Линклар

“Асака банк” ва бошқалар машина сотиб олиш учун кредит беришни тўхтатди


Асака заводида чиққан автомобиллар аҳоли ўртасида ҳаридоргир

"GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган машиналарни кредитга сотиш билан шуғулланадиган "Асака банк" мулозимининг Озодликка айтишича, Марказий банкнинг оғзаки кўрсатмаси асосида банклар машина учун кредит беришни ўтган ҳафтадан бошлаб тўхтатган.

Озодлик суҳбатлашган “Асака банк”дан ташқари “Капитал банк” расмийлари ҳам ўтган ҳафтадан бошлаб "GM Uzbekistan” заводида ишлаб чиқилган машиналарни сотиб олиш учун кредит линияси тўхтатилганлигини билдиришди.

“Асака банк” мулозимига кўра¸ “фоиз ставкалари ўзгаргани боис, "GM Uzbekistan” машиналарини олувчи ватандошларга кредит ажратиш ўтган ҳафтадан бошлаб тўхтатилган”

“Кредит жаннати” беш кун давом этди

"GM Uzbekistan” ширкати бошқарувига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича¸ ширкат жорий йил июли бошидан Асака автомобил заводи билан ҳамкорликда кредитга автомобил сотиш бўйича янги программани ишга туширган.

Суҳбатдошга кўра¸ маҳаллий автомобилларни озайтирилган фоиздаги кредитга сотиш бўйича янги дастур "GM Uzbekistan” ширкатини жонлантириш йўлида самара келтириши мумкин эди:

“Аммо машина учун кредит бериш фақат беш кун давом этди, холос.. Беш кун ичида бир ярим минг киши "GM Uzbekistan” билан уч тарафлама (ширкат-мижоз-банк) шартнома тузиб кредитга машина ола олди. Яна минглаб одам навбатта турувди. Аммо Марказий банкнинг оғзаки кўрсатмасига кўра¸ банклар машина учун кредит беришни ўтган ҳафта охирида тўхтатди. Бу "GM Uzbekistan” учун катта иқтисодий зарба бўлди. Бутун дунë автосаноати банк кредитлари асосида мижозларга машина сотиб, ривожланади. Ғарбда ҳеч ким дарҳол катта миқдордаги нақд пулни тўламайди. Марказий банкнинг бу иши мамлакат автопромига катта зарар берди¸ дейди мулозим.

Кредитга машина олган бир ярим минг бахтиëр

Озодлик "GM Uzbekistan” учун кредит очиқ бўлган пайтда машина сотиб олган бир ярим минг мижоздан бири билан гаплашди.Тошкентдаги "GM Uzbekistan” автосалонидан “Спарк” автомобили учун банк кредити олган мижознинг айтишича¸ у умумий нарҳнинг 25 фоизини тўлаган ва қолганини ҳар ойда тўлаб туриш шарти билан машина калитини олган.

- Кредитни 3 йилда тўлаш лозим. Йиллик 18 фоиз¸ шуни улушларга бўлиб ҳар ой тўлайман¸- дейди¸ 5 йилга эмас 3 йилга кредит олганидан “бахтиëр” мулозим.

Кредит олишга 11 йил дам берилган эди

"GM Uzbekistan” ширкати бошқарувига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда "GM Uzbekistan” машинасини олмоқчи бўлган мижозларга банклар тарафидан кредит бериш 2006 йилда тўхтатиб қўйилган эди.

- "GM Uzbekistan” машиналарини сотиш борасида муаммога дуч келгани ортидан жорий ойда раҳбарият тавсияси билан банклар кредит бера бошлаганида мижозлар севиниб кетди. Харидорларнинг асосий қисми "GM Uzbekistan" машиналарини кредитга олишни истайди. Бу жуда яхши ёрдам эди, етарли маблағлари йўқ одамлар учун. Аммо бу нарса бор йўғи 5 кун умр кўрди¸ дейди мулозим.

Қонунга зид

Мулозимга кўра¸ Марказий банкнинг машина олиш учун кредит ажратишни банкларга "тавсия қилмагани" Ўзбекистондаги “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга зиддир.

- Бу қонунга мувофиқ, мамлакатда фаолият юритаётган барча тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги филиаллари жисмоний шахсларга автомобил сотиб олиш учун истеъмол кредитлари ажратиши мумкин. Аммо Ўзбекистондаги камида еттита банк мижозларни пул йўқ деб қайтариб юбормоқда¸ дейди мулозим.

Банкларда пул йўқ

Ўзбекистон пул-молия тизимига доир идоралардан бирида ишлайдиган мулозимнинг айтишича¸ кредит беришга банкларниннг қурби етмай қолган:

- Кредит портфелида бу банкларнинг мана шундай кредит ажратишга қурби етмайди. Чунки пул давлатнинг устивор вазифалари учун биринчи навбатда сарфланиши лозим. Истеъмол кредити бугунги кунда давлат олдида турган бирламчи¸ устивор масала эмас. Машина сотиб олиш учун бериладиган кредит истеъмол кредити ҳисобланади. Банклар сал ўзини ўнглаб¸ кредит бериш қурби яхшиланганидан кейин аҳолига яна кредит бериш эҳтимоли бор. Аммо бу эҳтимол бугун-эртанинг гапи эмас¸ дейди мулозим.

Марказий банкнинг ҳам ҳаққи бор

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон Марказий банки¸ тижорат банкларининг кредит сиëсатига аралашиши¸ молиявий қурби заиф бўлган банкларнинг кредит беришига чеклов қўйиши мумкин.

Ўзбекистон пул-молия тизимига доир идоралардан бирида ишлайдиган мулозимнинг таъкидича, “Ўзбекистондаги турли тадбир ва лойиҳаларга кўплаб кредитлар ажратилгани боис банкларнинг молиявий аҳволи ëмонлашган.”

Озодлик Марказий банк билан боғланиб, юзага келган вазиятга доир изоҳ сўради. Бироқ, банк мулозими саволларга жавоб беришни истамади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG