Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2019, Тошкент вақти: 22:38

9 яшар қизларни одам папилломаси вирусига қарши ëппасига эмлаш бошланди. Оналар хавотирда


Жорий ой Ўзбекистон бўйлаб 9 яшар қизларни одам папилломаси вируси (ОПВ)га қарши ëппасига эмлаш бошланди.

Озодлик гаплашган тошкентлик оналарнинг айтишича¸ айни кунларда тиббиëт ходимлари мактабларда бу вакцина ва унинг афзалликлари ҳақида маълумот бермоқда¸ оналардан қизларининг эмланишига рухсат берувчи қоғозга қўл қўйиш сўралмоқда.

2017 йили ОПВга қарши вакцинани Миллий иммунизация жадвалига киритган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ 2019 йили 400 минг нафар 9 ëшли қиз эмланади.

Аëллардаги бачадон бўйни саратонининг асосий сабабчиси ҳисобланган одам папилломаси вирусига қарши вакцина давлат ҳисобидан текинга қилинмоқда.

Дунëнинг аксар мамлакатида тавсия характерида бўлган бу вакцинанинг 2010 йилда туғилган қизларга ëппасига қилинаëтгани¸ Озодликка юборилган аудио ва айрим оналар билан суҳбатлардан¸ хавотир¸ ҳатто ваҳимага сабаб бўлмоқда.

Эмлатсамми¸ эмлатмасамми...

Озодлик суҳбатлашган оналардан бири 9 яшар қизи ўқийдиган мактабда ўтказилган мажлисга чақиртирилгани ва унда бу вакцина ҳақида врачлар маълумот берганини айди.

Бу вакцинани айнан 9 ëшда қилса¸ таъсир муддати узоқроқ бўларкан. “Бепул пайтда қилдириб қолинг¸ қизингиз 10 ëш бўлганда¸ буни пулга ҳам қилдиролмайсиз. Вакцина нархи 100-200 доллар чет элда”¸ дейишди. Врачларга ишонилса¸ бу жуда фойдали нарса экан”¸ дейди Озодлик гаплашган тошкентлик оналардан бири.

Бу суҳбатдош¸ мактаб йиғилишида ўзини ҳеч ким бундай вакцинага розилик беришга мажбурламаганини билдирди.

Лекин¸ биттаси камида 100 долларлик вакцинани нега 2010 йилда туғилган қизларга ëппасига бепулга қилишаяпти¸ шуниси одамни ўйлантираяпти. Шунча яхши нарса бўлса¸ нега бепул қилишаяпти? Бу вакцинани ишлаб чиқарганлар учун қизларимизни тажриба қуëнчаси қилишмаяптимикин¸ деган хавотир кучли ичимда. Бизнинг мактабда 22 октябрдан эмлаш бошланади¸ розилик берсангиз¸ дейишди. Мен ҳозирча бермадим. Укол қилган пайтидаги реакцияси бир тараф¸ 10 йилдан кейин нима бўлишини билмаймизку! Эмлатиш-эмлатмаслик ҳақида ҳалиям бир қарорга келмадим”¸ дейди тошкентлик 9 яшар қизнинг онаси.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаëтган аудиоларга қаралса¸ бу суҳбатдош каби ОПВ вакцинасининг яқин ва узоқ муддатли таъсири қандай бўлишидан хавотирга тушаëтган оналар Ўзбекистонда кам эмас.

Хусусан¸ Telegram каналидаги ўзбекистонликлар орасида тарқаëтган аудиода оналардан икки нафари ўз группадошларини бу вакцинанинг “қўрқинчли “оқибатларидан огоҳлантиради¸ ўзи гаплашган гинекологларнинг унга қарши эканини айтади.

Озодликка шахси маълум бўлмаган бу оналар ўз группадошларини қизларининг ОПВга қарши вакцина билан эмланишига рухсат бермасликка чақиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияси

Жорий йил баҳорида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари (ҳозир Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси) Элмира Боситхонова ҳукумат АҚШдан 7 млн долларга папиллома вирусига қарши янги вакцина сотиб олингани ва барча вояга етмаган қизларни бепул эмлашини билдирган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 1660 нафар аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Мамлакатимизда йилига ўртача 585 киши мазкур касаллик туфайли вафот этмоқда. Яъни ҳар куни деярли икки киши. Ушбу касалликни одам папилломаси вируси келтириб чиқаради”¸ деган эди Элмира Боситхонова жорий йил март ойида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари маҳаллий матбуот¸ миллий телеканаллар орқали ОПВга қарши вакцинанинг узоқ муддатли негатив таъсирига оид хавотирларни тарқатишга уриниб келмоқда.

Хусусан¸ вазирлик баëнотига кўра¸ 2010 йилда бир нечта вилоятда 8 минг нафар қиз шу вакцина билан эмланган ва эмлашнинг ҳеч қандай ножўя таъсири ёки асорати кузатилмаган.

Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш мутлақо хавфсиз, бу вакцина инсон саломатлигига зарар етказмайди, халқаро ташкилотларнинг ижобий хулосалари бор. Бу вакцина бепуштликни келтириб чиқариши, аутизмга олиб келиши ҳақида тарқалаётган ҳар хил гап-сўзлар асоссиз, нотўғри маълумотлардир”¸ деди шу кунларда яна бир бор тарқаëтган ваҳималарни аритишга уринган вазирлик Санитария-эпидемиология бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова маҳаллий матбуотда қилган чиқишида.

Расмий хабарларга кўра¸ октябрь давомида 9 ёшдаги 400 минг нафар қиз ОПВга қарши эмланади¸ 2020 йилдан эса¸ 14 ёшгача бўлган қизларни ҳам бепул эмлаш бошланади. 14 ёшдан катта бўлган қизлар ва аёллар тўлов эвазига ушбу вакцина билан эмланиши мумкин.

Ҳозирча “бепул” қилинадиган бу вакцинани қайси ширкат¸ қайси нарх ва имтиëзлар билан Ўзбекистонга олиб киргани ва уни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган миллий иммунизация жадвалига киритгани ҳақидаги маълумот Озодлик ихтиëрида йўқ.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида¸ Телеграм каналида ОПВга қарши вакцина кенг тарғиб қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида¸ Телеграм каналида ОПВга қарши вакцина кенг тарғиб қилинди.

Ўтган ой Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз расмий сайти¸ қолаверса¸ Telegram каналида бу вакцинани кенг реклама қилган эди. Шаҳар ҳокими¸ Ўзбекистондаги энг йирик бизнес структуралари эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев мамлакатдаги энг катта кўп тармоқли Akfa Medline хусусий тиббиëт тизими мулкдори ҳамдир.

Озодлик бюджет маблағига ОПВга қарши вакцинани олиб кириш ва тарқатиш жараëнига бу ширкатнинг алоқаси борлигини тасдиқловчи ҳужжатга ҳозирча эга эмас.

“Эмоционал террор” марказига тушган вакцина

Нафақат Ўзбекистон¸ балки глобал миқëсда ҳам бачадон бўйни саратони кўкрак бези саратонидан кейинги энг кенг тарқалган ўсма хасталиги ҳисобланади. Бу саратон туғиш ëшидаги аёллар ўртасида ўлимга олиб келувчи иккинчи асосий сабаб саналади.

Асосан жинсий алоқа воситасида юқувчи одам папилломаси вирусига қарши глобал миқëсда энг кўп қўлланилаëтган Gardasil вакцинасини АҚШнинг Merck & Co. Фармацевтика конгломерати ишлаб чиқаради. АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика агентлиги бу вакцинанинг 9-14 ëшдаги қиз ва ўғил болаларга эмланишига 2006 йилда расман рухсат берган.

ОПВга қарши кенг тарқалган Cervarix вакцинасини эса Буюк Британиянинг GlaxoSmithKline фармацевтика компанияси ишлаб чиқаради.

Бу вакцина нафақат Ўзбекистон¸ балки қолган дунëда ҳам энг кескин қаршилик ва мунозарага учраëтган вакциналардан бири бўлиб қолмоқда.

Масалан¸ 2009 йили бу вакцинага рухсат бериб¸ 2013 йилда уни миллий иммунизация дастурига киритган Япония ҳукумати унинг ножўя таъсири ҳақидаги шикоятлар ниҳоятда кўпайгани ортидан вакцинани ўша йилиëқ миллий дастурдан чиқариб ташлаган эди. 2013 йили япон ўсмирларининг 70 фоизи бу вакцина билан эмланган бўлса¸ 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 1 фоизга тушган. Япония ҳукумати бу вакцинанинг яқин ва узоқ муддатли зиëни ҳақидаги хавотирларни ўрганиб чиқишга қаратилган илмий тадқиқотни молиялаштирган – ҳозирча тадқиқот хулосаси эълон қилинганича йўқ.

Айни шунингдек¸ мактабларда ўспирин қиз ва ўғил болаларни ОПВга қарши вакцина билан бепул эмлатишни йўлга қўйган Ирландияда ҳам¸ бу вакцина атрофида бораëтган кескин мунозаралар ортидан эмланаëтганлар сони 50 фозига қисқарган.

Бу вакцинани инсон ҳаëтини сақлаб қолишга хизмат қилувчи илмий кашфиëт деб тақдим этаëтган айрим олимлар¸ унга қарши кампанияни “эмоционал террор” деб атаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра¸ ОПВ га қарши вакцина 100 дан ошиқ давлат тегишли тизимлари томонидан хавфсиз деб топилган ва унинг ишлатилишига рухсат берилган¸ 74 давлатда эса¸ бу вакцина миллий эмлаш жадвалига киритилган.

Шарҳларни кўринг (1)

XS
SM
MD
LG