Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2018, Тошкент вақти: 18:04

Гувоҳлар: Бухоро ҳокими мадраса директорини онасидан сўкди, усталарни уриб, соқолини олдирди(ВИДЕО)


Бухородаги Мир Араб мадрасаси хоналаридан бири таъмир пайтида

Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев президент Мирзиёвнинг 16 февралга режалаштирилган Бухоро вилоятига сафари олдидан бино таъмирини тўлиқ тугатолмаган мадраса директорини онасидан ҳақорат қилди, устабошинининг қорнига мушт туширди.

10 февраль куни содир бўлган бу воқеа ҳақда Озодликка хабар берган бир-биридан мустақил манбаларга кўра, устабошининг қаршилигига учраган ҳоким милиция ходимларини чақиртириб 40 нафар устани ички ишлар бошқармасига олиб кетишни буюрган. У ерда ҳақоратланган ва калтакланган усталарнинг соқоли олдирилган.

Гувоҳлар: Бухоро ҳокими мадраса директорини онасидан сўкди, усталарни уриб, соқолини олдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:51 0:00

Ўзбекистон президенти Бухорога 16 февраль куни келди.

Унинг келишидан олдин, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасини президентга кўрсатиш учун уни таъмирлаш ҳақида вилоят ҳокими топшириқ берган.

Мадраса талабалари қурилиш ишларида
Мадраса талабалари қурилиш ишларида

"Ҳоким Бухорода ҳурматли домлани онасидан сўкди"

10 февраль куни мадрасадаги таъмир ишларини кўриш учун шаҳар ҳокими Карим Камолов билан бирга келган Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг мадраса директори Жобир Эловни ҳақорат қилгани, Бахтиёр исмли устабошини ургани ҳақда шу воқеа гувоҳларидан бири Озодликка хабар берди:

“Шанба куни эрталаб вилоят ва шаҳар ҳокими мадрасага кириб келди. Бу пайтда мадрасада талабалар, домлалар ва 40 нафаргача усталар бор эди. Ҳоким Ўктам Барноев таҳоратхона ва ошхона ҳали битмаганини кўрди. Кейин шаҳар ҳокими Карим Жамоловдан нега битмади, деб сўради. У ҳам “мен буларга айтган эдим, булар битиришолмади”, деди. Ваҳоланки шаҳар ҳокими икки-уч кун аввал 100 та уста келтираман деганди, лекин келтирмади, айбни директорга тўнкаб қўйди. Бир пайт вилоят ҳокими қўлини чўнтагидан чиқарди-да Жобир домлага ташланиб, урмоқчи бўлди. Домла ўзини орқага олди. Ўктам Барноев "нега қилмадинг, онангни фалон қилай, сука, жалаб", деб домлани роса ҳақорат қилди. Домла, бошларини қимирлатиб, “қиламиз, қиламиз”, дейишдан нарига ўтолмади. Ҳоким эса “шу пайтгача қилмадинг, энди онангни ...ни қиласанми”, деб яна ҳақорат қилди дейди воқеа гувоҳларидан бири.

"Қўл кўтарманг, хоҳламасам ишламайман!"

Мадраса таъмирида ишлаган, исми сир қолишини сўраган усталардан бирининг айтишича, шундан сўнг вилоят ҳокими устабошига қараб ташланган:

“Устабошимиз Бахтиёр ака 50 ёшлардаги қўли гул ҳунарманд. Шу одамни ҳам ҳоким беҳурмат қилиб сўкди ва қорнига бир мушт туширди. Лекин, яна урмоқчи бўлганида устабоши ҳокимнинг қўлини итариб ташлади ва “қўл кўтарманг менга, мен хоҳламасам ишламайман”, деди. Бу гапдан ҳоким тутоқиб кетди ва дарҳол милицияни чақиртирди”, дейди усталардан бири.

Мадраса таҳоратхонаси
Мадраса таҳоратхонаси

Антиқа жазо: "Соқоли қирилсин!"

Шундан сўнг вилоят ички ишлар бошқармасидан 2 автобусда 10 дан ортиқ милиция ходимлари келиб, 40 нафар устани босиб олиб кетган:

“УВДга олиб бориб икки соат ушлаб туришди, шунақа ҳам ҳақоратлар қилишдики, илон ҳам пўст ташлайди. Йигитларимизни уришди ҳам, "сенларни айбларингни биламиз, тиқиб юборамиз", деб таҳдид қилишди. Ва энг ёмони соқоли бор усталарнинг ҳаммасига бритва бериб соқолини қирдирди. Менинг ҳам соқолимни қирдиришди, ҳеч бўлмаса сув беринглар соқолим қаттиқ десам, ўлмайсан, деб масхара қилишди. Кейин яна ҳаммамизни автобусга босиб, мадрасага қайтариб олиб келишди”, дейди усталардан бири.

Унинг айтишича, улар мадраса директорининг яхши гаплари ва илтимосини инобатга олиб, қаттиқ совуқ бўлса ҳам 12-14 соатдан ишлашган:

“Мадраса таъмири ҳаммомни таъмир қилиш дегани эмас, ҳамма ишни сабр билан ва пухта қилиш керак. Айниқса, бунга устабошимизнинг талаби жуда қаттиқ. Ҳоким эса, тезроқ тугат, мен буни президентга кўрсатишим керак, дейди. Ҳам хизмат қилиб, ҳам ҳақорат эшитиб, ҳам соқолимиздан айрилдик”, дейди уста.

Мир Араб мадрасаси
Мир Араб мадрасаси

"Прокурор ҳоким учун узр сўрагандай бўлди"

Исми сир қолишини истаган мадраса домлаларидан бирининг айтишича, ҳоким олиб кетилган усталар қайтариб олиб келгунча мадрасада бўлган:

“Соқоллари олинган усталарни қайтариб олиб келишганидан сўнг, ҳоким билан начальник милиса кетди, прокурор қолди. У усталарни олдига келиб, ҳокимнинг бу хатти-ҳаракати учун узр сўрагандай бўлди. “Йигитлар, тўғри тушунинглар, ҳоким бир ярим йил бўлди бу ишга тайинланганига, энди шуни ва яна бир-икки нарсани президентга кўрсатмоқчилар. Хафа бўлманглар”, деди прокурор”, дейди мадраса домлаларидан бири.

"Таъмир ишлари харажати мадраса зиммасига юклатилди"

Мадрасани капитал таъмирлаш ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг март ойида Бухорога келганида топшириқ бериб кетган.

Жорий йилнинг февралида президентнинг Бухорога келиши маълум бўлганидан сўнг, вилоят ҳокими таъмирни зудлик билан тугатиш ҳақида топшириқ берган.

Исми сир қолишини сўраган мадраса мулозимларидан бирининг айтишича, таъмир ишлари учун бюджетдан бир сўм ҳам пул ажратилмаган:

“Ўзику бир сўм пул ажратмадилар ҳоким жаноблари. Таъмирда йил давомида 100 нафаргача уста ишлади. Уларнинг иш ҳақи ва қурилиш молларини ҳам ҳоким яна директор Жобир домлага юклаб кетди. Умумий ҳисобда Жобир домла шаҳардаги ҳожи акалардан 800 миллион сўмга яқин қарз ҳам бўлганлар. Умумий кетган пул эса, тахминан 3 миллиард сўмга боради”, дейди мулозим.

Таъмир президент келишига тугатилди

Мадрасада ишлаган усталардан бирининг айтишича, ҳоким 10 февраль куни мадрасага келиб кетганидан сўнг, яна 100 нафар уста юборилган ва мадрасанинг ошхона ва таҳоратхонасидаги таъмир ишлари президентнинг Бухорога келишига қадар якунланган:

"Ўшандан сўнг 24 соатлик иш жорий этилди. Смена билан кечаю кундуз ишладик. Мадраса талабалари ҳам сафарбар этилди. Ҳа бўл, ҳа бўл билан бир амаллаб қолган ишларни тугатдик. Имкони борича ишни сифатли қилишга ҳаракат қилдик. Ўша юз нафар устанинг иш ҳақи ҳам мадраса директори Жобир домланинг зиммасига юкланди. Билмадим, президент бу мадрасани кўргани келадими, йўқми, лекин усталарнинг юрагида ҳокимнинг ҳақоратларидан бир оғриқ олди. Президентга мақтаниш учун бировнинг кўнглини оғритишнинг нима кераги бор, наҳотки ҳоким дегани ҳам шунақа бўлса? Президент "менинг вакилим" дегани наҳотки шундай бўлса?", дейди усталардан бири.

"Ҳоким президент билан юрибди"

Озодлик бу масалага изоҳ олиш учун кун давомида вилоят ҳокими билан боғланишга ҳаракат қилди. Вилоят ҳокими қабулхонасида ўтирган навбатчи мулозим, ҳоким Бухорога келган президент билан бирга юргани сабабли у билан боғланишнинг имкони йўқлигини гапирди.

Вилоят ички ишлар бошқармасининг навбатчиси 10 февраль куни 40 нафар устанинг олиб келингани ва соқоли олингани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Каримов даврида Самарқанд ҳокимлигидан олинган Барноев

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Ўктам Барноевни марҳум президент Ислом Каримов 2008 йилда Самарқанд вилояти ҳокими қилиб тайинлаган эди.

Лекин орадан икки йил ўтиб 2010 йилнинг декабрида Каримовнинг ўзи уни танқид қилиб, ҳокимликдан бўшатган эди.

2016 йилнинг декабрида Шавкат Мирзиёев Ўктам Барноевни яна Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинлаган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG