Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:44

Термизда синфдошидан ҳомиладор бўлган коллеж ўқувчиси ўзини осди


Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида 17 ёшли коллеж ўқувчиси ҳомиладор экани аниқлангач, уйининг молхонасида осилган ҳолда топилди.

Қизнинг отаси ва қариндошлари Озодлик билан суҳбатда номусидан айрилган қиз иснодга қолишдан қўрқиб, ўз жонига қасд қилганини айтишди.

Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида Ахборот технологиялари коллежининг ўқувчиси бўлган 17 ёшли қиз ўз уйининг молхонасида осилган ҳолда 22 сентябрда топилгани Озодликка бугун маълум бўлди.

Қизнинг исми Озодликка маълум, лекин журналистик аҳлоқ юзасидан таҳририят унинг исмини очиқламайди.

Қизнинг отаси Озодлик билан суҳбатда синфдошидан ҳомиладор бўлган қизи иснодга чидай олмагани ва молхонаси айвонининг тўсинига ўзини осганини айтди.

Отанинг иддаосига кўра, шу йилнинг ёзида қизи Термиз Ахборот технологиялари коллежида ўқийдиган синфдошидан ҳомиладор бўлган, бу ҳолат бутун маҳаллага овоза бўлгач, қиз ўзини осиб қўйган:

- Қорнида икки ойлик боласи бор экан. Иснодга чидай олмади. Бунинг устига ҳалиги йигит ҳам йўқолиб қолди. Мен ўшанда онасига ва аммасига қизни йигитнинг уйига олиб бориб, ташлаб келинглар, деб айтдим. Олиб боришди, лекин унинг қариндошлари бизга қорнида боласи бор қиз керак эмас, деб қайтариб юборишди. Биз яна уларга юбордик, яна қайтаришди. Қизим ўртада тушкунликка тушиб ўзини осди.

Қиз ўзини осишидан олдин, қариндошлари унинг номусига теккан синфдошига никоҳлашни сўраб, маҳалла қўмитаси ва милицияга мурожаат қилган.

Қизнинг отаси маҳалла қўмитаси ҳам, милиция ҳам мурожаатини эътиборсиз қолдирганини, ҳуқуқ-тартибот органлари ариза юзасидан жиноят иши очмаганини айтди:

- “Пешона экан”, дейишди. “Ўзи рози бўлган экан, йигит мажбурламаган экан”, дейишди. Хуллас, масалага жиддий қарашмади. Агар қизимни шу боланинг ота-онаси билан келишиб бирлаштиришса, ҳеч бўлмаганда ҳомиладор бўлган даврда йигит ёнида турганида бунақа фожиа бўлмасди, - деди марҳуманинг отаси.

Озодлик боғланган маҳалла қўмитаси фаолларидан бири қиз ва йигитни қовуштиришга уринганликлари, лекин йигитнинг ота-онаси кескин қарши бўлгани сабаб улар бунинг уддасидан чиқа олмаганликларини айтди.

- Йигит қизга қўшилишни хоҳлади, лекин ота-онаси қаттиқ туриб олди. Қорнида боласи бор қиз бизнинг хонадонга кирмайди, деб қаршилик қилишди. Ким билибди бунақа бўлишини?! - дейди маҳалла қўмитасининг исми сир қолишини сўраган фаоли.

Озодлик қизни ҳомиладор қилгани гумонланаётган 18 ёшли йигитнинг қариндошлари билан боғланди, лекин улар Озодликка гапиришни исташмади.

Термиз шаҳар Ички ишлар бўлими ходими эса, Озодлик билан суҳбатда, бу ҳолат бўйича суриштирув олиб борилгани, лекин жиноят аломати йўқлиги сабаб иш очилмаганини айтди.

- Мазкур ҳолатда жинсий зўрлаш аломати бўлмагани сабаб жиноят иши қўзғотилмади, - деди мазкур мавзуда жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми сир қолишини сўраган милиция мулозими.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 15-моддасида (Никоҳ ёши) бундай дейилган:

Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.

Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Ўзбекистонда ҳомиладор бўлиб қолган қизларнинг ўзини осгани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Икки йил аввал Самарқандда 17 ёшли қиз 63 ёшли ҳамқишлоғи тарафидан жинсий зўрланиши ва ҳомиладор бўлиб қолиши ортидан ўзини ўзи осиб қўйган эди.

XS
SM
MD
LG