Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:37

“Оила боқиш учун”. Қозоғистонда мулозимларга такси қилишга рухсат берилиши мумкин


Иллюстратив фото
Иллюстратив фото

Қозоғистон Давлат хизмати бўйича агентлиги раҳбари Анор Жаилганова тез орада Қозоғистон мулозимларига қўшимча ишлар, масалан, хусусий киракашлик билан шуғулланиб пул топишга рухсат берилишини маълум қилди. Рухсат этилган фаолият турларининг тўлиқ рўйхати кейинроқ эълон қилинади. Жаилганова айтишича, мулозимларга оиласини боқишга имконият яратиш мақсадида шундай қарорга келинган.

Қозоғистонда давлат аппарати ходими ойига ўртача 180 минг танга (тахминан 400 доллар) ишлайди, бу эса Нур-Султон ёки Олмаотада яшаш учун етарли эмас. Пул етишмовчилиги муаммосидан фақат юқори лавозимдаги мулозимларгина холи: чунончи, вилоят раҳбарининг ойлик маоши тахминан 2 миллион тангани (4.5 минг доллар) ташкил қилади.

Давлат мулозимлари ҳозир ҳам, асосий иши билан бир пайтда мактаб ва ОТМларда дарс беришлари, илмий ва ижодий фаолият билан шуғулланишлари мумкин – қонун буни тақиқламайди. Аммо давлат хизматчиларининг бизнес билан шуғулланиши ман этилган.

Анор Жаилганова таъкидлашича, киракашлик – бизнес эмас.

“Гап тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳақида кетаётгани йўқ. Биз қўшимча ишлар орқали даромад олишни назарда тутяпмиз. Масалан, асосий ишдан бўш вақтларда киракашлик қилишни. Токи одамлар оиласини боқиш учун пул ишлаб топиш имконига эга бўлишсин”, дея изоҳ берган у.

Ташаббус аллақачон танқидларга нишон бўлди. Юридик маслаҳатчилар палатаси президенти Жонгелди Сулаймонов Жаилгановани “қонунларни тушунмаслик”да айблади.

“Ишдан ташқарида доимий даромад қилишнинг фақат икки йўли бор: меҳнат шартномаси асосида қўшимча иш қилиш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш. Агар давлат хизматчиси таксичилик қиладиган бўлса, у ҳам тадбиркорга айланади ва солиқ идорасида рўйхатга кириш мажбурияти остида қолади. Жаилганованинг “оила боқиш учун қўшимча пул топиш мақсадида” деган гапи мени тамом лол қолдирди. Қашшоқ мулозим қандай қилиб ватан равнақи учун ишлай олади? У пора олмаслик ҳақида ўйламаслиги мумкинми?” дейди Сулаймонов.

Оддий қозоғистонликлар Жаилганованинг ташаббусини кўпроқ ҳазил-мазах билан кутиб олишди: интернетда “таксига ўтирганда эҳтиёт бўлинг: ҳайдовчи бирор давлат идораси раҳбари бўлиб чиқиши мумкин”, мазмунли киноялар ёйилмоқда. Бироқ кўпчилик мулозимларга қўшимча пул топишни тақиқламаган маъқул, деб ҳисоблайди.

“Давлат мулозимлари турли даражаларга бўлинган. Агар иш ҳақи эҳтиёжларига етмаса, нега энди қўшимча иш қилмаслиги керак. Менимча, бу қонун билан тақиқланмаслиги зарур”, дейди фуқаролардан бири.

“Ким қандай ишлашини, ҳукумат қандай ишлашини бутун халқ билади. Чунки замон шунақа: пул етмайди. Оддий одамларга ҳам, мулозимларга ҳам”, дея фикр билдиради бошқа қозоғистонлик.

XS
SM
MD
LG