Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:13

МДҲ ҳудудидаги 18 ёшдан кичик ўзбекистонликлар юртига қайтарилади


Ўзбекистон Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудида ноқонуний яшаб юрган балоғатга етмаган фуқароларини ватанига қайтариш ҳақидаги протоколни тасдиқлади. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов имзолаган айни ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон 18 ёшгача бўлган фуқароларини қайтаришда МДҲ давлатлари махсус идоралари кўмагига таяниши мумкин.

Расмий матбуотга кўра, хориждаги ўсмирларни ватанига қайтариш Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва хориждаги ваколатхоналар зиммасига юкланган.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси мулозимининг Озодликка айтишича, гап ота-онаси ёҳуд васийсисиз ёлғиз юрган ўсмирлар ҳақида кетяпти:

– Ёнида ота-онаси бўлса ёки унга қараб юриш масъулиятини олган бирон қариндоши бўлса, уларга тегилмайди. Ўзича, ота-онасисиз бу ерга келиб яшаётган, ишлаётган ёки бекор юрган 18 ёшгача бўлганлар қайтарилади. Бу, энг аввало, уларни ўйлаб қилиняпти. 18 ёшгача бўлган ҳар бир ўғил-қиз ота-онасини бағрида бўлиши керак, ўқишини ўқиши керак, - деди элчихона мулозими.

МДҲ мамалкатлари орасида ўсмирларни қайтариш ҳақидаги шартнома 2002 йилда имзоланган.

2015 йилнинг октябрида Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган ҳамдўстлик давлатлари вакиллари учрашувида, балоғатга етмаган ўсмирларни ўз ватанига қайтариш вақтида пайдо бўладиган харажатлар тартибини белгилаш бўйича протокол ҳам имзоланган.

Шу ҳужжатга мувофиқ, МДҲ давлатларида ноқонуний равишда яшаётган болаларни ўз ватанига қайтариш вақтида пайдо бўладиган ҳаражатларни мезбон давлат ва элчихона кўтариши кўзда тутилган.

– Болани ватанига кузатиб қўйиш, транспорт ҳаражатлари хаммаси мезбон давлат ва элчихона томонидан қопланади, - деди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси мулозими.

Москвадаги меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий кўмаклашувчи "Ёрдам" ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев коллеждаги ўқишини ташлаб Россияга ишлагани келаётган ўзбекистонлик ўспиринлар сони ортаётганини айтади.

- Улар мажбур бўляпти. Ўқиган билан Ўзбекистонда иш йўқ-ку?! Коллеж у ёқда турсин, университетни тугатганларга иш йўқ-ку?! Ундан кўра, Ўзбекистондаги ҳукумат шу ёшларни истиқболини ўйлаб, уларни иш билан таминлаш ҳақида қайғурса бўларди, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Ўзбекистонда хорижга ишлашга кетган коллеж ўқувчиларини қайтариш ҳаракати эса бир неча йил аввал бошланган.

Ўқишни ташлаб хорижга ишлашга кетган фарзандини қайтармаган ота-оналар Ўзбекистон маъмурий-жавобгарлик кодексининг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жавобгарликка тортилаяпти.

Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 47-моддасида "Энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солиш" жазоси кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG