Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:09

Фарғона вилоят суди қамоқдаги блогер Олимжон Ҳайдаровнинг шикоятини кўриб чиқмоқда


Олимжон Ҳайдаров ўтган йил 29 июль куни Фарғонада қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинган эди.
Олимжон Ҳайдаров ўтган йил 29 июль куни Фарғонада қора ниқоб кийган махсус ходимлар томонидан ҳибсга олинган эди.

4 март куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди туҳмат, ҳақорат қилиш ва товламачиликда айбланиб 8 йилга озодликдан маҳрум этилган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг шикоятини кўриб чиқишни бошлади.

Қамоқдаги блогер адвокатларининг Олий Судга кассация тартибида киритган шикояти суднинг Тафтиш инстанциясида кўрилмоқда.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартишга кўра, биринчи инстанция судининг қароридан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиши мумкин.

Томонлар натижадан қониқмаса, иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади.

Тафтиш инстанциясига жиноят иши нафақат моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўлланилганлигини текшириш, балки уларга тўлиқ суд терговини ўтказиш ваколати берилган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, суднинг биринчи иш кунида адвокатлар талаби қондирилган:

“Адвокатларнинг айтишларича, Олимжон Ҳайдаровни ҳибсга олиш жараёнида бир қанча процессуал хатоликларга йўл қўйилган. Жумладан, қўлига махсус кукун мажбурлаб суртилгани иддао қилинган. Адвокатлар қайта сўроқ қилиш учун криминалист Аҳмедовни ва қўлга олиш жараёнида иштирок этган терговчи Аббосхон Қўқонбоевни чақиртиришни суддан илтимос қилишган. Суд уларнинг талабини қондириб, судни кейинги душанба кунига қолдирган”.

2023 йилнинг 1 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди блогер Олимжон Ҳайдаровни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.

Ҳайдаров Ўзбекистон жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган 8 йиллик қамоқ жазосини 28 декабрь куни ўзгаришсиз қолдирган.

Адвокатлар блогерга қўйилган айблар "мутлақо асоссиз" экани ва суд терговида биронта айб ўз исботини топмаганини айтишган.

Ҳимоя томони Олимжон Ҳайдаров устидан тергов ва суд жараёни унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини таъкидлаб келади.

Судда асосан, Олимжон Ҳайдаров ўз чиқишларида танқид қилган маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, жумладан, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, шунингдек, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИББ ходими ҳамда Фарғона вилоятидаги бозорлардан бирининг таъсисчиси Ҳайдаровга қарши кўрсатма берган.

Қаттиқ тартибли колония

Суд ҳукмига кўра, Олимжон Ҳайдаров белгиланган жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўташи лозим эди.

Бироқ адвокати Дилшод Жабборовнинг айтишча, Ҳайдаров Ички ишлар вазирлиги ЖИЭДнинг Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 10-сонли колониясига жойлаштирилган. Бу колонияда суд ҳукми билан жазони ўташ алоҳида қаттиқ тартибли режими белгиланган шахслар сақланади.

Озодлик суҳбатлашган ИИВ даги манбанинг айтишича, қаттиқ тартибли колонияларнинг ҳам умумий тартибли секторлари, айни пайтда умумий тартибли колонияларнинг қаттиқ тартибли секторлари мавжуд. Исми очиқланмаслигини сўраган манба Ҳайдаров қаттиқ тартибли колониянинг умумий секторига жойлаштирилган бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.

Аммо адвокати Дилшод Жабборовнинг фикрича, "бу ерда амалдаги қонунчиликка мутлақо зид ишлар бўлмоқда ва блогер сўзсиз умумий тартибли колонияга ўтказилиши шарт".

Суд ҳукмига кўра, Мажбурий ижро бюросига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилган.

Олимжон Ҳайдаровнинг ўзи ҳибсга олинганидан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда эълон қилинган баёнотида ўзини “сиёсий маҳбус” деб атаганди.

Блогернинг иддаосича, унинг қамалиши тўғридан-тўғри касбий- профессионал фаолияти билан боғлиқ. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.

Демократия, сиёсий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларини кузатувчи Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ўзининг 2023 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни интернет эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолдирди. Ташкилотга кўра, президент Мирзиёевнинг айрим ислоҳотларига қарамасдан Ўзбекистон авторитар давлат сифатида қолмоқда.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни қоралаган.

5 декабрь куни эълон қилинган баёнотда ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича вакили Мира Риттман “суднинг Ҳайдаровни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигига салбий таъсир кўрсатиши"ни айтган.

Олимжон Ҳайдаров Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён энг узоқ муддат қамоқ жазосига маҳкум қилинган блогердир.

Форум

XS
SM
MD
LG