Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:47

Шўрчилик аёл: Ўқувчи ўғлимни дор тагидан қутқариб олдим


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Сурхондарёнинг Шўрчи туманида яшовчи Насиба Искандарованинг иддаосига кўра, 11-синфда ўқийдиган ўғли "ўқитувчиси томонидан калтаклангач", ўз жонига қасд қилишга уринган.

Шўрчи туман прокуратураcи ушбу воқеа бўйича очилган маъмурий ишни судга оширди.

Туман халқ таълими бўлими ўқувчини калтаклашда гумонланаётган ўқитувчига нисбатан ҳайфсан эълон қилди.

Шўрчилик 38 яшар Насиба Искандарованинг 18 март куни Озодликка маълум қилишича, жорий йилнинг 23 февраль куни эрта тонгда 11-синфда ўқийдиган ўғли ўзини осишга ҳаракат қилган пайтда, уни қутқариб қолган.

- Молхонанинг айвонига осган. Шундай фонарик қаратсам, ўғлим ўзини осиб турибди. Худойимга бир айтганим бор экан, уйдан чиқишим билан уни кўриб қолдим. Югуриб бориб оёғидан кўтардим. Иккита ип саккизга ўхшаб турибди, иккинчисига солиб, ўзини осиб қўйибди. Сразу бориб кўтардим, бўйнилари қизарган экан, - дейди Насиба Искандарова.

Насибанинг ўғли ўзини осишга ҳаракат қилганига оид воқеа бўйича маҳалла фаоллари ва мактаб раҳбарлари имзо чеккан далолатнома нусхаси Озодликда мавжуд.

Насиба Искандарованинг иддаосига кўра, ўғли ўша воқеадан бир кун аввал "ўқитувчиларидан бири томонидан калтакланган" ва ўғли бунга чидай олмай ўзини ўлдирмоқчи бўлган:

- Жисмоний тарбиядан дарс берадиган домласи ўғлимни спорт залга олиб кириб, ечиниш хонасига киргизиб, ўғлимни тепалаб уриб кетади. Роса қоринларига тиззалаб уриб, сўкиб, қовуғларига тепган, - дейди Насиба Искандарова.

Озодлик Насиба Искандарованинг ўғли билан ҳам гаплашди. У ўқитувчисининг калтаклагани алам қилгани учун ўзини ўлдиришга ҳаракат қилгани ҳақида гапираркан, бундай деди:

“Мен беайб бўлсам, мени ноҳақ ургани алам қилди. Оғилдан арқонни олиб, оёғимнинг тагига стул қўйиб, ўзимни осдим. Шу пайт ойим келиб қолди. Оёғимдан кўтариб, тушириб олди”.

Ушбу воқеадан сўнг Шўрчи туман халқ таълими бўлими Насиба Искандарованинг ўғлини урганликда айбланаётган ўқитувчига нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўллади.

Озодлик Насиба Искандарованинг ўғлини калтаклаганликда гумонланаётган ўқитувчи билан боғланганида, у ўз ўқувчисини урганлигини инкор қилди.

“Менга ноҳақ хайфсан беришди. Мен уни урмадим, фақат тартибга чақирмоқчи бўлгандим”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз ўқитувчи.

Шўрчи туман прокуратураси томонидан Насиба Искандаровага 6 март куни жўнатилган ҳужжатга кўра, унинг ўғлини калтаклаганликда айбланаётган ўқитувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексининг 52-моддаси яъни “Енгил тан жароҳати етказиш” моддаси бўйича маъмурий жавобгарлик иши очилган.

Ҳозирда ушбу маъмурий иш бўйича суриштирув ҳаракатлари тугаб, иш судга оширилган.

Насиба Искандарованинг Озодликка айтишича, ўғли ўз жонига қасд қилишга уринганидан сўнг уни мактабга жўнатмай қўйган:

"Боламни калтаклаган ўқитувчиси ҳали ҳам мактабда ишлаяпти. У биздан бир оғиз кечирим ҳам сўрамади. Ўғлим уни кўрса, асабийлашиши мумкин. Ўша воқеадан кейин ҳали ҳам ўзига кела олмаяпти".

Мақолани тугатиш арафаси маълум бўлишича, Насиба Искандарованинг ўғли ўша воқеадан сўнг илк бор бугун -18 март куни мактабга борди.

Насиба Искандарова ва унинг ўғлининг Озодликка айтишича, ўша воқеадан сўнг болага ҳеч қандай руҳий кўмак -муолажа кўрсатилмаган.

Озодлик бу борада изоҳ олиш учун мактаб раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ натижа бўлмади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG