Линклар

Ўзбекистонда “ПропанЁҚШ”лар тугатилиб, АГТКСларга айлантирилади

  • Озодлик

АГТКС - Автомобилга газ тўлдирувчи компрессор станциясидир. 2017–2019 йилларда Ўзбекистонда 178та шундай станция қуриш режалаштирилмоқда. Бу станциялар 800.447 автомобилни сиқилган табиий газ билан таъминлайди.

Бу чора Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 11 октябрда қабул қилган «Автомобилларга газ тўлдириш станциялари тармоғини ривожлантириш, автотранспорт воситаларини сиқилган табиий газга босқичма-босқич ўтказиш, шунингдек, улар учун мўлжалланган газ баллон ускуналарининг хавфсиз эксплуатациясини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда назарда тутилган.

Қарорда белгиланган режаларни амалга ошириш учун АГТКСлар жойлашган ҳудудларда «бир дарча» принципига кўра автотранспортларга газ баллон ускуналарини харид қилиш ва ўрнатишни рағбатлантириш учун имтиёзли кредитлар ҳам ажратиш таклиф этилмоқда.

Мавжуд суюлтирилган нефть гази (босим остида суюлтирилган газ) сотувчи автомобилларга газ қўйиш шохобчалари (АГҚШ) босқичма-босқич АГТКСга айлантирилади. 2017 йил 1 декабрдан бошлаб эса АГҚШлар учун ер ажратиш тугатилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик техникаси ҳам босқичма-босқич газга ўтказилади. Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ тузилади ва 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб кўчма АГТКСлар яратиш кўзда тутилган.

Ҳукумат қарори билан, шунингдек, Ўзбекистонда газ баллонлар билан жиҳозланган барча автомобилларни махсус кузатув қурилмалари (датчик) билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

"Ўзбекнефтегаз"га ягона бошқарув марказини ташкил этиш тўғрисида топшириқ берилган. Ушбу марказ ихтисослаштирилган ахборот тизимини татбиқ этиш ва фойдаланиш ишлари билан шуғулланади. Ахборот тизими автотранспорт воситаларидаги газ баллон ускунасининг техник ҳолатини назорат қилишни реал вақт режимида (онлайн) амалга ошириш мўлжалланмоқда. Шу билан бирга, автомобилга газ тўлдирувчи компрессор станциялари (АГТКС) иш фаолиятини ва сиқилган табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилиш ишлари амалга оширилади.

2019 йил якунига қадар бутун республикада 800 мингдан ортиқ автомашиналарни сиқилган табиий газ асосида ишлашга ўтказиш режалаштирилмоқда. Уларнинг 712 минг автомашина жисмоний шахсларга, қолганлари юридик шахсларга тегишлидир.

Шу билан бирга ҳукуматнинг режасига кўра, сиқилган табиий газдан ёнилғи сифатида фойдаланиш келгуси 3 йил ичида 21 фоизга (2017 йилда — 2,4 млрд кубаметр, 2019 йилда — 2,9 млрд кубаметр) ортади.

Ушбу жараённи тезлаштириш мақсадида ҳукумат томонидан тармоқ тузилмаларга газ баллон ускуналарини харид қилиш ва автомашиналарга ўрнатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида АГТКСларда "ягона ойна" тамойили асосида имтиёзли кредитларни ажратиш тўғрисидаги шартномаларни расмийлаштириш жойларини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда сиқилган табиий газ ускуналари ишлаб чиқариш локализацияси улушини ошириш режалаштирилган.

2018 йил 1 февралдан бошлаб СТГ-2, СТГ-3 ва СТГ-4 туридаги газ баллонли ускуналар ўрнатилган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланди. Шунингдек, завод комплектацияси бузилган СТГ-1 баллонли транспорт воситаларини бошқариш ҳам тақиқланди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, фойдаланилиши тақиқланган транспорт воситаларини бошқариш энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлади.

Шу кунда Тошкентда 1 литр Аи-80 бензини 2800 сўм. Сиқилган газнинг (метан) 1 куб метри 1500 сўмдан бошланади. Газда юриш бензинда юришдан кўра деярли 2 баробар арзонга тушади.

Материални тайёрлашда Вазирлар Маҳкамаси қарори ва маҳаллий нашрларга таянилди.



XS
SM
MD
LG