Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:11

Олимлар илк инсон-маймун эмбрионини яратди


АҚШдаги Салк биологик тадқиқотлар институти олимлари инсон ҳужайраларини ўз ичига олган дунёдаги биринчи маймун эмбрионларини яратишди. Ушбу тажрибадан мақсад икки тур ҳужайралар ёнма-ён қандай ривожланишини ўрганишдир.

Макакадан олиниб, сўнгра лабораторияда одамнинг илдиз ҳужайралари киритилган эмбрионлар 20 кун ўстирилган ва йўқ қилинган. Тадқиқот натижалари ҳақида 15 апрель куни “Cell” илмий журналида мақола эълон қилинди.

Бундай ҳаёт шакли учун атама мавжуд – химера. Химера юнон мифологиясидаги олов пурковчи йиртқич ҳайвон бўлиб, қисман шер, қисман эчки ва қисман илондир.

Олимлар қисман одам бўлган химералар келажакда инсон касалликларини даволашда кўмаклашишига, шунингдек, одамларга трансплантация қилиш учун органлар манбасига айланишига умид қилмоқда. Аммо бу мақсадларга эришиш учун аввал ярим инсон химералар туғилиши керак.

Бу ахлоқий масаладир, чунки бундай жонзотларнинг мақоми ахлоқан ноаниқдир. Ярим инсон химераларга қандай муносабатда бўлишимиз уларга бериладиган ахлоқий мақомга боғлиқ бўлади.

Бундай тадқиқотларни олиб бориш учун бир неча асос бор. Масалан, Альцгеймер касаллигини яхшироқ тушунишимиз учун миянинг муайян қисмларини яхшироқ ўрганиш керак. Ушбу мақсадга эришишимиз учун одам-маймун химералар яратиш қўл келиши мумкин.

Яна бир мақсад – трансплантация учун одам органларини етиштиришдир. Бунинг учун ҳайвоннинг генетик кўрсатмаларидан тегишли органни "ўчириб ташлаш" ва уни жойини тўлдириш учун инсон илдиз ҳужайралари юбориш мумкин.

Бундан олдин айни тадқиқотчилар чўчқаларда ҳам ўхшаш тажриба ўтказган, чунки уларнинг органлари инсон органларига тенг. Аммо чўчқаларда функционал химера яратиш учун етарли миқдорда инсон ҳужайралари олинмаган ва тадқиқот муваффақиятсиз якунланган.

Маймунлар эволюцион жиҳатдан инсонларга яқинроқ, шунинг учун уларда инсон ва маймун ҳужайралар биргаликда ўсиши эҳтимоли юқорироқ. Инсон-маймун экспериментларидан мақсад технологияни чўчқаларга ўтказишдан олдин приматларда химераларнинг ривожланишини яхшироқ англаш ва такомиллаштиришдир.

Кўплаб мамлакатда чўчқалар интенсив равишда боқилади ва истеъмол қилинади. Шунинг учун чўчқаларда орган ўстириш билан боғлиқ ахлоқий муаммолар камроқ юзага келади. Шу аснода приматларда ўтказилаётган тадқиқотлар якуний мақсад эмас, балки мақсад сари элтувчи қадамдир.

Келажакда ярим чўчқа бўладими ёки ярим примат, инсон ҳужайралари мавжуд бўлган жонли химералар яратилиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай ҳайвонларнинг ташқи кўриниши ва фаолияти қисман улардаги инсон ҳужайраларининг сонига боғлиқ бўлади.

Бундай тадқиқот одамлар кўнглини айнитиб, мунозарага сабаб бўлишини кутиш мумкин. Агар чўчқалар ёки маймунларга охир-оқибат инсонларга хос хусусиятлар берилса, бундай тажрибалар кескин қаршиликка учраши мумкин.

Бироқ, хулоса қилишдан олдин трансплантация учун орган тақчиллиги мавжудлиги эътиборга олиниши керак. Масалан, “Phys.org” нашри маълумотларига кўра, АҚШда ҳозирда 100 мингдан ортиқ одам орган кутмоқда.

Ҳаёт учун хавф туғилганда жамоатчилик қаршилиги одатда озроқ бўлади. Масалан, коронавирусга қарши “AstraZeneca” вакцинасини ишлаб чиқаришда келиб чиқиши эмбрионларга бориб тақаладиган ҳужайралардан фойдаланилди. Аммо химералар яратиш замирида бошқа ахлоқий муаммо ҳам бор бўлиб, бу мияси одамникига яқинлаштирилган маймунлар ёки чўчқаларнинг ахлоқий мавқеи масаласидир.

Келажакда химера тадқиқотлари одамларга ҳайвонот дунёсига тегишли бошқа жиҳатларни, масалан, кўршапалак сонари каби жиҳатларни ўзлаштириш имконини бериши мумкин.

Одамлар ўртасидаги тенглик масалалари йирик муаммо эканини ҳисобга олсак, инсоният химера тадқиқотларида эришиладиган ютуқлар келтириб чиқарадиган ахлоқий муаммоларга тайёр эмаслигини хулоса қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG