Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2020, Тошкент вақти: 15:06

Қозоғистон президенти Остона саммити ташаббусчиси Шавкат Мирзиëевга миннатдорлик билдирди


15 март куни амалий ташриф билан Остонага келган Ўзбекистон президенти Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Ўзбек президенти матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра¸ Оқўрдада Мирзиëевни қарши олган Назарбоев¸ «ўзбек президенти билан учрашишни соғинганини» айтган:

- Сиз Ўзбекистонда жуда катта ишларни амалга оширaяпсиз ва бу бутун минтақамизга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Кеча Тожикистон, бугун Қирғизистон Президентлари билан гаплашдим. Улар ҳам сизнинг сиёсий иродангиз ва саъй-ҳаракатларингиз халқларимизни хурсанд қилаётганини айтишди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бугунги маслаҳат учрашуви ҳам сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилди. Бу ҳали бошланиши. Афғонистон масаласи бўйича ўтказилаётган конференция ҳам жуда муҳим, – деган Нурсултон Назарбоев ўзбек ҳамкасби билан навбатдаги учрашувида.

Президент матбуот хизмати келтирган иқтибосга кўра¸ Шавкат Мирзиëев ўзи президентликка келгандан бери ўтган даврда икки қўшни ўртасидаги алоқаларнинг жадал ривожланганини таъкидлаган:

- Кейинги бир ярим йил ичида икки дўст, қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги тизимга тушди. 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш 2 миллиард долларга етди. Иқтисодиётимиз, маданий-гуманитар алоқаларимиз янада мустаҳкамланди. Энг катта натижа – одамларнинг кайфияти, – деган Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан Остонада ўтказилаëтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувида Қирғизистон ва Тожикистон президентларининг қатнашиши кутилмоқда. Туркманистон делегациясига мамлакат парламенти раиси Акжа Нурбердиев раҳбарлик қилади.

Минтақа давлатларида байрам қилинадиган Наврўз арафасида ўтаëтган Остона учрашуви¸ айтилишича¸ бир неча мақсадни кўзлайди.

Қирғизистон президенти маъмурияти расмийси Дониëр Сидиқовга кўра¸ саммитда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ўз позицияларини мувофиқлаштириш¸ ўзаро сиëсий мулоқотни мустаҳкамлаш¸ сиëсий-дипломатик¸ савдо-иқтисодий¸ молия-сармоявий¸ транспорт-коммуникация¸ илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари “қатъий протоколсиз” муҳокама қилинади.

Остона саммити ниҳоясида имзоланиши кутилаëтган қўшма баëнотда¸ беш давлатнинг “яқин минтақавий ҳамкорлик¸ бир-бирини қўллаб-қувватлаш¸минтақа хавфсизлиги¸ барқарорлиги ва тараққиëтини таъминлаш мақсадида долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилишга интилиши” акс этади¸ дея билдирди Дониëр Содиқов.

XS
SM
MD
LG