Линклар

Шошилинч хабар
29 июл 2021, Тошкент вақти: 14:13

OCCRP: Порошенко офшор ширкатлар орқали қимматбаҳо буюмлар харид қилган


Украинанинг собиқ президенти Петро Порошенко.

Украинанинг собиқ президенти Петро Порошенко офшор ширкатлар орқали қимматбаҳо безак ашёлари ва санъат асарларини сотиб олган – буни Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази (OCCRP) аниқлади.

Тадқиқотчиларга кўра, Порошенко 2010 йилда ёрдамчиси Сергей Зайцев ёрдамида ўз назоратига олгани тахмин қилинаётган камида олти офшор ширкат орқали ўнлаб миллион долларли харидлар қилган. Мазкур ширкатларга хизмат кўрсатган Австриянинг “Raiffeisen” банки Зайцевни уларнинг бенефициари сифатида кўрсатган.

Тадқиқот материалида “Raiffeisen” банки хизмат кўрсатадиган яна 11 ширкат Порошенконинг бизнес-салтанатига алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилади.

Номи зикр қилинган банк 2018 йилда “бенефициар мулкдор шахсини ноўрин текширгани ва зарур ҳужжатлар, маълумот ва ахборотларни бевақт янгилагани учун” Австрия молия бозори бошқармаси (FMA) томонидан 2.75 млн евро жаримага тортилганди. FMA ўшанда банк мижозларидан ким янглишиш орқасида идентификация қилинганини очиқламаган.

2019 йил декабрда Австрия Олий маъмурий суди ушбу жаримани бекор қилган.

2010-йиллар бошида Порошенко Киев яқинида ўзига данғиллама уй-жой солган. 2009 йилдан 2012 йилгача Петро Порошенко ва унинг хотини Марина “Vernon Holdings” оффшор ширкатидан фойдаланган ҳолда, Италиядаги ҳашаматли мебель ишлаб чиқарувчилардан қиймати 100 минг доллардан ортиқ фурнитура сотиб олган.

2013 йилда Порошенко, яна шу “Vernon Holdings” орқали жами 4.8 млн фунт стерлингга санъат буюмлари харид қилганки, улар орасида машҳур рус рассоми Илья Репиннинг “Казаклар Қора денгизда” картинаси ҳам бор.

OCCRP сўровига жавобан Порошенконинг юристлари унинг кўрсатилган ҳеч бир ширкат билан боғлиқ жойи йўқлигини урғулади. “Петро Порошенко ушбу ширкатлардан ҳеч бирининг ҳиссадори, якуний бенефициари ёки хизматчиси эмас”, дейилган уларнинг жавобида.

Сергей Зайцев тадқиқотчилар хатига жавоб бермаган. “Raiffeisen” банки мазкур масалалар бўйича фақат ваколатли давлат идоралари текширув ўтказиши мумкинлигини айтган.

Петро Порошенко 2012 йилда Украина чегаралари ва божхонасидан дунёга машҳур рассомлар чизган 43 картинанинг ўтказилишига оид жиноят ишида гувоҳ сифатида қатнашганди.

Тергов тахминича, суратлар божхона назоратидан яширилган. Порошенконинг ўзи эса картиналар аввалроқ қонуний харид қилингани ва у президент бўлиб сайлангунича Украинага келтирилганини, божхона декларациясининг нусхаларини сақлаб қўйганини айтган.

Порошенконинг адвокати Илья Новиков Украинанинг собиқ президентига нисбатан иш 2020 йил февралда “Gordonua.com” сайтидаги мақола асосида қўзғатилганини маълум қилди.

“Гордон” нашри эса адвокатга жавобан, бор-йўғи Украина хавфсизлик кенгаши (УХК)нинг собиқ раҳбари ва айни пайтда “Батьківшчина” партиясидан сайланган депутат Валентина Наливайченко сўзларидан иқтибос келтирганини билдирган.

“Эфир вақтида УХКнинг собиқ бошлиғи, Порошенко ва унинг бизнес-ҳамкори Олег Гладковский “Vernon Holding Ltd” офшори орқали жаҳон аукционларида қимматбаҳо суратларни харид қилиб, Сейшель оролларидаги фахрий консуллик номига расмийлаштирган ҳолда Украинага келтиришганини айтди.

Гладковский илгари Украинанинг Сейшель оролларидаги фахрий консули бўлиб ишлаган.

Наливайченконинг маълумотига кўра, шу йўл билан 45 та картина (жиноят ишида 43 та картина ҳақида гап боради) Украинага келтирилган бўлиб, улар орасида Казимир Малевич, Илья Репин, Константин Коровин, Иван Айвазовский, Исаак Левитан ва бошқа мусаввирларнинг асарлари бор”, - дея маълумот берган Gordonua.com таҳририяти.

XS
SM
MD
LG