговчиларининг судга тақдим қилган айблов хулосасига кўра, имомга нисбатан суиқасдни Ўзбекистон ва Россия фуқаролигига эга бўлган Юрий Жуковский амалга оширган.

2015 йилда Жуковский 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Аммо Обид қори оиласининг шикояти ортидан, 2016 йилда бўлиб ўтган апелляция судида, бу жазо бир умрлик қамоқ жазосига ўзгартирилди.

Ҳозир 61 ёшга кирган асли наманганлик Обидхон қори Собитхон ўғли 1985-1990-йиллари Тошкентдаги “Тиллашайх” жоме масжидида имом ноиби, 1990-1996-йилларда эса “Тўхтабой” жоме масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган.

Тарафдорларининг фикрича, у имомлик пайтида ҳақ сўзни айтишдан тийилмаган ва ўша кезлардаёқ режимни очиқ, кескин танқид қилгани учун Ўзбекистонда танилган.

Расмий Тошкент эса имомни Ўзбекистонда "ваҳобийлик" оқиминининг етакчиси сифатида айблаб келади. Назаров 1990-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остига олинган. 1998 йилнинг баҳорида эса Ўзбекистонни тарк этган.

2006 йил баҳорига қадар қочувда яшаган имом 2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG