Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2019, Тошкент вақти: 03:54

Туркиялик келинчакка маҳр қилиб берилган олтин тақинчоқларни божхона мусодара қилди


Иллютратив сурат

Туркияда маҳаллий йигитга шу йил ёзда турмушга чиққан наманганлик 26 яшар келин куёви маҳр сифатида берган тақинчоқларининг ярмини Тошкент аэропортидаги божхона ходимлари мусодара қилганини Озодликка айтиб берди.

Туркиялик келиннинг иддао қилишича, божхона ходими ундан 400 доллар пора талаб қилган.

Келиннинг тақинчоқлари билан боғлиқ кўргиликлари сентябрда бошланиб, ўтган ойда суд ҳукми билан якун топди.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси матбуот хизмати, Озодлик саволларига жавобан, мамлакатга заргарлик буюмлари олиб кириш қоидаларини эслатди.

Тақинчоқлари мусодара қилинган туркиялик келин билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:10 0:00
Бевосита линк

Озодликка ёзган хати ортидан суҳбати ёзилиб, эшиттиришга қўйилишига рози бўлган, лекин исм-фамилияси тўлиқ айтилишини истамаган наманганлик Ю.Д.нинг 13 декабрь куни айтишича, тақинчоқлари билан боғлиқ ишни 23 ноябрь куни Сергели туман суди тумандаги маҳаллалардан бирининг идорасида ўтказилган сайёр мажлисида кўриб чиққан.

Ю.Д.нинг айтишича, ўзини таништирмаган судья тақинчоқлари мусодара қилинганини қонуний деб топиб, унга 368 минг сўм жарима ҳам солган.

Туркиялик келиннинг айтишича, унинг тақинчоқлари билан боғлиқ можаро жорий йил 8 сентябрь тонгида Истанбулдан учиб келганида Тошкент аэропортида бошланган.

- Аэропортда бировнинг декларация тўлдирганини сезганим йўқ. Шунинг учун декларация тўлдириш хаёлимга ҳам келмади. Божхоначилар тўхтатиб, ёнимдаги тақинчоқларни ноқонуний дейишди. Бир неча соат ушлаб туришди. Ҳаммаси бўлиб 117 граммлик тақинчоқларимнинг 57 граммини олиб қолиб, 60 граммини қайтариб беришди, - деди Ю.Д.

Озодликка ёзган хатида Ю.Д. божхона пунктида турганида бир формали ходим тақинчоқларини қайтариб бериш эвазига ундан 400 доллар талаб қилганини иддао қилган. Бу гапни у Озодлик билан суҳбат чоғида ҳам такрорлади.

Ю.Д. тақинчоқлари билан боғлиқ можаро унинг тинчини бузганини, қайин оиласи билан, эри билан муносабатларига совуқчилик туширганини ёзди-айтди.

"Erim turk konsulligiga telefon qilib gaplashdi. Ular bunaqa narsa bölişi mumkinmas debdi. Sizlarga yozishimdan maqsadim shuki, hamma körsin bularni qanaqaligini",- деган Ю.Д. Озодликка ёзган хатида.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси матбуот хизматининг Озодлик саволларига берган жавобига қараганда, Ю.Д. чиндан ҳам қонунни бузган кўринади: Ўзбекистонга умумий вазни 65 граммдан ошмаган заргарлик маҳсулотларини бож тўловларисиз олиб кириш мумкин. Бу миқдордан ортиғини олиб кириш учун уни декларация қилиш ва божхона пошлинасини тўлаш лозим.

Демак, қаҳрамонимиз – туркиялик келин қонуннинг шу талабини бажармагани учун жазоланган.

Мана бу ерни боссангиз Ўзбекистонга нимани қанча олиб кириш мумкинлигига оид маълумотлар билан таниша оласиз.

Аэропортдаги божхона ходими Ю.Д.дан пора талаб қилгани юзасидан, унинг бу воқеа тўғрисидаги баёнотидан бошқа ҳужжати йўқлиги учун бу масалада Божхона матбуот хизматига савол бермадик.

Айни пайтда мамлакат божхона тизимини соғломлаштириш зарурати пишиб етилгани Озодликка шу тизим вакилларидан келаётган шикоятлардан кўринмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG