Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:09

Ўзбекистон Туркманистон билан ўзаро стратегик шерик бўлди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимухамедовлар Ашхободдаги “Ўғузхон” саройининг “Салжуқхон” залида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Бу шартнома 2018 йилдан 2020 йилгача бўлган иқтисодий ҳамкорликни кўзда тутади.

Ашхободдаги Озодлик мухбирига кўра¸ ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги темир йўл транспортини ривожлантириш борасидаги қўшма меморандум ҳам имзоланган.

Туркманистон темир йўл¸қишлоқ ва сув ҳўжалиги вазирлиги¸ “Туркманкимë” давлат концерни билан ҳам икки томонлама шартномалар “Ўғузхон” саройида имзоланди, деб хабар қилди Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири.

Унга кўра, Туркманистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Тошовуз ва Лебаб вилояти билан Ўзбекистоннинг Хоразм ва Бухоро вилоятлари ўртасида ҳам савдо-иқтисодий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик борасида келишув имзоланган.

Юзма-юз таржимонсиз мулоқот

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга ташрифи доирасида Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимухамедов 2 соат давомида юзма-юз сўзлашувлар ўтказди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон делегацияси таркибида бўлган журналист маълум қилди.

Журналист 5 йил ТошМИнинг Стоматология факультетида таҳсил олган Гурбангули Бердимухамедов ўзбек тилини билишига ишора қилди.

Ашхободдаги Озодлик мухбирига кўра¸ Бердимуҳаммедовнинг Ўзбекистонга симпатияси Туркманистоннинг биринчи президенти марҳум Ниëзовникидан анча катта.

Унинг фикрича¸ Бердимуҳаммедов ва Мирзиëевлар раҳбарлик қилаëтган даврда ўзбек –туркман муносабатлари ижобий йўналиш касб қилган:

- Туркманистондан Ўзбекистонга бориб қолганларга Ўзбекистон ватандошлигини бериш масаласи¸ чегара ëнидаги Хоразм¸ Қашқадарë ва Бухоро вилоятлари аҳолиси учун уч кунлик визасиз кириш-чиқишга изн бериш каби ижобий ҳолатлар бор¸ дея таъкидлаган журналист ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Совет режими тарафидан Туркманистондан Ўзбекистоннинг Сирдарë вилоятига қулоқ сифатида сургун қилинган туркманларга имтиëз берилиш масаласи ҳам ташриф доирасида ечимини топишидан умид қилди.

Аввал иқтисод¸ кейин ҳам иқтисод

Ўзбекистонлик собиқ мулозим¸ кўп маротаба давлат делегациялари таркибида Туркманистонга борган Анвармирзо Ҳусаиновга кўра¸ икки давлат ўртасида бугунги кунда асосан иқтисодий масалалар устивор.

- Денгизга чиқиш йўли Туркманистон орқали ўтади. Бундан ташқари Туркманистон улкан нефт ва газ заҳираларига эга энг яқин қўшни мамлакат. Айни пайтда Туркманистон ўзбек маҳсулотлари учун потенциал бозордир. Ўзбек автомобиллари¸ минерал ўғитларини Туркманистонга сотиш суръатини кўпайтириш керак. Шу кунгага ўзбек қурувчилари ҳар-хил йўллар билан Туркманистон қурилишларида ишлаб келди. Буни меҳнат вазирлиги қонуний ўзанга солиши лозим. Минтақада иккита реал иқтисодий қудрат соҳиби бор. Булар Қозоғистон ва Туркманистондир. Шу маънода Туркманистон билан иқтисодий муносабатдан фақат ютамиз¸ дейди собиқ мулозим.

Туркманистондаги Озодлик мухбири Оманмурод Бугаев эса кейинги 25 йил ичида Туркманистон иқтисоди Ўзбекистонсиз ривожланиш релсларига қўйилганини айтади.

- Шу кунларда Ўзбекистоннинг Туркманистонга яқин Питнак шаҳрида ишлаб чиқарилган 700 та Orlando автомобили Тошовуздаги автомобил салонларига олиб келинди. Бу яхши¸ аммо икки давлат иқтисодий кўрсаткичларини белгилайдиган ҳолат эмас. Туркманистонда мана бир йилдирки “Бир одамга бир машина” деган чеклов жорий қилинган. Дубай орқали Туркманистонга келган автомобиллар билан бозор тўла. Яъни ўзбек автомобилига катта эҳтиëж йўқ. Сабзавотлар эса Эрондан келади. Шу боис иқтисодий алоқалар истиқболи бир оз мавҳум, дейди сиёсий таҳлилчи Оманмурод Бугаев.

Арғумоқлар бордир бу элда

Куннинг иккинчи ярмида президентлар Ашхобод яқинидаги Аҳал-така от заводини бориб кўришди.

Бу ерда Мирзиёев шарафига отлар кўргазмаси ва чавандозлар чиқишлари намойиш этилди. Ўзбекистон делегацияси таркибида бўлган журналистнинг айтишича¸ Мирзиëев Аҳал-така отлар наслидан бўлган Қорабайир отларга қизиқиш билдирган. Истиқболда Туркманистондаги от заводи тажрибасининг Ўзбекистонда қўлланилишига Шавкат Мирзиëев қизиқиш билдирди, дейди суҳбатдош.

7 март куни Мирзиёев ва Бердимуҳаммедов Лебаб вилоятига боради.

Бу ерда улар Туркманобод-Фароб темир йўл ва автомобил кўприги очилишида иштирок этади.

XS
SM
MD
LG