Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:49

Ўзбекистонга Европа Иттифоқи делегацияси келмоқда


Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Фредерика Могерини.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Фредерика Могерини.

2017 йилнинг 9 ноябрь куни Ўзбекистонга Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Фредерика Могерини бошчилигидаги делегация сафар қилади.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, делегация таркибида Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича Европа комиссари Невен Мимица ва бошқа расмийлар бўлади.

Айтилишича, Европа Иттифоқининг юқори мансабдор вакилларини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилиши режалаштирилган.

Ташриф дастурига кўра, ЕИ делегацияси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” минтақалараро вазирлар учрашувида ва “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этади.

10-11 ноябрь кунлари БМТ шафелигида ўтказиладиган анжуманда 500 одам, жумладан, минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари, МДҲ, Европа, Осиё ва Америкадан ҳукумат делегациялари, 10дан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари, юздан ортиқ халқаро экспертлар ва журналистлар иштирок этади.

Анжуманда БМТ Бош котиби ўринбосари Мирослав Енча, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини, ЕХҲТ бош котиби Томас Греминер ва бошқаларнинг нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Федерика Могерини жорий ойда Ўзбекистонга сафар қилиши Озодликка сентябрнинг бошида маълум бўлган эди.

Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё масалалари бўйича махсус вакили Петер Буриан Озодлик радиосига берган суҳбати давомида билдирган эди.Буриан ЕИнинг Ўзбекистон раҳбарияти ўзгаргач, бу мамлакатда кечаётган ўзгаришлар динамикасини юқори баҳолаган эди:

“Биз Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатларидаги янги динамикани юқори баҳолаймиз. Ўзбек ҳамкорларимиз билан узоқ вақт муҳокама қилганимиз масалалар - бозорни очиқроқ, валютани конвертациялаш усулларини қулайроқ қилиш масалаларида катта силжишлар бўлаётганини кўраяпмиз”, деган эди сентябрда Петер Буриан.

Жорий йилнинг 17 июлида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ислом Каримов вафотидан сўнг ўтказилган энг юқори даражали сиëсий сўзлашувларда Ўзбекистондаги демократия¸ инсон ҳақлари вазияти муҳокама қилинган эди.

Бу ҳақда ўзаро учрашувдан сўнг ЕИнинг жорий президенти¸ Эстония Ташқи ишлар вазири Свен Миксер ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида баëнот берган эди:

- Биз 2005 йилги воқеаларни бу учрашувда муҳокама қилганимиз йўқ. Аммо бу биз нозик масалаларни муҳокама қилишдан тийилдик¸ дегани эмас. Учрашувда инсон ҳақлари¸ фундаментал эркинликлар ва қонун устиворлиги каби мавзуларда обдон гаплашдик¸ деган эди ЕИ расмийси жумладан.

Тошкент дипломатлари раҳбари ҳам¸ ўз эстониялик ҳамкасби баëнотини қувватлаб:

- 2005 йилги Андижон воқеаларини муҳокама қилмадик. Биз бу воқеалар юзасидан кенг кўламли ва чуқур тергов ўтказганмиз. Ҳозиргача бу воқеаларга оид савол берган ҳамкорларимизнинг ҳаммасига ҳар томонлама қаноатланарлик жавоб бериб бўлинган¸ деган эди жумладан.

ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида 17 июль куни бўлиб ўтган сиëсий сўзлашувларда ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга оид келишувга эришилган эди.

XS
SM
MD
LG