Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2019, Тошкент вақти: 09:52

Чинозда тиббиëт ходимлари кўча тозалашга мажбурланмоқда (ВИДЕО)


Тиббиёт бирлашманинг 2-шифохонаси ҳамширалари Озодликка жўнатган видеода ўнлаб оқ халат кийган аёл қўлида кетмон ва супурги билан ажриқ тозалаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон президентининг соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш ҳақидаги қатъий кўрсатмасига қарамай, Тошкент вилояти Чиноз тумани Тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари муттасил тарзда кўча тозалашга мажбурланмоқда.

Тиббиёт бирлашмасининг 2-шифохонаси ҳамширалари Озодликка жўнатган видеода ўнлаб оқ халат кийган аёл қўлида кетмон ва супурги билан ажриқ тозалаётганини кўриш мумкин.

18 май куни олинган видеода оқ халатдаги яна уч аёл скамейкада ўтириб, хордиқ чиқармоқда.

Ҳамшира ва санитарлар кетмон чопмоқда.
Ҳамшира ва санитарлар кетмон чопмоқда.

​Шифохонанинг Озодлик билан суҳбатда бўлган ҳамширалари скамейкада ўтирган бош ҳамшира Зулфия Тожиева, катта ҳамшира Дилором Холқўзиевалар ўзларини ҳар куни кўча тозалашга мажбурлашини айтди.

- Ҳамма ҳамшира ва санитаркаларни бўлимдаги ишларини ташлатиб, мажбурлаб атрофларни тозалаш ишларини қилдираяпти. Кечки сменадан чиқиб¸ кетмон чопамиз. Ҳоким тозалат¸ деб кетган экан, шунга атрофларни тозалаттиряпти. Ўзлари ҳеч нарса қилмай, скамейкада ўтиришади. Биз кўча тозалаш учун ойлик олмаймизку, - дейди Чиноз тумани Тиббиёт бирлашмасининг исми очиқланмаслигини истаган ҳамшираси.

Озодлик видео юзасидан изоҳ олиш учун Чиноз тумани Тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Зулфия Тожиевага боғланганида¸ Тожиева саволни эшитиши билан гўшакни қўйиб қўйди.

"Ҳоким айтди"

Катта ҳамшира Дилором Холқўзиева шифохона ходимларининг ободонлаштириш ишига туман ҳокимининг топшириғи билан олиб чиқилгани ва ўзи ҳам шифохона ҳудудини ажриқдан тозалашда қатнашганликларини айтди.

Холқўзиева¸ санитар ва техник ходимлар бу тозалашга ўз хоҳишига кўра чиққанини иддао қилди.

- Ҳоким бува келиб ҳамма ёқни тозалатинглар¸ деб кетганидан кейин биз олиб чиққан эдик. Ўзимизча олиб чиққанимиз йўқ, юқори хўжайин бошлиқларимиз айтди, "ўт босиб кетибди", дейишди, олиб чиқдик. Биз катта ҳамширалар ҳам ишладик. Рўзадор эдик, чарчаб икки минутча скамейкада ўтирган эдик¸ кимдир видеога олибди, - дейди Холқўзиева.

Тиббиëт бирлашмасининг исми сир қолишини истаган бошқа ходимлари Озодликка врач ва хамширалар ҳар куни ободонлаштириш ишларига мажбурлаб олиб чиқилиши, оқибатда беморлар қаровсиз қолиб кетаётганини айтди.

- Ҳеч ким беморлар ҳақида ўйламайди. Вақтида уколини қилиш керак, оғир ётган беморлар бор. Ҳоким келиб¸ уни эмас¸ буни қилинглар¸ деса ҳамма шу томонга югуради, - дейди Озодлик суҳбатдошларидан яна бири.

Чинозда тиббиëт ходимлари уларни кўча тозалашга ҳоким мажбурлаганини иддао қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00

Озодлик Тиббиёт бирлашмаси ходимларининг ушбу шикояти юзасидан бирлашма бош врачидан ҳам¸ шифохона ҳудудини тозалашни буюргани айтилаётган Чиноз тумани ҳокимидан ҳам изоҳ ололмади.

Чиноз тумани ҳокими ёрдамчиси Озодлик саволини эшитгач¸ телефонни қўйиб қўйди.

Президент ва давлат сиёсатига хиёнат?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кўча ишларига ўқитувчи ва шифокорлар олиб чиқилишини танқид қилган ва буни тақиқлаган.

2018 йил 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайҳунобод туманида ўтказган селектор мажлисида Мирзиёев ободонлаштириш ишларига ўқитувчи ва шифокорларга кўча супуртириш президент ва давлат сиёсатига ҳиёнат эканини айтиб, буни қилган маҳаллий ҳокимиятлар қаттиқ жазога тортилишини айтганди.

"Сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар қонун олдида жавобгар бўлади. Менга фарқи йўқ, жуда катта хизмат қилган ҳоким бўлса ҳам, у ишдан кетади. Мен буни айтишга мажбурман, чунки бу давом этмоқда,​", - деб айтган эди Мирзиёев.

Президентнинг бу чиқишидан бир ой олдин, 2018 йилнинг 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Еникеева катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетгани оқибатида ҳалок бўлган эди.

Президент бундан хабардор экани ва ўзини айбдор ҳис қилишини айтганди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG