Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:13

Ўзбек армиясини боқишни хусусий ширкатларга топшириш муҳокама қилинмоқда

  • Озодлик

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларни овқатлантиришни пудратчи ташкилотларга топшириш масаласини кўриб чиқмоқда. Вазирлик мулозимининг Озодликка айтишича, ҳарбий бўлимларда озиқ-овқат таъминоти сифатини янада яхшилаш, ҳарбий хизматчиларни янада калорияли овқат билан озиқлантириш ва ошхоналар таомномасини кенгайтириш мақсадида шундай тизим жорий этилади.

Ўзбекистонда ҳарбий қисмлар озиқ-овқат таъминотининг хусусий қўлларга қачондан ўтказилиши ҳозирча маълум эмас.

​30 ноябрь куни Озодлик гаплашган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мулозимига кўра, ҳозирда вазирлик маҳаллий ҳокимликлар билан бу борада маслаҳатлашувлар олиб бормоқда:

- Ҳозир маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ошхоналарни замонавий технологик жиҳозлар, юқори сифатли идиш-товоқлар билан таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, - деди ўзини таништирмаган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мулозими.

Ҳозирги пайтда армияни овқатлантириш Мудофаа вазирлигининг ўз зиммасида. Ҳарбий қисмлардаги ошхоналарда Мудофаа вазирлиги ходимлари бўлган ошпазлар ишлайди, навбатчи аскарлар уларга ёрдамчилик қилади.

- Энди шу ишни яхши биладиган хусусий ширкатлар қилади. Тендерлар асосида пудратчилар танлаб олинади, - деди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мулозими.

Ҳарбий қисмлар озиқ-овқат таъминотининг хусусий қўлларга ўтказиш билан емаклар сифат ошиши мумкин¸ айни пайтда давлат бюджети учун бу қимматга ҳам тушиши мумкин, дейди мавзу юзасидан Озодлик гаплашган айрим кузатувчилар.

Ўтган йили Сурхондарёдаги қисмлардан бирида ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Азамат армиядаги озиқ-овақт таъминотининг яхши эмаслигини айтади:

- Овқатланишдан тортиб яшаш шароитлари ҳам жуда ёмон. Якшанба кунлари бизни сийлаб палов берар эди, гўшти йўқ. Эрталаб ҳар кимга 100 грамм сарёғ бериши керак, шуни ҳам ярмини беради ёки умуман бермайди. Уйдан пул жўнатишади, шу пулга овқат олиб еганмиз, - дейди Азамат.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистон қуролли кучлари сафида 65 минг аскар-зобит хизмат қилади.

Дунë давлатларининг ҳарбий қудрати бўйича Global Firepower ташкилоти ўтган йили эълон этган ҳисоботда Ўзбекистон 106 давлат орасида армияси қудрати бўйича 48-ўринга, пост-совет ўлкалари орасида Россия ва Украинадан кейин учинчи¸ Марказий Осиëда эса биринчи ўринга қўйилган.

Бу рейтинг давлатнинг умум аҳолиси¸ ҳарбий хизматга лаëқатлилар¸ қуруқлик¸ ҳаво ва денгиз кучлари сони¸ улар ихтиëрида мавжуд ҳарбий техника сони¸ ëнилғи ресурслари¸ фуқаролик ва ҳарбий инфратузилма¸ мамлакатнинг молиявий-иқтисодий имконларига қараб тузилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG