Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:41

Б.Абдуллаев: Каримов даврида ушланганимда, МХХ ертўласидан тирик чиқишим даргумон эди


Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда гумон қилиниб, Тошкентда судланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев президент Мирзиёевга очиқ хат билан мурожаат қилди.

Адвокати Сергей Майоров матбуотга етказган мактубда журналист ўзининг қийноққа солингани, иқрорлик кўрсатмалари қийноқлар остида олинганини даъво қилади.

Шунингдек, у муҳожирликда юрган қатор мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаолларига қарши сохта кўрсатмалар беришга мажбурланганини айтади.

Журналист Бобомурод Абдуллаев шу кунларда яна 3 киши - блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар билан бирга Тошкентда судланмоқда.

Судланувчиларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддасида (Конституциявий тузумга тажовуз) назарда тутилган жиноятни содир этиш айби қўйилган.

Шу кунга қадар ҳам Абдуллаевнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган адвокат Сергей Майоров унинг қийноққа солинганини даъво қилган, судда бу даъволар қайта терговга ҳам жўнатилган эди.

29 апрель куни Озодлик таҳририятига тақдим қилинган очиқ мактубида журналист бу даъволарни такрорлаб, президент Мирзиёевга мурожаат қилади.

"Улар (ДХХ - собиқ МХХ ходимлари - таҳр.) мени қийноққа солиб, мендан Муҳаммад Солиҳ, Ихтиёр Абдуллаев, Пўлат Бобожонов, Галима Бухарбаева, Маркус Бенсман, Надежда Атаева, Нигора Хидоятова, Сирожиддин Толипов, Паҳлавон Турғунов, Шуҳрат Бобожонов, Алишер Таксанов, Мўътабар Тожибоева, Улуғбек Хайдаров ва бошқаларга қарши кўрсатмалар олишди... Юқорида исми келтирилганларнинг аксарияти Сизнинг янги сиёсатингиз туфайли Ўзбекистонга қайтишга умид қила бошлаганини эътиборга олса, “Усмон Ҳақназаров” иши орқали МХХ уларни ҳам чув туширишни (келиши биланоқ янги жиноий ишлар бўйича ҳибсга олишни) режалаштирганини пайқаш қийин эмас... ", деб ёзади журналист.

Журналист Б.Абдуллаевнинг президент Мирзиëевга ëзган хати
Журналист Б.Абдуллаевнинг президент Мирзиëевга ëзган хати

Журналист "терговнинг айблови айнан шу кўрсатмалар асосида яратилди, аниқроғи, тўқилди" деб таъкидлайди.

Шунингдек, журналист унга қўйилаётган асосий айблов - "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида ёзилган мақолаларида конституцион тузумни ағдаришга қаратилган чақириқлар билан чиққани ҳақидаги айбловни ҳам тўлиқ инкор қилган.

Журналистнинг даъво қилишича, бу мақолаларга баъзан бошқа муаллифлар томонидан ўзгартишлар киритилган.

"Лекин мен ҳеч қачон Ўзбекистондаги конституцион тузумни ағдаришга чақирмаганман ҳам, бу йўлда бирон бир ҳаракат ҳам қилмаганман, биров билан тил ҳам бириктирмаганман. Мен оммани огоҳлантириб қўйиш мақсадида, халқни талон-тарож қилаётган қароқчиларнинг кирдикорларини фош қилиш мақсадида мақолалар ёзганман холос", деб мурожаат қилади Абдуллаев.

44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев қамалгунига қадар бир қатор мустақил нашрлар, хусусан "Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган, шунингдек, спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган.

Ўтган йилнинг 27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устахонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича бедарак йўқолган Абдуллаевнинг орадан бир кун ўтиб Тошкентдаги Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида экани маълум бўлган.

1 октябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди.

Журналист 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда айбланмоқда.

"Очиғни айтаман: агар мен Ислом Каримов даврида қўлга олинганимда на МХХ ертўласидан на терговдан тирик ёки соғ чиқишим даргумон эди... Муҳтарам Президент! Бугун сиз олиб бораётган эркинлаштириш сиёсати мазлум халқимизнинг эҳтиёжларидан ва шахсан Сизнинг ташаббусингиздан келиб чиққанини бутун дунё кўриб турибди... Юртимизда ташаббусингиз билан шундай эзгу ишлар амалга оширилаётган экан, устимдан қўзғатилган жиноий иш судда одилона кўрилади ва менга нисбатан одил ҳукм чиқарилади, деб умид қиламан", дея президентга мурожаат йўллайди мустақил журналист.

Шу кунга қадар ​12та халқаро ташкилот - ​Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро Пен клуб, Amnesty International ва Human Rights Watch каби ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматидан Бобомурод Абдуллаев, шунингдек, Ҳаёт Насриддинов ва Акром Маликовни озод этишни талаб қилиб келмоқда.

Айни пайтда Бобомурод Абдуллаев ва унинг шериклари сифатида кўрилаётган 3 фуқаро устидан суд Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG