Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:43

Кўчирмакашлик: Фарғонанинг сайёҳлик рамзи ўғирлик бўлиб чиқди


Brandson ширкати матбуот хизмати раҳбари Екатерина Долгихнинг Озодликка айтишича, Фарғонанинг рамзини (чапда) яратишда “Чарующая Россия” миллий туризм брендидан фойдаланилган.
Brandson ширкати матбуот хизмати раҳбари Екатерина Долгихнинг Озодликка айтишича, Фарғонанинг рамзини (чапда) яратишда “Чарующая Россия” миллий туризм брендидан фойдаланилган.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш агентлиги Фарғонанинг сайёҳлик рамзи плагиат бўлиб чиққач, уни ўзгартиришга қарор қилди. Россиянинг Brandson бренд агентлиги Ўзбекистон томонини Фарғона учун сайёҳлик рамзини яратишда кўчирмачилик қилганликда айблаши ортидан қўмита шундай қарорга келган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги етакчи партия саналган ЎзЛиДеПнинг “Ўзбекистон келажаги учун бирлашайлик” видеоролиги ғояси ҳам Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғоннинг “Ак Партияси” ролигидан ўғирлангани ҳақидаги иддаолар ўртага чиққач, унинг намойиши бекор қилинган.

Шу ой бошида Фарғона вилояти “Ferghana. Enjoy the Beauty” (“Фарғона. Гўзалликдан баҳра ол”) деб номланган сайёҳлик брендини эълон қилган эди.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати ўшанда вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган логотипда “ривожланаётган экотуризм водийни ўраб турган тоғлар орқали, гастрономик ва агротуристик соҳалар - ёрқин қизил анор кўринишида, маданий-маърифий туризм - кўк гумбазлар ва Фарғона дўппиларидаги нақшлар орқали тасвирланган”ини билдирганди.

Логотипнинг юмалоқ шакли гўё риштонлик усталарнинг сопол лаганини ёдга солади, ундаги ранглар эса, Марғилон ипаги рамзидир.

Лекин, Россиянинг Brandson бренд агентлиги Ўзбекистон туризм агентлигини Фарғона вилояти учун сайёҳлик рамзини яратишда кўчирмачилик қилганликда айблаб чиқди.

Brandson ширкати матбуот хизмати раҳбари Екатерина Долгих Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон томони Фарғона сайёҳлик рамзини яратишда Россиянинг “Чаруюшая Россия” миллий туристик бренди ғояси ўғирланган бўлиши мумкинлигини айтди.

- Яқинда Фарғона саёҳлик рамзи эълон қилингани ҳақдаги хабарга кўзимиз тушди. Қарасак, биз яратган “Чарующая Россия” миллий туризм брендининг ҳудди ўзи. Ранглар ўзгарган, лекин майда деталларигача бизники. Биз ҳозир Ўзбекистон томонидан нимага Фарғонанинг рамзи бизникига бу қадар ўхшаш бўлиб чиққани ҳақида тушутириш беришларини хоҳлаяпмиз, - деди Екатерина Долгих.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати эса Озодликка бу юзадан бундай тушунтириш берди.

- Фағонада танлов ўтказилган эди ва муаллиф ижодий ишларни тақдим этиш вақтида, ўзининг оригинал иши эканини айтганди. Ҳозир бу рамзни танлаш жараёни юзасидан тафтиш ўтказилади. Муаллиф устидан судга шикоят қилиш масаласи ҳам кўрилмоқда. Ҳозир Фарғона логоси бекор қилиниб, янги лого танлаш бўйича янги танлов эълон қилинади, - деди Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати мулозими.

Кўчирмачилик жанжали марказида қолаётган фақат Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки Фарғона ҳокимияти эмас.

"ЎзЛиДеП" Туркиянинг "Ак Партия"си клипидан нусҳа олганми?

Ўзбекистондаги етакчи партия саналган Ўзбекистон Либерал- Демократик партияси -ЎзЛиДеП учун тайёрланган видеоролик ҳам Туркиядаги етакчи партиянинг ролигига ўхшаш бўлиб чиққани учун унинг намойиши бекор қилинган.

“ЎзЛиДеП”нинг ҳали ҳеч қаерда намойиш этилмаган видеоролигини Troll.uz Facebook саҳифасида Туркиянинг “Ак Партияси” ролигига солиштириб, 22 ноябрь куни эълон қилди.

Клип ғояси ҳам, кадр ортида ўқилган матн ҳам Туркиядаги “Ак Партия” видеоролигига ўхшашлиги кўриниб турибди.

Ўзбек киноюлдузлари ва улкан массовка жалб этилган ҳолда Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарларида олинган роликни Troll.uz га ким сиздиргани маълум эмас.

Troll.uz ролик муаллифлари ундан клипни саҳифасидан ўчириб ташлашни сўрашгани ҳақда ёзди.

“Бу видеони олиб ташлаш талаб қилинди. Видео муаллифларига кўра, видео бир йил аввал олинган. Бу тўлиқ версия эмас ва у тасдиқланмаган ва намойиш ҳам этилмаган. Бунинг сабабларидан бири унинг туркча версияга ўхшашлиги бўлса керак. Шу муносабат билан видеоклип "KuchirmaProdakshn" сифатида малакаланмайди, чунки расман намойиш этилмаган. Лекин бир неча шаҳарларда олинган видеонинг миқёсига қараб, унда иштирок этган одамларнинг вақти ва кучини ўйлаб ўчирмадим”, - деб ёзди troll.uz.

Озодлик плагиат иддаолари юзасидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси матбуот хизматига боғланди.

Партия масъулларидан бири Озодликка “биз томондан бундай клип яратилган эмас” деб жавоб қилди.

XS
SM
MD
LG