Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:36

Россия "Ёшлар" ҳаракати раҳбарини Ўзбекистонга экстрадиция қилди (ВИДЕО)


Махсуд Абдужабборов
Махсуд Абдужабборов

Ўзбекистон талаби билан “одам савдоси”да айбланиб, қарийб 2 йил олдин Санкт-Петербургда ҳибсга олинган “Ёшлар” ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборов Ўзбекистонга бериб юборилди. Махсуднинг яқинлари унинг Россияда сиёсий қочқинлик сўраганига қарамай, қонунга зид равишда экстрадиция қилинганини гапирмоқда.

Ўзбекистонга бериб юборилишидан бир неча кун олдин Махсуд Абдужабборов Озодликка Челябинск тергов изоляторидан туриб интервью берган эди.

2017 йилнинг 20 июл куни "Умумроссия “Ёшлар” ижтимоий ҳаракати" ташкилоти (Всероссийское молодёжное движение "Ёшлар") раҳбари ва Муҳожирларни ўқитиш минтақавий маркази бошлиғи Махсуд Абдужабборов қарийб 2 йиллик суд тортишувларидан кейин Тошкентга экстрадиция қилинди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган маҳбуснинг рафиқаси Илона охирги телефон қўнғироғини Махсуд Тошкентга учишга ҳозирланаётган учоқдан қилганини айтди:

- Уни ўтган ҳафтада экстрадиция қилишди, Тошкентга олиб кетишди. Ўшандан бери у билан алоқа йўқ. Ўша куни мен унинг фейсбук саҳифасида бу ҳақда маълумот бердим ва унинг президент Мирзиёевга электрон қабулхона орқали йўллаган очиқ хатини чоп этдим. Бу 20 июл куни эди – менга учоқдан туриб Тошкентга олиб кетилаётганини билдирди, деди Илона.

Суҳбатдош экстрадициядан бир неча кун олдин Махсуд Абдужабборов иши Россия Олий судида қўриб чиқилгани ва унинг бериб юборилиши устидан қилган арзи рад этилганини маълум қилди.

“Суд қарори чиқишидан бор-йўғи 3 кун ўтиб у экстрадиция қилинди, ваҳоланки Страсбург судига қилган мурожаатига жавоб кутаётган эди”, дея давом этади Илона.

- Менимча, унинг аризаси Страсбургга етиб бормади, чунки Олий суд қароридан кейин уни тезда жўнатиб юборишди. Хато қилмасам, Ўзбекистонда у ЖК 135 моддаси – “одам савдоси”да ноҳақ айбланмоқда. Уни 2014 йилнинг август ойида ўғирлаб кетишганди Тошкентга, кейин қўйиб юборишди. Тошкент тергов изоляторидан чиқарилган куни унга нисбатан янги айблов эълон қилинди, деди Илона.

Абдужабборов сўнгги йилларда Россиядаги кўплаб ўзбек диаспоралари, Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги фаолиятини жиддий танқид қилиб келаётган эди.

Озодлик Россия Миграция хизмати расмийлари Махсуд Абдужабборовни 2014 йилнинг 14 август куни Санкт-Петербург шаҳрининг “Пулково” аэропортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётида ватанига жўнатиб юборгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўшанда ҳуқуқбон номаълум сабабларга кўра Тошкент ҳибсхонасида 2 ой ушланиб, “ижтимоий-сиёсий ишлар билан бошқа шуғулланмаслик тўрисида огоҳлантирилиб” қўйиб юборилган ва Россияга қайта кириб келган эди.

Фаол фуқаролик позициясига эга 38 ёшли асли самарқандлик бу шахс иккинчи маротаба 2015 йилнинг 3 октябр куни Санкт-Петербургда ҳибс этилди. Самарқандлик терговчилар Мақсудни “одам савдоси”да айблаб, халқаро қидирувга бергани маълум бўлди.

“Иқрорларимга ишонманг!”

Охирги 2 йил давомида Россиянинг 4 та қамоқхонасида ўтирган Махсуд Абдужабборов экстрадиция қилинишидан бир неча кун олдин Оренбург қамоқхонасидан Озодликка интервью берди.

Махсуд Абдужабборовнинг Оренбургдаги изолятордан жўнатган видеомактуби
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:01 0:00

Ўзининг таъқибга учрашига у 2013 йилда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фаолиятига эътибор қаратиш талаби билан “Ёшлар” ҳаракати номидан президент Ислом Каримовга қилган мурожаати сабаб бўлганини гапириб берди.

- Мени экстрадиция қидируви асосида 135-модда, яъни одам савдоси, одам ёллаш, уларнинг паспортларини олиб қўйиш ва эксплуатация қилишда айблашаяпти. Ваҳоланки, мен 2008 йилдан буён Ўзбекистон ҳудудида яшамайман! Мен Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечмаганман. 2014 йилда Тошкентда қўйиб юборилганимдан кейин Россияга келиб яна жиноий иш очилганини билдим. Россия ҳудудида жиноят содир этган бўлсам нега Россия мени судламаяпти?! 2 ойдан кейин ўтирганимга 2 йил тўлади: Питердаги Лебедев, Киров, Екатеринбург қамоқхоналарида бўлдим ва ҳозир Оренбург тергов изоляторида ўтирибман. Мен Ўзбекистон элчихонасини бизнес, маданий алоқалар ва бошқа жиҳатлардан қилган танқидим учун жавобгарликка тортилдим, деди Махсуд.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли қамоқхонада туриб президент Шавкат Мирзиёев фаолиятини кузатиб бораётгани ва “Камолот”ёшлар ижтимоий ҳаракатининг тарқатиб юборилганини ижобий баҳолади. У ўзи бошқарган “Ёшлар” ҳаракати ҳозирда Ўзбекистонда айни ном остида тузилган ҳаракат билан ягона принципларда эканини таъкидлаб ўтди.

"Ёшлар" ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборов билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:33 0:00
Бевосита линк

Маҳбус йигит президент Мирзиёев номига йўллаган хатда ҳукуматни Россия қамоқхоналарида қолаётган ўзбекистонликлар тақдирига эътибор қаратишга чақирганини ҳам айтди. Унинг фикрича, Россия суд ва тергов тизимларида асосан хорижликлар ҳуқуқлари мутлақо таъминланмаётир:

- Россия ҳудудидаги судларда хорижлик, жумладан ўзбеклар, тожиклар томонидан келтирилаётган ҳар қандай исбот-далилларга нохолис муносабатда бўлишади. Қўлга олинса бас – қамалади ё жаримага тортилади! Улар амнистияга туширилмайди ҳам. Масалан, мен ўтирган Оренбург қамоқхонасидаги 800 маҳбусдан 540 нафари – ўзбекистонлик! Уларнинг аксар қисми – Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда. Юртдошларимга айнан шу масалада эҳтиёт бўлишларини ва қаллобларга пул бериб, “чегарадан эсон-омон ўтаман”, деб ўйлаб ўтиришмасликларини сўрайман, деди Махсуд.

Суҳбат сўнгида у ўзига қўйилаётган айбловларнинг барчасини рад этаётгани ва бундан кейин ҳам рад этишини маълум қилди:

- Агарда мени экстрадиция қилишса баёнот бермоқчиманки, мени айблашаётган жиноятларни содир этмаганман. Ҳатто Ўзбекистонга тушиб, қандайдир жиноятни бўйнимга олсам ҳам ишонманг – бу босим ёки қийноқ остида олинган иқрордир, деди Махсуд Абдужабборов.

XS
SM
MD
LG