Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2021, Тошкент вақти: 17:37

Бешариқда қарийб 40 мардикор аёл тушган автобус зовурга ағдарилди, 7 киши жонлантириш бўлимига ётқизилди


Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида аксари аёллар ва ёш болалар бўлган 40 нафарга яқин мардикор ишчини мева теримига олиб бораётган автобус ҳалокатга учраши оқибатида камида 7 киши жароҳатланди.

30 август куни юз берган ҳалокат гувоҳларининг Озодликка айтишича, "Мерседес" русумли, 18 ўриндиқли автобус йўл четига чиқиб кетиб, зовурга ағдарилган.

Автоуловда бўлган қирққа яқин йўловчи турли жароҳат олган, шулардан 7 нафари оғир аҳволда Бешариқ туман Тиббиёт бирлашмасининг шошилинч ёрдам маркази реанимация бўлимига ётқизилган.

Шифокорларга кўра, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас.Бешариқ Тиббиёт бирлашмаси шифокори бундай деди:

- Боши ёрилгани бор, қовурғаси сингани бор. Болалар орасида қўрқиб қолганлари бор. Уларга лозим ёрдам кўрсатиляпти.

Бешариқ туман Ички ишлар бўлими автобус ҳалокати юзасидан тергов ишлари олиб борилганини айтди:

- Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетган, ҳозир бу бўйича тергов олиб бориляпти.

Озодликка маълум бўлишича, автобус ҳайдовчисида йўловчи ташиш учун лицензия бўлмаган.

Автобус ҳалокатида жабр кўрган аёллардан бири қариндошининг Озодликка айтишича, улар ёш болалари билан Бешариқ туманининг Товул қишлоғидан Ўзбекитон туманининг Ўқчи массивидаги фермер хўжалигида шафтоли теришга кетаётган бўлган:

- Бизнинг туманда иш йўқ. Шунинг учун кўпчилигининг эри Россияда. Болалари билан 30 минг сўмлик кунлик ҳақ учун қўшни туманга мева тергани кетаётган бўлишган. Автобус ағдарилиб, Зовурга тушиб кетган. Ҳозир етти нафари оғир аҳволда ётибди. Ағдарилган автобуснинг ичида ўнга яқин бола ҳам бўлган, улар ҳам жароҳатланиб, айримлари қаттиқ шокда.

Бу сўнгги уч ой ичидаги Озодлик хабар берган тўртинчи автобус ҳалокатидир.

Шу йилнинг май ойи оҳирида Бухорода элликка яқин йўловчини олиб кетаётган автобус ағдарилиши оқибатида 19 одам тан жароҳатлари олиб касалхонага ётқизилди.

Июл ойида Тошкентнинг Роҳат автосалони олддаги йўлда "Исузу" автобуси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида етти киши, Бобур кўчасида эса ўттизга яқин йўловчини олиб кетаётган "Ман" автобуси дарахтга бориб урилиши оқибатида ўндан ортиқ киши жароҳат олган эди.

XS
SM
MD
LG