Линклар

Туман ҳокими пахта бўйича селектор мажлисида тергалгани ортидан ҳушидан кетиб ўлди

  • Абдулла Искандар/Озодлик

Улуғнор тумани ҳокими 57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтди.

Андижон вилоят, Улуғнор туман ҳокими 57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтди. Туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ 6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов​ ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушган.

Озодлик суҳбатлашган андижонлик врачга кўра¸ туман ҳокими геморрагик инсульт ташҳиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилояти филиали клиникасига ëтқизилган. Врачга кўра¸ “кома ҳолатида бўлган Юсупов уч кун мобайнида ИВЛ аппарати (Ўпкада ҳаво алмашишини таъминлайдиган ускуна) билан ушлаб турилган".

Селектор йиғилишида қатнашган фермерлардан бирининг иддаосича, Улуғнор туман ҳокими 3- октябрь куни селектор йиғилишида Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан қаттиқ ҳақоратланган:

- Уни селекторда вилоят ҳокими ўта нафсониятига тегиб ҳақорат қилди¸ деди суҳбатдош. У ҳокимнинг оғзидан чиққан ҳақоратларни айнан келтирди, лекин Озодлик одоб талабларидан келиб чиқиб, уларни бу матнда келтира олмайди.

Озодлик вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан боғланди. У Асилбек Юсуповнинг исмини эшитиши биланоқ, "мажлисдаман", деб телефонини ўчириб қўйди. Абдураҳмонов шунингдек Асилбек Юсуповнинг ўлими борасида изоҳ сўралган СМС мактубга ҳам жавоб бермади.

Марҳум туман ҳокимининг жанозасида қатнашган туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ Юсупов туман пахта йиғим -теримини самарали ташкил қилиш учун кейинги икки ҳафта мобайнида узлуксиз ишлаб толиқиб қолган:

- Ўзи у кишининг ҳоким бўлиб ишлаганига етти ойча бўлувди. Асилбек Акрамович шу йилнинг 22 февралида Улуғнорга ҳоким бўлиб келувди. Тиришқоқ ва ишчан эди. Унақа касал бўлганини ҳам билмаймиз. Пахта масаласидаги рақамлар борасида раҳбарлардан эътироз бўлди селектор пайтида. Ўрнидан туриб юрмоқчи бўлди¸ кейин мункиб кетди. Тез доктор чақирдик. Аммо кеча кечқурун ўтиб қолди. Бугун пешинга чиқардик. Уч боласи ортида қолди раҳматлининг, деди суҳбатдош.

Андижон вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, 3 октябрь куни Улуғнор туманида пахта терими ҳажми камайган. Туман 2 октябрь куни 660 тонна 857 кг, 3 октябрь куни эса, 543 тонна 700 кг пахта топширган.

Туман ҳокими лавозимида оламдан ўтган Асилбек Юсупов бундан олдин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти директори лавозимида ишлаган.

Мулозимлар учун ҳаловатсиз кунлар

Озодлик суҳбатлашган ҳокимлик мулозимига кўра, туман ҳокими кейинги пайтда анча толиқиб қолган эди.

- Тошкентда вазирликда бир маромда ишлаб юрган одам туман ҳокимлигидаги тиғиз режимга дош бера олмади. Бу тиғиз режимни вилоят ҳокими Шуҳратбек Қўшақбаевич талаб қиляпти. Керак жойида тергайди. Пахтани йиғиб-териб олиш давлат аҳамиятидаги ишку?! дейди суҳбатдош.

Стрессми ëки пахта жонбозлиги?

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилоят филиалида ишлайдиган докторнинг Озодликка айтишича, геморрагик инсульт организм толиқиши ва стресс оқибатида юзага келадиган касалликдир.

Улуғнор туман ҳокими ҳушидан кетган селектор мажлисида қатнашган фермернинг Озодликка айтишича¸ вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қаттиқ гапирган:

- Ҳамманинг оғзида шу, Кўшақбоевич хокимнинг бошини еди, дейишябди. Ўша куни Улуғнор ҳокими адресига росаям қаттиқ гаплар бўлди. Туман ҳокими 24 эмас¸ 25 соат ишласин, деди. Қўшақбоевич гапига кирмаганларни бир оғиз гап билан органларга жиноий иш фабрикация килиб, қамаб ташлашябди. Мулозимларга иккита йул бор: ёки қамоқ, ёки 25 соат ишлаб ўлиш, дейди фермер.

Мажлисларда ҳақоратлангани ортидан мулозимларнинг кутилмаганда вафот этгани тўғрисида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар қилган.

Қашқадарё вилоят, Нишон туман ҳокими Асрор Жўраев жорий йил 10 июлда бўлиб ўтган туман фаоллари йиғини пайтида 53 яшар машина-трактор парки раҳбари Музаффар Чоршанбиевни "синглинги...," деб ҳақорат қилган ва ҳақоратланган кичик раҳбар айни куни касалхонага тушиб, юрак хуружидан жон таслим қилган эди.

Ҳокимларнинг мулозимларга қўл кўтариши масаласи жорий йил сентябрида ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлган, ўшанда Сайхунобод туман ҳокими тумандаги мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни бир қаторга терган ҳолда калтаклагани тасвирланган видео тармоқда қизғин муҳокама қилинган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG