Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:57

GM Uzbekistanнинг Москвадаги вакили Ўзбекистонга чақиртирилиб, сўроқ қилинмоқда


Москвадаги "Равон Моторс Рус" ширкати директори¸ GM Uzbekistan ширкатининг Россиядаги вакили¸ Ўзбекистон иқтисодиёт вазирининг собиқ ўринбосари Ғайрат Ниëзов ўтган ҳафта Москвадан Тошкентга чақириб олинди.

Бир-биридан мустақил Озодлик манбаларига кўра, "Ғайрат Ниëзов Ўзбекистон Бош прокуратурасида GM Uzbekistan билан боғлиқ молиявий қаллобликларни текшираëтган тергов гуруҳи тарафидан сўроқ қилинмоқда".

“Ғайрат Равшанович гувоҳ сифатида уч кундан бери қаторасига сўроқ қилинмоқда ва у кишидан шаҳарни тарк қилмаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйдирилган”, деди Ўзбекистон прокуратурасига яқин Озодлик манбаси.

GM Uzbekistanга яқин Озодликнинг бошқа манбасининг иддаосича, Ниëзовдан сўралаётган асосий саволлар GM Uzbekistanнинг ҳибсдаги собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалилов давридаги бир қатор молиявий операцияларга оиддир. Прокуратурани Россияда гўё GM Uzbekistan дилерлик марказларини ташкил қилиш учун Россия банкларидан олинган юзлаб миллионлик кредитларнинг қандай сарфлангани, кредитлар эвазига гаровга қўйилиб, Россия банклари томонидан мусодара этилган 17 минг автомобилни қайтариш учун қандай ишлар қилингани қизиқтирмоқда.

Суратда: Ғайрат Ниёзов (чапда)
Суратда: Ғайрат Ниёзов (чапда)

GM Uzbekistan ва Ўзавтосаноат тизимлари бошқарувида ишлаган Ниëзов жорий йилнинг апрелида Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалиловнинг молиявий қаллобликларда айбланиб, Ўзбекистонда ҳибс қилингани ортидан Москвага юборилган эди.

Бир-биридан мустақил Озодлик манбаларига кўра, Ғайрат Ниëзовга 500 миллион доллар ҳажмдаги зарарни "қандай қилиб бўлса ҳам қоплаш" вазифаси юклатилган эди.

Озодлик тасдиқлаган маълумотларга кўра¸ Ғайрат Ниëзов Москвадаги "Равон Моторс Рус" ширкатига жўнатилишидан олдин Тошкентда сўроқ қилинган.

Манбаларнинг иддао қилишича¸ Ниëзовнинг хотини ва фарзандлари "Ўзбекистонда гаров сифатида олиб қолинган".

Озодликнинг бошқа бир манбаси Ниëзов оила аъзолари Тошкентдан чиқарилмаëтганлигини айтган эди:

"Улар (Ниëзовнинг оила аъзолари) Тошкент-Москва рейси бўйича учадиган йўловчилар ичида бўлмаслиги учун МХХ тарафидан махсус кўрсатма бор", дея иддао қилган эди у.

Россияга келган Ғайрат Ниëзов ҳозирда ҳибсда сақланаётган Тоҳиржон Жалиловга оид мулкларни сотиб, "зарарни қоплаш" жараëнини бошлаган.

Ҳозирда Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида қолаётган Тоҳиржон Жалиловга Россияда яна қатор мол-мулк ва йирик ширкатлар тегишли экани аниқлангани айтилди.

Олдинроқ Тоҳиржон Жалилов Москвада қайдга олинган йирик Uz-Daewoo ширкатининг Россиядаги дилери - “УЗАВТОРУС” ширкати, ширкатнинг Воронеждаги ваколатхонаси - “УЗДЭУАВТО-ВОРОНЕЖ”, “КМ/Ч” Бошқарув компаниялари эгадоши ҳам бўлган.

Бироқ, Россиядаги “СПАРК-Интерфакс” нашрига кўра, ҳозирда бизнесмен Жалилов қўл остида “Оқ-Йўл” корхонаси (автомобил юк транспорти фаолияти), “Транслогист” (юклар транспортировкаси ва сақланиши),“УзДЭУ Академияси” (таълим тизими), “Узмашэкспорт” (транспорт воситалари савдоси) ва Москвада қайдга олинган “Малика-М” ресторанлари ва кафелари қолган.

Озодликнинг "РАВОН МОТОРС РУС" ширкатига яқин манбанинг айтишича¸

Ниëзов “Москвага келгач Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan собиқ раҳбари Тоҳиржон Жалилов эгалик қилган тижорий ва хизмат кўрсатиш ширкатлари ҳамда кўчмас мулкларнинг сотувга қўйилишини” таъминлаган.

GM Uzbekistan билан боғлиқ молиявий қаллобликларни текшираëтган Ўзбекистондаги тергов гуруҳининг Озодликка сиздирган ҳужжатларида келтирилган зарар миқдори ярим миллиард доллар экани иддао қилинади.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларга кўра, “Ниëзов зарарни қоплаш ишини керагича уддалай олмагани боис” Тошкентга чақирилган.

Унинг яна айтишича¸ “Ниёзовнинг GM Uzbekistan идорий тизимида қолишини АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонасининг америкалик вакиллари истамаётир.”

Бу вакиллар, манбаларнинг ишонишича, GM Uzbekistan қўшма корхонасидаги коррупцияга оид даъволар АҚШ Адлия вазирлиги эътиборига тушиб қолиши эҳтимолидан хавотирланишмоқда.

Молиявий бўҳрон қурбонлари ?

Россиядаги Озодликка ҳозирча маълум бўлган иккита банкдан "ўзбек автомобиларини Россия бозорида жозибали қилиш" мақсадида олиниб¸ бошқа йўналишда сарфланган қарзларни қайтариш муаммоси GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Россиядаги ваколатхонаси кун тартибида шу йил бошида пайдо бўлгани айтилади.

Ўзбекистон банк тизимларидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Москвадаги икки тижорий банк - Пересветбанк (ПЕРЕСВЕТ. АО) ва Сбербанкдан машиналарни гаровга қўйиб, қарз олинишига Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банки кафил бўлган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобиллар савдоси билан шуғулланувчи "РАВОН МОТОРС РУС" вакили кредит эвасига гаровда турган машиналар ҳибсга олинганини тасдиқлаб¸ бу ҳолат "Россиядаги молиявий бўхрон ортидан кўпга келган тўй" эканини айтган эди.

"РАВОН МОТОРС РУС" вакилига кўра¸ Ғайрат Ниëзов ва Тоҳиржон Жалилов - Россиядаги молиявий бўҳрон билан боғлиқ вазият қурбони.

Озодлик суҳбатлашган манбаларнинг барчаси бу Ўзбекистон машинасозлик саноатига катта зарар етказди, деган фикрда якдил.

GM Uzbekistan нинг Россиядаги вакиллари ҳамда ҳукуматга яқин манбаъларнинг Озодликка айтган иддаолари юзасидан Озодлик мухбири Ўзбекистон Бош Прокуратураси матбуот ҳизмати ҳамда “Ўзбекавтосаноат” бошқаруви раиси Улуғбек Рўзиқуловнинг ўзи ва унинг ëрдамчилари Рустам Юсупов ҳамда Қобилжон Азимов билан боғланишга уринди. Улар Озодлик билан мулоқот қилмасликни маъқул кўришди.

Мақолада келтирилган барча даволар бир - биридан мустақил бўлган манбалар томонидан шу жумладан ҳукумат, Ўзбекистон автосаноати мулозимлари, диллерлик вакиллари, GM таркибидаги "инсайдер" лар томонидан билдирилган. Озодлик радиоси ушбу журналистик терговини давом эттирмоқда. Мавзуга оид ҳужжатларни Озодлик радиосига сиздирмоқчи бўлсангиз ozodlikmail@gmail.com га ёзинг. АҚШ конгреси томонидан молияланадиган ва 60 йилдан ошиқ вақт мобайнида Ўзбек халқи учун холис ахборот етказиб бераётган Озодлик радиоси АҚШ конституцияси асосида ўз манбаъларининг шахси сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG