Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2019, Тошкент вақти: 15:20

Хивада ўқитувчилар ўз томорқасига иссиқхона ўрнатишга мажбурланмоқда


Иссиқхона. Иллюстратив сурат.

Хоразмнинг Хива туманида ўқитувчилар ҳокимлик амалдорлари босими остида ўз томорқаларида бозор нархидан икки баравар қиммат нархда иссиқхона ўрнатишга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ўқитувчилар иддаосича, улардан томорқасига ўрнатилган иссиқхона учун ойлик маошидан ушлаб қолинишига рози эканликлари ҳақида тилхат ҳам ёздириб олинган.

Ҳокимлик расмийлари ва мактаб раҳбарлари ўқитувчиларга томорқасига иссиқхона ўрнатиш таклиф қилингани, лекин уларни ҳеч ким мажбурламаганини айтишди.

Хива туманидаги 15- умумтаълим мактабида ишловчи, исми очиқланмаслигини истаган ўқитувчи Озодлик билан суҳбатда бозорда 1 ярим миллион сўм турадиган иссиқхонани ўқитувчиларга 3 миллион сўмдан ўтказишаётганини айтаркан, деди:

“Бизнинг мактабда директор томонидан барча ўқитувчилар шахсий томорқасига кулупнай экиш учун теплица қуришга мажбурланяпти. Сентябрдан бошлаб ойлик маошимиздан 30 фоиз ушлаб қолинар экан. Мактаб директоримиз "тепадан буйруқ шунақа", деб "ойлигимиздан парник учун 30 фоиз ушлаб қолинишига розимиз", деган мазмунда тилхат ёздириб оляпти. Менга парник керак эмас, мен томорқамга экилган экинларни бузиш ниятим йўқ”, - деди хивалик ўқитувчи.

Хива туманидаги бошқа мактаб ўқитувчиси ҳам мактаб раҳбариятининг босими остида томорқасига иссиқхона ўрнатишларига мажбур бўлганини айтди.

“3x5 метр катталикдаги парник. Ҳокимиятдан келиб ўрнатиб беришди. Пулини ойлигимиздан бўлиб-бўлиб олиб қолар экан. Рози бўлдик, нима ҳам қилардик”, - дейди хивалик муаллим.

Хива туманидаги 15- умумтаълим мактабининг директори Даврон Оллоназаров Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг томорқаларига иссиқхона ўрнатилаётганини тасдиқлади.

Лекин, Оллоназаровга кўра, уларни ҳеч ким бунга мажбурламаяпти.

"Ихтиёрий бу, ҳеч ким мажбурлаётани йўқ. Парник ўрнатинглар, қишда мевасини ўзларингиз ейсизлар, деб айтдик. Лекин, мажбурлаётганимиз йўқ, "ким хоҳласа", деб айтганмиз, - деди Даврон Оллоназаров.

Хива туманида яшовчи ўқитувчи Отабек Холниёзовнинг Озодликка айтишича, иссиқхона ўрнатиш туман ҳокимлиги тавсиясига кўра нафақат ўқитувчиларга, балки боғча тарбиячиларига ҳам тайинланган.

Холниёзов бу ерда ҳеч қандай ғараз кўрмаслигини айтади.

"Мен ҳам ўрнаттирдим. Ҳокимиятдан келиб ўрнатиб кетишди, "керак бўлса экиб ҳам берамиз", дейишди. Бунинг нимаси ёмон, қайтанга қишда свежий помидор, бодринг еймиз. "Парникнинг пулини дарров тўла", демаяпти. Бўлиб-бўлиб ойликдан ушлаб қолса олаверсин. Бўлиб-бўлиб тўлагандан кейин бозор нархидан қимматроқ бўлади-да, парник ўзимизга қоляптику", - дейди Холниёзов.

Бундан олдин туманда банк ходимлари ҳам ёппасига иссиқхона ўрнатишга мажбурланган. Бу ҳақда Хивадаги "Қишлоққурилиш" банки ходими Озодликка айтаркан, бундай деди:

"Бошлиғимиз олмасангизлар бўлмайди, деб айтганди. Ўрнаттиргандик. Олдинига бизга ҳам ёқмаганди. Ҳозир ўйлаб қарасак тўғри қилган эканмиз. Ўн кунда қулупнайимиз пишади, Худо хоҳласа", - деди банк ходими.

Хива тумани ҳокимлиги расмийлари бюджет ташкилотлари ходимларига иссиқхоналар мажбурлаб ўрнатилаётгани юзасидан изоҳ бермади.

Ҳоким ёрдамчиси Озодлик саволини эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "иссиқхоналар даромад манбаи" эканини ўз чиқишларида қайта-қайта айтиб келади.

2017 йил март ойида хонадон эгаларининг буюртмаларига мувофиқ лимон ўстириш учун иссиқхоналар ва парранда боқиш учун қафасларни марказлашган ҳолда қуриб бериш ва тайёр ҳолда хонадон эгаларига топшириш кўзда тутилган ҳукумат қарори ҳам чиққан.

Шу қарорда аҳоли томорқа ер участкаларида иссиқхоналар ташкил этиш учун 5 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан ва парранда боқишни ташкил этиш учун 3 йил муддатга, 1 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ваъда қилинган.

XS
SM
MD
LG