Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 17:55

Тестдан йиқилган тошкентликларни Чирчиқ пединститути қабул қилади


Тест синовларида 68 баллдан кам тўплаганлар Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига қабул қилинишига умид қилиши мумкин.

Бу маълумотни Озодлик тилга олинган ўқув юрти вакилидан олди.

Ўзбекистон президенти 27 июлда имзолаган қарор билан ташкил этилаётган Чирчиқ пединститутига фақат Тошкент вилоятида доимий яшаётганлар қабул қилинади.

Тест синовларида тўплаган баллари озлиги учун Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий ўқув юртларига киролмаганлар ЧДПИ талабаси бўлиши мумкин.

Олий ўқув юртларига кириш учун ўтказилган тест синовлари натижалари эълон қилинган 15 август куни Халқ таълими вазирлиги мулозимининг Озодликка айтишича, Чирчиқ давлат педагогика институтига қабул қилинадиганлар рўйхати Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий ўқув юртларига қабул якунига етгач, тузилади.

Бинобарин, вазирликнинг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, абитуриентлар тўплаган балларнинг ЧДПИга қабул қилиниш учун етарли бўладиган энг қуйи чегараси ҳақида гапириш, ҳозирча, эрта.

Президент қарори билан Тошкент кимё-технология институти қошидаги Чирчиқ академик лицейи ҳамда Чирчиқ ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биноларини эгаллаётган янги пединститутда шу кунларда биринчи ўқув йилига қизғин тайёргарлик кетмоқда.

ЧДПИга қабул тартиби

ЧДПИга талаба қабул қилишнинг тартибига тўхталган янги ўқув юрти ходимининг айтишича, абитуриент 68 баллдан кўпроқ тўплаган бўлса ва пропискаси Тошкент вилоятида бўлса, Давлат тест маркази унинг фамилиясини автоматик тарзда Чирчиқ пединститутига юборади ва абитуриентга Тест марказидан телефон қилиб, “сиз Тошкент давлат педагогика университетида эмас, Чирчиқ пединститутида ўқишга тавсия этилдингиз”, деб айтишади.

Институт вакили яна бир муҳим жиҳатга тўхталди. Айтайлик, пропискаси Тошкент вилоятида бўлган абитуриент 68 баллдан кам тўплаган, лекин ундан олдин турган абитуриент кўпроқ тўплагану аммо бошқа вилоятдан. Бу ҳолатда ўқишга 68 дан кам тўплаган Тошкент вилоятилик қабул қилинади.

Бу йил ЧДПИга ҳаммаси бўлиб 750 талаба қабул қилинади, ўқиш барча талабалар учун пулликдир.

"68" қаердан келди?

Олий ўқув юртига қабул қилиниши учун абитуриент тест синовларида тўплайдиган балларнинг энг қуйи чегараси (68 балл) Ўзбекистон президентининг жорий йил 5 майидаги қарорида белгилаб қўйилган.

“Тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилади”, дейилган қарорда. Шу қарордан сўнг абитуриентлар ва уларнинг орасида “суперконтракт” тушунчаси муомалага кирди.

ЧДПИда контракт нархи неча пул?

Президент қарорида “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтига 2017/2018 ўқув йили учун талабалар ўқишга амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори бўйича тасдиқланган квота доирасида қабул қилинсин”, дейилган.

Халқ таълими вазирлиги мулозими Озодликка “Контракт бўйича тўлов миқдори бошқа пединститутларда қанча бўлса, Чирчиқда ҳам шунча бўлади”, - деди.

Президент Мирзиëев 23 июнда имзолаган қарорга мувофиқ¸ 2017-2018 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавр ва магистрлик босқичида ўқувчилар тўлайдиган контракт суммаси ошмайдиган бўлгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2016 йилнинг 17 августида бир йиллик ўқиш нархлари тасдиқлаган эди.

Ўзбекистон президентининг Чирчиқ пединститутини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида бу ҳужжат “Тошкент вилояти мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячилар, бошланғич синф ўқитувчилари, айниқса аниқ фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжларини қондириш” мақсадида қабул қилингани айтилган.

Чирчиқ - ўқув юртлар шаҳри?

Чирчиқда бу йил пединститутдан ташқари Жисмоний тарбия институти ҳам иш бошлайди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, президент Мирзиёев 10 августда имзолаган "Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти пойтахтдан Чирчиқ шаҳрига кўчирилади.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида таълимнинг сиртқи бўлими ҳам ташкил этилади.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG