Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:18

Самарқандда Россиядан қайтган қарийб 50 киши ИШИДга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинди


Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоят, Ургут туманида Россиядан қайтган ўнлаб меҳнат муҳожири тақиқланган ИШИД ёки "Ислом давлати" диний экстремистик гуруҳига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Самарқанд куч ишлатар тузилмаларида ишловчи мулозим Озодликка Россиянинг Белгород шаҳрида ишлаб қайтган 50 ка яқин диндор уларнинг шериклари берган кўрсатмалар асосида ИШИДга алоқадор деб кўрилиб, 14 август куни қўлга олинганини айтди.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган мулозимга кўра, қўлга олинганлар Россияда ишлаб, "ИШИДга моддий ёрдам беришга тил бириктириш" да гумонланмоқда.

- Бу бўйича иш очилган ва тергов давом этмоқда, - деди мулозим.

Лекин, қўлга олинганларнинг яқинлари уларнинг ИШИДга ҳам, бошқа диний экстремистик гуруҳларга ҳам алоқаси бўлмаганини айтишди.

- Ушлаб кетилганлар орасида менинг қариндошим ҳам бор. Уларни диний эътиқоди учун ушлашган, ИШИДга аъзо, деб. Лекин, улар диндор эмас. Белгородда оддий уста бўлиб ишлашган холос, - деди исми сир қолишини истаган угрутлик аёл.

ИШИДга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганларнинг ҳозирда Белгород шаҳрида қолган шерикларидан бири Сирожиддин Маматқулов ҳам Озодлик билан суҳбатда ўзи ва у билан ишлаган ургутлик меҳнат муҳожирлар диний ғоялардан узоқ одамлар бўлганини айтди.

- Мени СНБдагилар "Мулло Сирож" деб, диний тўданинг бошлиғига чиқариб қўйишибди. Опам хавфсизлик идорасига бориб, "булар нима учун ушланган, сабабини айтинг", деса, "сабаби Мулло Сирож, у Россияда одамларни тайёрлар экан", дебди. "Бу ерда гувоҳимиз бор, уриб-уриб намоз ўқитган", дебди. Мен уларни чеченларга урдириб, намоз ўқитган эканман. Бу бўлмаган гап. Буларни ҳеч қайсиси намоз ўқишни ҳам, “Алҳамди”ни ҳам “Бисмиллоҳ”ни ҳам билмайди асли. Мана, шу ерга қишлоғимиздан беш юзта йигит келган бўлса, мендан бошқа ҳеч ким намоз ўқишни билмайди, мен уларга намоз ўқи деганим ҳам йўқ. Нимага бу туҳмат, ҳайронман, - деди Сирожиддин Маматқулов.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Россиядан қайтган меҳнат муҳожирларини диний экстремизм айблари билан қамаш ҳоллари сўнгги йилларда кўпайган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли, Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига кўра, Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида радикаллашиш ҳоллари ҳам бор гап.

- Бу Самарқандда қўлга олинганларнинг ИШИДга алоқаси бўлган ё бўлмаганини билмайману, лекин Россия ёки Туркияга кетган ўзбек муҳожирлари орасида радикал Исломга мойиллик кучли экани маълум. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирувга бераётганлар рўйхатига оддий намозхонлар ёки рўзғор тебратиш учун Россияга ишлагани кетган ўзбеклар ҳам тушиб қоляпти. Уларни терроризм ёки ИШИДга алоқадорликда айблашяпти, лекин кўп холларда исботи йўқ бўлиб чиқади, - дейди Суръат Икромов

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари Ўзбекистонда ҳам "террорчи ташкилот" деб эълон қилинган.

Ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойлари ва жорий йилнинг январь ойларида Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона вилоятида хориждан қайтган юзлаб муҳожир ҳибсга олингани ҳақида Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG