Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:54

Андижондаги суд жараёнини ёритаётган блогер судланувчиларнинг очлик акциясига қўшилди (ВИДЕО)


Блогер Фатима Жўраева судланувчиларни қўллаб очлик эълон қилгани ҳақида дастлаб Андижон шаҳар суди олдида гапирди
Блогер Фатима Жўраева судланувчиларни қўллаб очлик эълон қилгани ҳақида дастлаб Андижон шаҳар суди олдида гапирди

Андижондаги "UZ DONG YANG CO" корхонасига оид суд жараёнида судланувчи сифатида қатнашаётган икки мулозим ва бир тадбиркор 14 январдан бошлаб ҳибсхонада муддатсиз очлик акциясини бошлади.

Судланувчилар суд жараёнидаги, ўз таъбирларича, ноҳақликларга норозилик сифатида очлик эълон қилишган.

Мазкур суд жараёнини кузатаётган блогер Фатима Жўраева ҳам судланувчиларни қўллаб, очлик акциясига қўшилганини маълум қилди.

20 январь куни Фатима Жўраева Озодлик билан суҳбатда ҳануз очликни давом эттираётганини билдирди.

Судьялар олий кенгаши блогер Жўраевани “сунъий равишда вазиятга сиёсий тус бериш”да айблади.

Очлик эълон қилган собиқ мулозимлар

"UZ DONG YANG CO" корхонасининг 11 ойдан буён ҳибсда ушлаб турилган собиқ раҳбари Азамат Ғофуров ва молиявий директори Санжарбек Тешаев ҳамда ушбу корхонага маҳсулот етказиб берган тадбиркор Бекзодбек Мадяров 14 январдан бошлаб муддатсиз очлик акциясини бошлади.

Бу ҳақда судланувчиларнинг қариндошлари Озодликка 20 январь куни маълум қилди.

Улар уч судланувчининг очлик эълон қилгани қайд этилган ариза нусхасини ҳам Озодликка тақдим қилишди.

Ғофуров, Тешаев ва Мадяров номидан 15 январда ёзилган аризага учала судланувчининг имзоси қўйилган.

“Тергов жараёни нохолис ҳамда бир томонлама олиб борилганлиги, суд жараёнида содир бўлаётган ноҳақликлардан ҳимояланишимизга доир киритилган илтимосномаларнинг бир неча бор рад этилаётганлиги ҳамда маҳбусларни сақлаш шароитлари талабга жавоб бермаслик ҳолатлари яъни суд биносидаги маҳбуслар сақлаш шароити умуман талабга жавоб бермаслиги ва бошқа турли сабабларга кўра инсон ҳуқуқларимиз таъминланмаётганлиги ва поймол қилинаётганлиги сабабли 14 январь 2021 йил соат тахминан 14:37лар атрофида очлик эълон қилдик”, дейилади судланувчилар аризасида.

Суд жараёнида кузатувчи сифатида қатнашиб келаётган блогер Фатима Жўраеванинг 20 январь куни Озодликка айтишича, судланувчилар 14 январь кунги маҳкамада очлик эълон қилганликлари ҳақида гапиришган.

- 14 ва 15 январь кунлари кетма- кет суд мажлислари бўлди. Иккаласида ҳам қатнашдим. Судланувчилар икки кун ҳам очлик эълон қилганликлари ҳақида гапиришди. Суд пайти Азамат Ғофуровнинг давлениеси ошиб кетгани учун скорий ҳам келди. Буларнинг ҳаммаси суд мажлисига оид видео тасвирларда бор. Чунки судланувчиларнинг адвокатлари илтимосига кўра, суд жараёнлари тўла видео тасвирга олинмоқда, - дейди Фатима Жўраева.

Блогер ҳам очлик эълон қилди

Блогер Жўраеванинг айтишича, унинг ўзи ҳам судланувчиларни қўллаб, очлик эълон қилган. Бу ҳақда ўша куннинг ўзида Жўраева Фейсбук тармоғидаги саҳифасида қолдирган постида ҳам хабар қилган.

15 январь куни эса, Жўраева Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди биноси олдидан Фейсбук орқали жонли чиқиш қилиб, икки кундан буён очлик қилаётгани ҳақида гапирди.

Фатима Жўраеванинг Фейсбук орқали чиқиши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:24 0:00

20 январь куни Озодлик билан суҳбатда Фатима Жўраева Тошкентга қайтиб, очликни давом эттираётганини айтди:

- Мен, ёлғон бўлмасин, сув ичяпман. Сувдан кечганим йўқ, лекин овқат емаяпман. 2019 йил ўтим олиб ташлангани сабаб, меҳмонхонада пайтим мазам қочди, шунда озгина шўрва ичдим. Шундан кейин яна очликни давом эттиряпман. Қачонгача кимдир ўзини осади? Қачонгача кимдир ўзини ёқади? Адолатга эришайлик! Юртбошимиз бизга берган сўз эркинлигидан фойдаланиб, додимиз етиб боришини сўрадим. Холисликни таъминлаб беришларини сўраяпман, холос. Худо хоҳласа, адолатга эришамиз, деган умиддаман. Эртага, пайшанба куни яна суд. Судланувчилар вазиятига қараб, очликни яна давом эттириш-эттирмаслигим маълум бўлади.

Блогер Жўраева ҳам, судланувчиларнинг яқинлари ва адвокатлари ҳам ҳибсхонада очлик эълон қилган учала судланувчининг ҳозирги вазиятидан бехабарлигини айтишди.

Расмий муносабат

19 январь куни АОКАда ўтган брифингда Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров блогер Фатима Жўраеванинг очлик эълон қилганига муносабат билдириб, уни нохолисликда айблади.

“Блогер Фатима Жўраеванинг жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди биноси олдида очлик эълон қилганини нафақат ҳуқуқий малакаси ва маданияти етишмаслик, балки нохолислиги, сунъий равишда вазиятга сиёсий тус бериб, шу орқали жамоатчилик эътиборини тортган ҳолда судга босим ўтказиш, деб ҳисоблаймиз. Ва мазкур ҳолатга тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши лозим деб биламиз”,- дейди Турсунали Акбаров.

Акбаровга кўра, Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурор номига тақдимнома киритилган ва ҳозирда тегишли процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бош прокуратурадан бу борада бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

"UZ DONG YANG CO" 1996 йилда ташкил топган.
"UZ DONG YANG CO" 1996 йилда ташкил топган.

Ширкатдаги текширув

Очлик эълон қилган уч судланувчининг барчаси Жиноят кодекиснинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми "а, в" бандлари, 189-модда (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш)нинг 1-қисми, 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш)нинг 2-қисми "а, б" бандлари ва ушбу модданинг 3-қисми билан айбланмоқда.

Андижон шаҳридаги автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган "UZ DONG YANG CO" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасида Бош прокуратура ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари томонидан текширув бир йилча аввал бошланган.

Ширкатда автомобиль бутловчи қисмларнинг нархлари билан боғлиқ схемалар ва ширкат балансида юзага келган камомад сабаблари текширилган.

Текширувлар кетаётган бир пайтда ширкатнинг ноликвид деталлар омбори мудири, 34 яшар Ҳасанбой Икромов 29 май куни ўз ҳовлисида осилган холда топилган эди.

Ҳасанбой Икромовниг онаси Аматхон Норбоева OzodMikrofon билан боғланиб, ўғлининг ўлимида тафтишчиларни айблаган эди.

2019 йилда «UzAuto Motors» АЖ тарафидан сотиб олинган ишлаб чиқариш ускуналарининг “UZ DONG YANG CO” ширкатига ҳеч бир бадалсиз текинга берилгани ортидан автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи «Uz-metertech Co» ширкати ўз норозилигини билдирган эди.

Норозилик нега бу ускуна “бизга эмас, унга берилди”, деган савол устига қурилган эди.

“UZ DONG YANG CO” ва “Uz-metertech Co” компаниялари “Ўзбекавтосаноат” АЖ билан ҳамкорлик қиладиган бир хил мавқе ва профилдаги икки ширкатдир.

“Ўзавтосаноат” АЖ 2019 йил декабрь ойида “UZ DONG YANG CO” ва “Uz-metertech Co” ўртасида юзага келган иқтисодий низо юзасидан расмий баëнот берган эди.

Баëнотда “UZ DONG YANG CO” ширкатининг мамлакат автосанотида катта ўрни борлиги таъкидланиб “Ўзавтосаноат” бу ширкатни қўллаб-қувватлаши таъкидланган эди.

"UZ DONG YANG CO" 1996 йилда ташкил топган, корхонада мингдан зиёд ишчи ишлайди.

XS
SM
MD
LG