Линклар

21 январ 2018, Тошкент вақти: 13:55

Намангандаги масжид қавмини Қорбобо Янги йил билан табриклади

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Ўзбекистонда янги йил байрами Қорбобосиз бўлмайди.

Намангандаги масжидлардан бирига янги йил арафасида Қорбобонинг кириб келиши акс этган видео ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Озодликнинг аниқлашича, воқеа 28 декабрь куни Наманганнинг Норин туманидаги “Аҳмадали” жомеъ масжидида бўлган. "Узоқ юртлардан бомдод намозига етиб келганини" айтар экан “наманганлик Қорбобо” масжидда йиғилганлар олдида қўлини дуога очиб, Ўзбекистонга тинчлик тилади.

Ўзбекистонда Янги йил байрами тадбирларида Қорбобо, Қорқиз, Ялмоғиз кампир каби эртаклар қаҳрамонларининг қатнашиши одатий хол.

Лекин, Қорбобонинг масжидга кириб келиши шу пайтгача кузатилмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеода бомдод намозидан кейин Наманганнинг Норин туманидаги “Аҳмадали” жомеъ масжидига Қорбобо кириб келгани акс этган. Унда Қорбобо кўп юртларда бўлгани, лекин Ўзбекистондек тинч давлатни ҳеч қаерда кўрмаганини айтади.

- Ҳозиргина самолётдан, шундай парашютда ташладим. Аллоҳга шукурлар бўлсинки, бомдод намозига етиб бораман деб ваъда қилган эдим, мана бомдод намозига етиб келдим. Кечадан бери кўп юртларга бордим, лекин, Ўзбекистондек тинч давлатни мен мана шу ерда биринчи марта кўряпман. Уруш бўлаётган ерларда совғалар бердим, очарчилик юртларида совғалар бердим, - дейди Қор бобо.

Наманганлик Қорбобо уни масжидга бориб мусулмонларни табриклаш учун "президент ва муфтий жўнатганини" айтади ва масжидда йиғилганлар олдида қўлини дуога очиб, Ўзбекистонга тинчлик тилайди.

“Ҳозир президент жаноблари, муфтий ҳазратлари билан кўришдим. “Илтимос сиздан Қорбобо, юртимиздаги энг яхши масжид , “Аҳмадали” жомеъ масжидига бориб мусулмонларни бир табриклаб келинг", деб мени жўнатди”, - деди Қорбобо.

Масжидга йиғилганлар эса Қорбобога жўрликда “Раҳмат” айтишди.

“Аҳмадали” жомеъ масжиди имоми Хабибулло Маҳмудов Озодлик билан суҳбатда Қорбобони ҳеч ким таклиф қилмагани, у 28 декабрь куни янги йил тадбирлари доирасида масжидга ўз оёғи билан кириб келганини айтди.

- У маҳалланинг одами аслида, Анваржон ака. Пахта заводида узоқ ишлаб, ҳозир нафақага чиққан. Шу куни маҳаллада кечаси билан янги йил тадбирлари бўлди. Анваржон ака, Қорбобо кийимида кечаси билан уйма уй юриб, болаларни табриклаб, айланиб юрган. Бомдод намози пайти масжидни эшиги очиқ бўлган, кириб келаверган. Мени чиқишим билан кетиб қолибди, - дейди масжид имоми.

Қорбобоми ё Қори бобо?

Намангандаги масжидга янги йил арафаси Қорбобонинг кириб келиши акс этган видео Интернетда мунозарага сабаб бўлди.

Azon.uz сайти эълон қилган мақола муаллифи бу ҳолат ҳақида истеҳзо билан бундай ёзди:

“Туман имом хатибига, вилоят бош вакилига ҳам. Қорбобo масжидга келибди-ю, нега масжидга арча ўрнатилмади? Бутун дунёни айланиб, совға тарқатиб келган Қорбобо, йўғе, Қорибобонинг ҳурмати йўқми? Шундан шунга келиб, қуруқ қайтиб кетаверадими? Имом қани? Нега кутиб олмади?”, - дейилади Azon.uz сайтида босилган “Масжиддаги Қор бобо, Қорқиз қани?”, - сарлавҳали мақолада.

"Однокласники" ижтимоий тармоғида видео остига қолдирилган изоҳларда "Қорбобонинг масжидга кириб келиши Ўзюекистондаги диний баҳрикенгликнинг тимсоли", - каби изоҳларни ўқиш мумкин.

Ўзбекистондаги кўпчилик хонадонлар Янги йил кунлари Қорбобо ва Қорқизни чақириб, фарзандларига совғалар улашишни ташкиллаштиришади.

2000- йиллар бошида Ўзбекистонда Қорбобо ва Қорқизларни ўзга маданиятнинг рамзлари сифатида тақиқлаш масаласи кўтарилган.

Телевединиеда кўп бора Қорбобо" ва Қорқизлар кўрсатувлардан олиб ташланган.

Шунга қарамай, Ўзбекистонда Совет даврида туғилиб ўсган бир неча авлод учун қадрли бўлиб қолган Қорбобо ва Қорқизни кутиш, Янги йил арчасини безатиш анъанаси давом этиб келмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG