Линклар

18 декабр 2017, Тошкент вақти: 12:14

Тошкентда руҳий касаллар шифохонасидан қочган учинчи бемор ҳам ушланди

  • Озодлик

Шорқул Омоновни "Абу Саҳий" бозорида ушлаш жараёнида у милиция ходимларига пичоқ билан қаршилик кўрсатган.  

Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган қаттиқ назорат остидаги руҳий касалликлар шифохонасидан 20 ноябрь куни қочган уч беморнинг учинчиси ҳам ушланди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси мулозимининг Озодликка айтишича, 33 ёшли Шорқул Омонов 21 ноябрь куни 15.05 да Чилонзор туманида жойлашган “Абу Саҳий” бозори ҳудудида қўлга олинган.

Ўғирликда айбланиб, суд ҳукми билан 9 ойдан буён Олмазор туманидаги қаттиқ назорат қилинадиган руҳий касалхонада мажбурий даволанаётган Шорқул Омонов 20 ноябрь куни 2 шериги билан қочган эди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси мулозимининг Озодликка айтишича, Омоновни "Абу Саҳий" бозорида ушлаш пайтида у милиция ходимларига пичоқ билан қаршилик кўрсатган.

“У ёнида бўлган пичоқ билан ички ишлар ходимига қаршилик кўрсатиб, ён-атрофдагиларга нисбатан жиддий хавф туғдирган. Уни ушлаш пайти бир ходимимиз тан жароҳати олди. Шунга қарамай, у Омоновни қуролсизлантириб, қўлга олишга муваффақ бўлди”, - деди Тошкент ИИБси мулозими.

Шорқул Омонов билан бирга қочган Маъруф Рашидов ва Аҳрор Ҳамроев бир кун олдин Тошкентнинг Олмазор туманида ушланган эди.

Омонов билан бирга қочган Маъруф Рашидов ва Ахрор Ҳамроев бир кун олдин ушланган эди.
Омонов билан бирга қочган Маъруф Рашидов ва Ахрор Ҳамроев бир кун олдин ушланган эди.

Тошкент ИИБси мулозимининг Озодликка айтишича, уччала шахс ўта хавфли жиноятларда айбланган.

Жумладан, Маъруф Рашидов одамга қасддан тан жароҳати етказганликда, Ахрор Ҳамроев эса катта миқдорда наркотик модда ноқонуний савдоси билан шуғулланганликда айбланган.

Қўлга олинган уччала бемор шифохонага қайтарилган. Улар у ердан қандай қочиб кетгани ошкор қилинмаяпти.

Беморларнинг кейинги тақдири нима бўлиши ҳақида ҳам Тошкент ИИБси маълумот бермади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG