Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2021, Тошкент вақти: 20:55

Ўзбекистонликлар банкдан пулини олиш учун бармоғини кўтариб боради


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мижозларнинг банклардаги омонатлари хавфсизлигини таъминлаш учун уларнинг биометрик маълумотлари, жумладан, бармоқ изларидан фойдаланишни йўлга қўйиш устида ишламоқда.

Бу маълумотни Озодлик Марказий банк мулозимидан олди.

Баъзи банклар, тажриба тариқасида, мижозлардан бармоқ излари олишни 2016 йилда бошлаган эди.

Жорий қилиниши кутилаётган чора

Марказий банк мулозимининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка маълум қилишича, шу кунларда мамлакат молиявий регулятори Ички ишлар вазирлиги билан бу идора ихтиёрида бўлган фуқаролар биометрик маълумотларидан банкларда ҳам фойдаланиш устида сўзлашувлар олиб бормоқда.

Мулозимнинг айтишича, гап мижозларнинг жамғармалари хавфсизлигини таъминлаш устида кетмоқда.

Режалаштирилган чоралар жорий этилгач (қачон жорий этилиши ҳозирча аниқ эмас), мижознинг қўлига шу пайтгача банк томонидан берилиб келган “қоғоз” берилмайди. Банк ходими махсус мослама билан мижознинг бармоғи тасвирини олиб, уни банк базасидаги бармоқ тасвирига қиёслайди ва тасвирлар мос тушгач, мижоз сўраган операцияни амалга оширади.

"Пластик картадан пул ечиш учун бармоқ изи талаб қилинмайди"

Марказий банк мулозими баъзи сайтларнинг пластик картадан пул ечиб олиши учун мижозлардан бармоқ изи топшириш талаб қилинаётганига оид хабарини инкор этди.

Uzmetronom.com сайти “Ўзсаноатқурилишбанк” Тошкент шаҳар Яшнабод туман бўлими бармоқ излари талаб қилинаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

Бироқ бу хабарни тилга олинган банкнинг Озодлик боғланган Андижон ва Ангрен шаҳарларидаги бўлимлари ходимлари ҳам инкор этди.

“Пластик картадан пул ечиш учун бармоқ излари талаб қилишга доир ҳеч қандай кўрсатма йўқ, бинобарин биз ҳам мижозлардан бармоқ изи талаб қилмаяпмиз”, дейишди банк вакиллари.

Тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов, Озодликнинг илтимосига жавобан, тилга олинган банкка бугун бориб, пластик карталардан пул ечиш учун бармоқ излари талаб қилинмаётгани, лекин жамғармалар хавфсизлигини таъминлаш учун мижозлардан, агар улар розилик берса, бармоқ излари олинаётганини аниқлади.

Бармоқ изларини йиғишни баъзи банклар ўтган йили бошлаган

Мижозларнинг банклардаги жамғармалари хавфсизлигини таъминлаш учун бармоқ изларини йиғишни Ўзбекистондаги банклар ўтган йилиёқ тажриба тариқасида бошлаган эди.

Масалан, “Халқбанк” ўзининг расмий сайтида 2016 йилнинг 24 февралида мана бу хабарни ёйинлаган эди:

“Дунёдаги етакчи банклардан улги олиб, депозит операцияларининг хавфсизлигини ошириш мақсадида, банк ўз мижозларига, шахсни аниқлаш тизимини такомиллаштиришга ёрдам беришларини сўраб, мурожаат қилди.

Бармоқ излари мижозга оид бошқа маълумотлар билан биргаликда банкнинг маълумотлар базасида сақланади ва у биометрик технологияларга мутаносиб равишда шахсни таниш учун қўшимча идентификатор бўлади”.

Мижозлардан бармоқ излари олишни “Туронбанк” ҳам бошлаганини bank.uz сайти 2016 йилнинг апрелида хабар қилган эди.

Банкка хавфсизлик, мижозга пул керак...

Кези келганда шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари ўз мижозларининг омонатлари хавфсизлигини таъминлаш учун бармоқ излари олиш устида бош қотираётган бир пайтда, аниқроғи, кейинги йилларда, мижозларни банклар билан ўзаро муносабатлар, улардан жамғармаларини ўз вақтида олиш, пластик карталарга ўтказилган пулни нақдлаштириш каби муаммолар ташвишга солмоқда.

XS
SM
MD
LG