Ўзбекистон хабарлари
ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бу йил 20 июндан бошланади

2022/2023 ўқув йили учун Ўзбекистон олий таълим муассасаларига абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиш жараёни жорий йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар бўлиб ўтади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирлик абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтишни ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали орқали амалга оширишлари мумкинлигини билдирган.
Айни пайтда чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишларига онлайн рўйхатдан ўтиш 10 июлигача амалга оширилиши қайд этилган.
2022/2023 ўқув йили учун тасдиқланган қабул квоталарига (умумий квота 121 395 нафар) мувофиқ, жорий ўқув йилида ОТМларнинг бакалавриат бўлимларига 110 707 нафар, магистратурага 10 688 нафар талаба қабул қилинади.
Кун янгиликлари
Uzbekistan Airways уч йиллик танаффус ортидан Урумчига рейслар тикланаётганини очиқлади

Uzbekistan Airways авиаширкати жорий йилнинг 30 июнидан Тошкент билан Урумчи шаҳри ўртасидаги мунтазам ҳаво қатновини тиклайди. Бу ҳақда авиаширкат матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, Тошкент — Урумчи — Тошкент қатнови ҳафтанинг жума ва шанба кунлари амалга оширилади.
Хабарномада чипта нархи Тошкент — Урумчи йўналиши бўйича 2 миллион 738 минг сўмдан, Тошкент — Урумчи — Тошкент йўналиши бўйича эса 4 миллион 867 минг сўмдан бошланиши билдирилган.
Шинжондаги Урумчи шаҳрига Ўзбекистондан парвозлар коронавирус пандемияси туфайли 2020 йил март ойидан тўхтатилган эди.
Фарғонада номаълум шахслар қонунга хилоф равишда 12 туп дарахтни қўпориб ташлашди

Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани “Андархон” чегара маскани яқинида номаълум шахслар томонидан 12 туп дарахтни илдизи билан қўпориб ташланган.
Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш чоғида 3 туп тол ва 9 туп арча дарахти қўпорилгани, натижада ўсимлик дунёсига қарийб 100 миллион сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган.
“Ҳозирда ҳуқуқбузарлар шахсига ойдинлик киритиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим этилди”, дейилган бошқарма хабарномасида чегара маскани яқинидаги дарахтларга махсус техника ёрдамида қирон келтирган бу ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланган-аниқланмагани айтилган эмас.
Ўзбекистон президенти томонидан 2021 йил 31 декабрь куни имзоланган фармонга мувофиқ, мамлакатда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган. Дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш ҳам тақиқланган.
Расман: АҚШнинг Air Products ширкати Ғузордаги заводга 1 миллиард доллар сармоя киритади

АҚШнинг Air Products ширкати Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги табиий газни қайта ишлаш заводини ривожлантириш учун 1 миллиард доллар сармоя киритади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Расман билдиришича, “Ўзбекнефтгаз” ва Air Products ўртасидаги инвестиция шартномаси 25 май куни Тошкентда имзоланган. Ғузордаги завод 2021 йилда очилганини ва Uzbekistan GTL таркибига киради.
Вазирлик расмий сайтидаги хабарда таъкидланишича, Air Products президенти ва бош директори Сейфи Гасем шартномани имзолаш маросимида: "Бу келишув юқори сифатли арзон ёқилғи ишлаб чиқариш ва ўсиб бораётган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш имконини беради. Биз ушбу узоқ муддатли ва барқарор шерикликни ривожланишини кутмоқдамиз, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик имкониятларидан мамнунмиз”, -деб айтган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 21 октябрда жиззахликлар билан учрашувда Ғузорда 3,6 миллиард долларга табиий газни суюқ ёнилғига айлантирадиган завод қуриб битказилгани, бироқ уни ишга туширишга шошилмаётгани тўғрисида баёнот берган эди.
Озодлик радиоси ўшанда президент “дунёдаги бешта заводдан бири” деб атаган бу корхона газ йўқлиги туфайли ишга туширилмагани тўғрисида ёзган эди. Бу завод 2021 йилнинг 25 декабридагина тишга туширилди.
Мазкур заводда 2022 йилнинг 18 июнь куни чиққан ёнғинда корхонанинг икки нафар ходими оғир куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилганди.
Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова вафот этди

“Ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди”, деб билдирди Маданият ва туризм вазирлиги 26 майга ўтар кечаси.
1946 йил 25 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган Қизлархон Дўстмуҳаммедова 1965 йилда Тошкент давлат университетини, 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тамомлаган.
Вазирликнинг таъзияномасида билдирилишича, у меҳнат фаолиятини 1965 йилда Ўзбек давлат филармониясида балет солисти сифатида бошлаган. У раққоса сифатида 1989 йилгача фаолият олиб борган.
1989−1991 йилларда “Ўзбекистон” театр-студияси солисти, 1991−1995 йилларда Тошкент давлат маданият институтида ўқитувчи, 1999−2005 йилларда халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасининг бош бадиий раҳбари сифатида ишлаган.
Қизлархон Дўстмуҳамедова “Гўзал”, “Тонг маликаси”, “Гўзал тонг”, “Интизор”, “Бухоро юлдузи”, “Севги таронаси”, “Нозли”, “Муножот”, “Танавор”, “Мўғулчаи сегоҳ”, “Қоракўзим”, “Гулузорим”, “Савти мискин” каби мумтоз рақслари билан халқ орасида машҳур бўлган эди.
1985 йилда Қизлархон Дўстмуҳаммедова ижодига бағишланган “Нафосат гулдастаси” фильми суратга олинган.
Шавкат Мирзиёев Олий Евросиё иқтисодий кенгашида видеоалоқа орқали иштирок этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни Олий Евросиё иқтисодий кенгашида видеоалоқа орқали иштирок этди, деб хабар берди президент матбуот хизмати. Ўзбекистон бу ташкилотда 2020 йилдан бери кузатувчи мақомида иштирок этмоқда.
Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтган йиғилишда ташкилотга аъзо Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон президентлари, Арманистон бош вазири ва кузатувчи мақомига эга Куба президенти ҳам қатнашди.
Йиғилишга ташкилотга аъзо бўлмаган Озарбайжон ва Тожикистон раҳбарлари ҳам таклиф қилинди.
Президент Мирзиёев ўз нутқида 2022 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайганини таъкидлади.
Сўзида давом этар экан, Мирзиёев: “Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда”, – деб таъкидлаган.
Мирзиёев фикрича, ЕОИИ давлатлари ўртасида савдо айланмаси ҳажмини тубдан ошириш учун савдо тартибларини соддалаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим қабул қилиниши лозим.
Мирзиёев Ўзбекистон кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кўп томонлама дастурларда ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятида иштирок этишдан манфаатдор экани билдирилди.
Шунингдек, Мирзиёев ЕОИИга аъзо давлатларни “Ўзбекистон – Афғонистон - Покистон” темир йўли қурилиши лойиҳасига қўшилишга таклиф этди.
Хоразмда онасини дўппослаб ўлдирган шахс 8 йилга қамалди

Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида онасини дўппослаб ўлдирган шахс 8 йилга қамалгани тўғрисида 25 май куни Ички ишлар вазирлигирасмий сайтида маълум қилинди.
Хабарда айтилишича, Тупроққальа туманида яшовчи Ғ. Латип спиртли ичимликлар ичишга муккасидан кетган. Онаси унинг бу ишидан норози бўлиб келган. У яна маст бўлиб уйига келганида онаси унга ҳар доимгидай норозилигини билдирган. Бундан ғазабланган Латип онасини ҳақоратлайди.
Шундан сўнг у онасини аёвсиз калтаклай бошлайди. Онаси ундан қочмоқчи бўлади. Аммо Латип уни ушлаб олиб, тепкилайди. Онаси хушидан кетиб йиқилгач, Латип ўз ётоқхонасига кириб кетади.
Эрталаб Латипнинг тоғаси опасидан хабар олгани келади ва унинг қонга беланиб ётганини кўради. Тез орада етиб келган “Тез ёрдам” она уч-тўрт соат аввал вафот этганини аниқлайди.
“Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди Латипнинг мастлик ҳолатида одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятни содир қилганлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили томонидан даъво йўқлигини ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, уни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди”, - дейилади хабарда.
Тошкентда яна “Тавҳид ва жиҳод катибаси” аъзолари ушлангани хабар қилинди

Тошкент ИИББнинг 25 май куни хабар беришича, 20 май куни пойтахтда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” гуруҳининг 8 нафар аъзоси қўлга олинди.
Расман билдирилишича, улар Суриядаги “террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишини режалаштирган”. Бундан ташқари ушланганлар “террорчилик ташкилоти етакчилари билан интернет тармоғи ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа ўрнатиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келганлар”.
Тошкентда сўнгги йилларда “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг кўплаб аъзолари қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг январида Тошкент ИИББ пойтахтда “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг бирданига ўттиз аъзоси қўлга олинганини иддао қилган.
Шу билан бир қаторда Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 24 май куни эълон қилган ҳисоботида диний эркинликлар бўйича ваъдаларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари диндорлар ҳуқуқини чеклашда давом этаётганини таъкидлаган.
HRW вакиллари Ўзбекистонда мусулмонлар экстремизмга оид гумонлар билан таъқиб этилаётгани баробарида собиқ диний маҳкумлар устидан маъмурий назорат ўрнатилгани, соқол, диний либос ва шу кабилар бўйича чекловлар давом этаётгани ҳамда экстремизмда гумонланиб қўлга олинган диндорларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва қийноқ қўлланилаётганига оид иддаоларни тилга олишган.
HRW ўзбек расмийлари диний эркинликларга оид ваъдаларини бажармаётганини урғулади

Диний эркинликлар бўйича ваъдаларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари диндорлар ҳуқуқини чеклашда давом этмоқда. Бу ҳақда Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 24 май куни ёйинланган ҳисоботида айтилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакатда диний жамоатларни рўйхатга олишда тўсиқлар яратилган, расмийлар эса мусулмонлар дохил диний фаолларни экстремизм гумони билан таъқиб қилишяпти.
“Президент Шавкат Мирзиёев дастлабки босқичда Ўзбекистонда кўпроқ диний эркинлик беришга қаратилган ислоҳотлар ташаббускори ўлароқ олқишланганди, бироқ бугунги кунда биз жиддий қонунбузарликларнинг жазосиз қолаётгани унинг обрўсига путур етказаётганини кузатяпмиз”, деган HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман.
Ҳуқуқ фаоли ўзбек расмийлари аввалда бўлгани каби диний тушунчаларнинг қонунга мувофиқ равишда ифода этилишини “экстремизм кўриниши” деб ҳисоблаётгани, тинч диний жамоатлар ва алоҳида шахслар эса бунинг бадалини тўлаётганини таъкидлаган.
Ҳисобот муаллифлари мусулмонларни ёппасига ҳибсга олиш сингари Ислом Каримов президентлиги пайтида одатий бўлган амалиётга Шавкат Мирзиёев даврида чек қўйилгани, тинч диний фаолияти ёки тушунчалари учун судланган юзлаб диндор озод қилинганини эътироф этишган, бироқ кейинги пайтларда расмийларнинг диний эркинлик ваъдаларидан чекинаётгани, диний жамоатлар ва одамларнинг фаолиятини хавф ўлароқ кўриб, ҳаддан зиёд чекловлар жорий этаётганларига эътибор қаратишган.
Бунга далил ўлароқ ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда диний арбоблар ва оддий диндорларга бўлаётган босимлар бўйича қатор фактларни келтиришган. Ижтимоий тармоқлар орқали диний қўшиқ (нашид) йўллагани учун бир неча кишининг озодликдан маҳрум қилингани шулар жумласидандир.
Ҳисоботда диний фаоллар билан ўтказилган суҳбатларга таянган ҳолда мамлакатда “дин давлатдан ажратилган”ига қарамай, ҳукумат амалдорлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита воситасида диний фаолиятни назорат қилаётгани урғуланган.
HRW вакиллари Ўзбекистонда мусулмонлар экстремизмга оид гумонлар билан таъқиб этилаётгани баробарида собиқ диний маҳкумлар устидан маъмурий назорат ўрнатилгани, соқол, диний либос ва шу кабилар бўйича чекловлар давом этаётгани ҳамда экстремизмда гумонланиб қўлга олинган диндорларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва қийноқ қўлланилаётганига оид иддаоларни тилга олишган.
Ҳисобот Ҳюман Райтс Вотч вакиллари томонидан 2021 йил ноябридан 2022 йил августигача масофадан туриб олиб борилган суҳбатлар ҳамда жорий йилнинг март ойида Тошкент ва Фарғона вилоятларида 20 дан зиёд ҳуқуқ фаоли, блогер, адвокат ва жабрланувчилар билан ўтказилган интервьюларга асосланган.
HRW ўз ҳисоботида халқаро ҳамкорлар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси бўлган Ўзбекистонни диний эркинликларга риоя қилишга чақириши кераклигини қайд этган.
Тошкентга Uzbekistan Airways рейси билан келган Сингапур президенти Самарқандга Afrosiyob поездида борди

Ўзбекистонга уч кунлик давлат ташрифи билан келган Сингапур президенти Ҳалима Яқуб 25 май куни Afrosiyob тезюрар поездида Самарқандга келди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамроҳлик қилмоқда.
23 май куни Тошкентга келган Ҳалима Яқуб 24 май куни президент Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказган ва икки давлат бизнес-форуми очилишида иштирок этган.
Сингапур президенти Тошкентга келишдан олдин Астанага борган эди. У Астанадан Тошкентга Uzbekistan Airways ширкатининг мунтазам рейси билан учиб келган. Бу воқеа ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.
Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк халқаро ҳакам Аида Ҳасанова пластик операциядан вафот этди

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк халқаро ҳакам, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками Аида Ҳасанова 23 май куни 39 ёшида вафот этгани тўғрисида республика Қиличбозлик федерацияси маълум қилди.
Бош прокуратуранинг билдиришича, Аида Ҳасанова 23 май куни Тошкентдаги хусусий клиникалардан бирида ўтказилган пластик операциядан сўнг вафот этган. Операциядан сўнг унинг аҳволи оғирлашган. Шундан сўнг у бошқа шифохонага кўчирилган ва ўша ерда 23 май куни кечқурун кўз юмган.
Хабарларда айтилишича, ўлим сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг билдиришича, Аида Ҳасанова дунёнинг қиличбозлик бўйича бешта энг кучли ҳакамларидан бири бўлган.
1983 йилда Тошкентда туғилган спорт устаси Аида Ҳасанова бир неча маротаба Ўзбекистон чемпионлигини, 2001−2006 йилларда эса Марказий Осиё чемпионлигини қўлга киритган. Британияда 2005 йилда ўтказилган қиличбозлик бўйича халқаро турнирда олтин медалга сазовор бўлган.
2019 йилдаги Токио олимпиадасида у Осиёдаги ягона аёл қиличбоз ҳакам сифатида иштирок этган.
Бундан аввал 5 март куни Mittivine лойиҳаси асосчиси бўлган таниқли блогер Фарҳод Маннопов ҳам пластик операция ортидан вафот этган эди. Текширувлар натижасида уни операция қилган врачлар етарли малака ва билимга эга бўлмагани аниқланган.
Тошкентда мой чиқиндилари резервуарида ёнғин юз берди

Тошкент шаҳар Бектемир туманида 25 май куни соат 02:30 да мой чиқиндилари резервуарида ёнғин юз берди, деб маълум қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Хабарда айтилишича, “Миришкор” маҳалласидаги Чирчиқ бўйи кўчасида жойлашган мазкур резервуар тадбиркорлардан бирига тегишли бўлган. Ёнғин чиқинди мой маҳсулотини қайта ишлаш вақтида сиғимнинг ёрилиб кетиши натижасида юзага келган.
Ёнғин ҳудудига саккизта ўт ўчириш экипажи етиб борган ва олов соат 03:16 да ўчирилган. “Ёнғин оқибатида 150 квадрат метр майдонда чиқинди мой маҳсулотлари ёнган. Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ”, дейилади хабарда.
Ўзбекистонда май ойида қатор йирик ёнғинлар юз берди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 9 майда Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги аҳолига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин ва портлаш бўлганини билдирган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисада бир киши тан жароҳати олган. Газ заправкасида бўлган 3 та “ИСУЗУ” русумли автомашина ва уларда сиғими 50 литрли суюлтирилган углеводород газлари бўлган баллонлар ёниб кетган.
11 май куни эса Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлган эди.
Америкалик “рок-н-ролл қироличаси” Тина Тёрнер вафот этди

Машҳур қўшиқчи Тина Тёрнер 83 ёшида Швейцарияда вафот этди. Бу ҳақда унинг вакили Sky News телеканалига маълум қилди. Тёрнер 1960-1980 йиллардаги энг машҳур қўшиқчилардан бири бўлган. Уни “рок-н-ролл қироличаси” деб аташар эди.
Тина Тёрнер АҚШда 1939 йилда туғилган. Унинг ҳақиқий исми Анна Мэй Буллок. Тёрнер саккиз марта “Грэмми” мукофотини олган. Бундан ташқари икки марта Amеrican Music Awards ва бир марта MTV Video Music Awards мукофотларига сазовор бўлган.
Тёрнер қўшиқчиликдан ташқари раққоса ва актриса сифатида ҳам танилган. 1986 йилда Ҳолливуднинг Шараф ҳиёбонида унга бағишланган юлдуз пайдо бўлган.
Қўқонда толибалар ётоқхонасига камера ўрнатилишига бош қўшган институт ходимлари жаримага тортилди

Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида толибалар хонасига яширин камера ўрнатилиши бўйича мазкур ОТМнинг бир неча масъули жаримага тортилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумот тарқатди.
Хабарномага мувофиқ, Қўқон шаҳар судининг 5 майдаги қарори билан мазкур институтнинг биринчи проректори О. Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-1-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ҳамда унга нисбатан БҲМнинг ўн беш баравари миқдорида (4 миллион 500 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.
Суд қарори билан юқоридаги қайд этилган модда бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган таълим технологиялари маркази ходимлари А. М., Б. О. ва бўлим бошлиғи Р. М.нинг ҳар бирига БҲМнинг ўн баравари миқдорида (3 миллион сўмдан) жарима солинган.
Қўқондаги педагогика институтида ўқийдиган талаба қизлар ётоқхонасидаги хоналардан бирига яширин видеокузатув камераси ўрнатилгани ва бу толибаларнинг эътирозига сабаб бўлгани ҳақида Озодлик апрель ойи бошида хабар қилган эди.
Мазкур ҳодиса жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги пединститутда бу ишга бевосита масъул бўлган проректор дохил тўрт нафар ходим ишдан бўшатилганини эълон қилган.
Грузиянинг TBC Bank гуруҳи Ўзбекистоннинг Payme тўлов тизимини сотиб олди

Грузиядаги TBC Bank Group Ўзбекистонда Inspired МЧЖ томонидан асос солинган Payme тўлов хизматининг 100 фоизлик эгаси айланди. Бу ҳақда TBC Bank Group расмий сайтида 23 май куни маълум қилиниди.
TBC Bank Group Paymeнинг 49 фоиз акциясини 55,7 миллион долларга сотиб олди. Банк 2019 йилнинг апрелидан Payme тўлов тизимининг 51 фоизга эгалик қила бошлаган эди. Ўшанда банк акцияларни 5,5 миллион долларга сотиб олгани билдирилган. Шундай қилиб банк Paymeнинг юз фоизлик эгасига айланди.
Расман билдирилишича, Payme капиталлашуви ҳозирда 113,6 миллион долларга баҳоланди. 2019 йилда эса унинг қиймати 10,8 миллион доллар бўлган.
TBC Bank Group билдирувида қайд этилишича, 2022 йилда Payme даромади 2022 йилда 17, миллион долларни, унинг мижозлари сони, 2023 йил апрель ҳолатига кўра, 3,1 миллион кишини ташкил қилган.
"Газета уз"нинг билдиришича, 2011 йилда ташкил этилган Paymeнинг 49 фоиз улушига бунга қадар Абдулазиз Абдулаҳадов (15 фоиз), Сарвар Рўзматов (15 фоиз), Фаррух Зияев (7,5 фоиз) ва яна икки жисмоний шахс (11,5 фоиз) эгалик қилиб келган.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев Россияда 14 йилга қамалди

Москвадаги 2-Ғарбий округ ҳарбий суди ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевни 14 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.
“Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг маълум қилишича, суд ҳукмига мувофиқ, Ҳамроев дастлабки 3 йилни қамоқхонада, жазонинг қолган қисмини эса қаттиқ тартибли колонияда ўтказади.
Москвалик журналистлар Баҳром Ҳамроевнинг судга “Сиёсий ёнғин хавфлидир” деб ёзилган плакат билан келганини қайд этишган.
“Сиёсий маҳбуслар сони етарлича. Мусулмонлар кимнинг қаршисида турганини яхши тушуниб олишди. Мусулмонлар Россиянинг душман мамлакат эканини тушунишади ва бунинг исботи кўп. Мен Ўзбекистонда диктатурага йўлиқққан одамларни ҳимоя қилганман. [Россияда] инсон ҳуқуқлари вазияти Хитойдагидан ҳам ёмон. Украинада жанг қилишни истамаган мусулмонлар қатағон қилинади. Расмийлар уларни ички душман ўлароқ кўрсатади”, дея иқтибос келтирган “Сота” нашри судланувчи Баҳром Ҳамроев сўзларидан.
Аввалроқ маҳаллий пабликларда прокурор судда Баҳром Ҳамроев учун 21 йиллик қамоқ жазосини сўрагани ҳақида хабар қилган эди.
“Ёрдам” деб номланган мигрантларни ҳуқуқий ва ижтимоий дастаклаш фонди раҳбари Баҳром Ҳамроев “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг ҳам аъзоси эди.
Ҳуқуқ фаоли ўтган йилнинг февраль ойи охирида Фейсбукдаги постлари туфайли қўлга олинган. Ўшанда “террорчиликни оқлаш” айблови (Россия Жиноят кодексининг 205.2-моддаси) қўйилган Ҳамроевнинг уйида тинтув ўтказилган, кейин эса у “Лефортово” тергов ҳибсхонасига йўлланган.
Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Ҳамроевнинг постларида Россияда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотини дастаклаш унсурларини топган.
Ўтган йилнинг октябрида эса ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан “террористик фаолиятни уюштирганлик” (Россия Жиноят кодексининг 205.5-моддаси) айблови билан яна бир жиноят иши очилган.
Баҳром Ҳамроевнинг ҳамкасблари ҳуқуқ ҳимоячисининг касбий фаолияти туфайли таъқибга учраганини айтиб келишади.
Асли бухоролик, Ўзбекистоннинг мухолифатдаги “Бирлик” халқ ҳаракати аъзоси бўлган Баҳром Ҳамроев 1992 йилда сиёсий таъқиблардан қочиб ватанини тарк этган.
Охирги 25 йил давомида асосан марказий осиёлик муҳожирлар, қочқинлар ва мусулмонлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган юрист Баҳром Ҳамроевга нисбатан Россия ФСБси ва ИИВси томонидан бир неча бор жиноий ва маъмурий ишлар очилган.
Ислом Каримов режимининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Баҳром Ҳамроев Ўзбекистон биринчи президентининг Москвадаги ҳайкали олдида бир неча бор норозилик чиқишлари уюштирган.