Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:47

Ислом Каримовнинг маслаҳатчиси Туркияда ҳибсга олинди


Каримовнинг собиқ давлат маслаҳатчиси Анвар Олтойли
Каримовнинг собиқ давлат маслаҳатчиси Анвар Олтойли

1991 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси лавозимида ишлаган 73 яшар Анвар Олтойли Туркиянинг Манавгат шаҳридаги уйида ҳибсга олинди.

Олтойли яқинларининг Озодликка айтишича, у Туркияда террорчи сифатида қараладиган диний раҳнамо Фатҳуллоҳ Гулан ташкилотига алоқадорликда гумонланиб¸ сўроқ қилиш учун Анқарага олиб кетилган.

Олтойлининг Германияда яшайдиган қариндошга кўра¸ Анвар Олтойли Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга алоқадор деб ҳисобланаётган прокурорларни мамлакатдан чиқариб юборишга кўмак берганликда айбланмоқда.

Олтойлини яқиндан билган ва исми аталишини истамаган истанбуллик ҳуқуқшуноснинг Озодликка айтишича, "илгари сурилаëтган айбловлар қуруқ иддао холос".

Ҳуқуқшунос Олтойли билан биргаликда 1991 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистонда ишлаганини айтди. Унга кўра¸ Олтойли "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатини ташкил қилишга ҳисса қўшган ва мамалакат молия тизимини бозор иқтисодига ўтказиш борасида мамлакат раҳбариятига консультациялар берган.

Анвар Олтойли - Туркия хавфсизлик тизимидаги ўзбек

Анвар Олтойлининг отаси Шокир Олтойли Наманган вилояти, Чодак қишлоғида яшаган ва Совет ҳукумати тазйиқидан қочиб, Афғонистон орқали Туркияга келиб қолган зиëли ўзбеклар вакилидир.

Анвар Олтойли 1944 йили Адананинг (Туркия) Жейхон туманида туғилиб, Анқара университети ҳуқуқ факультетини тугатган.

Олтойлининмг Википедияда эълон қилинган биографиясида унинг 1968 - 1973 йилларда Туркия Миллий Истиҳборат Ташкилотида (Туркия миллий хавфсизлик идораси) советолог сифатида ишлагани айтилади.

Анвар Олтойли Ўзбекистон мустақил бўлмасидан олдин Совет Иттифоқига қилган сафар таассуротлари асосида “Асир турк элларида 90 кун” (Esir Türk İllerinde 90 Gün) китобини эълон қилган эди.

Олтойли 1991 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистонда президент маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб борди. Ўша йилларда Ўзбекистон президенти девонида етакчи консультант вазифасида ишлаган Анвармирзо Ҳусаиновнинг эслашича¸ Олтойли¸ мамлакат иқтисодини “бозор экономикаси рельсларига қўйиш”га оид маслаҳатлар бериш билан биргаликда чет элдаги ўзбекларнинг “Эл” ташкилоти қурултойини ўтказишга ҳам ҳисса қўшган.

Олтойли 1993 йилда Ўзбекистон мухолифати аъзоларига бошпана бергани боис совуқлашган Туркия-Ўзбекистон муносабатлари фонида Тошкентни тарк этгани айтилади.

Туркия ва Германия ватандоши бўлган Олтойли кейинги 20 йил ичида публицистика билан шуғулланди.

Олтойли қаламига мансуб 2008 йилда чоп қилинган “Буюк ўйиндаги турк” (Büyük Oyundaki Türk) асари ўша йили Туркияда энг кўп сотилган китоблар ўнлигидан ўрин олган эди.

XS
SM
MD
LG