Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:17

Андижоннинг "Эски шаҳар" бозорини Тошкентдан келган солиқчилар босди


Андижоннинг "Эски шаҳар" бозори
Андижоннинг "Эски шаҳар" бозори

Андижон шаҳрининг энг йирик бозорларидан бири - “Эски шаҳар”да солиқ инспекторлари текширув бошлади. Бозорда савдо қилувчи айрим тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, 15 ноябрь куни бошланган рейдларда бир неча дўкон муҳрланиб, айрим савдогарларнинг товарлари мусодара қилинган. “Эски шаҳар” бозори маъмурияти текширув ўтказаётган солиқчилар Республика Давлат солиқ қўмитаси ходимлари бўлиб, улар бозорнинг молиявий аҳволини тафтиш қилаётганини Озодликка айтди.

Андижондаги "Эски шаҳар" бозоридаги Озодлик суҳбатлашган савдогарлар солиқ идораларини асоссиз текширувлар ўтказиб, тадбикорлик фаолиятига ноқонуний аралашаётганликда айбламоқда.

- Яқиндагина пахтадан зўрға қутилдик. Пахтага деб ҳар бир савдогардан бир миллион сўмдан пул йиғиб олишди. Энди мана бу текшиуврлар. Ҳозир йигирмага яқин дўконни, мени дўконимни ҳам муҳрлаб, текширишяпти. Ҳар бир растада қанча пул кирим бўляпти, қанчаси давлатга тушяпти, тийинма-тийин текширяпти. Уларнинг айтишича, давлатга тушум тушмаётган экан. Давлатга пул тушмаётган бўлса, бу бизни айбимиз эмаску?! Биз ҳар ой бир миллион сўмга яқин пул тўлаймиз. Ундан кўра, тадбиркорлардан олинаётган шу пуллар кимнинг чўнтагига кетаётганини текширишсин. Президентимизнинг тадбиркорга ғамҳўрлик қилиш тўғрисидаги қарорларига амал қилишсин, тадбикорлар фаолиятига аралашишларни тўхтатишсин”, - дейди "Эски шаҳар" бозорида озиқ-овқат махсулотлари билан савдо қилувчи тадбиркор.

“Эски шаҳар” бозори маъмуриятининг Озодлик боғланган мулозими бозорда текширув ўтказаётган солиқчилар Тошкентдан келган Республика Давлат солиқ қўмитаси ходимлари бўлиб, улар бозорнинг молиявий аҳволини тафтиш қилаётганини айтди.

- Ҳеч қанақа ваҳимага асос йўқ. Одатдагидек текширувлар, бозор ишлаяпти. Ҳаммаси рисоладагидай. Тадбиркорлар қонунда белгиланган тартибларни бузган тақдирда тегишли идоралар томонидан текшириш ўтказади. Бунга биз ҳам аралаша олмаймиз, - деди “Эски шаҳар” бозори маъмурияти мулозими.

Давлат солиқ қўмитасининг исми сир қолишини сўраган райсмийсининг Озодликка айтишича, текширувлар бозорда тушум пулларининг ҳаммаси ҳам ҳисобга олиниб, кирим қилинмаётгани ҳақидаги шикоятлардан сўнг бошланган.

- Бозордаги тадбиркорлар ишига аралашаётганимиз йўқ. Бозорда тушум пулларининг ҳаммаси ҳам ҳисобга олиниб, кирим қилинмаётгани ҳақида шу бозордан шикоят тушди, шу ҳолат текшириляпти, - деди Давлат солиқ қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Шу кунларда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси мамлакатнинг бошқа бозорларини ҳам тафтиш қилмоқда.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги энг йирик улгуржи бозорларидан бири - “Ўрикзор”да солиқ ходимлари текширув ўтказган. Тадбиркорларга кўра, бир неча дўкон муҳрланиб, айрим савдогарларнинг товарлари мусодара қилингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Тошкентдаги электр товарлари билан савдо қилувчи “Малика” савдо марказидаги дўконларнинг 80 фоиздан ортиғи эса Солиқ идоралари текширувлари боис 14 ноябр кунидан буён ишламаяпти.

Озодлик суҳбатлашган сотувчиларнинг айтишича, 13 ноябрь куни савдо марказидаги бир неча дўконнинг товарлари олиб қўйилганидан сўнг, тадбиркорларнинг аксарияти 14 ноябрь куни дўконларини очмаган.

Тошкент солиқ инспекцияси мулозими ҳужжатсиз мол сотаётганларни аниқлаш бўйича рейд ўтказилаётганини тасдиқлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида доимий текширишлар, молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашувлар оқибатида тадбиркорлар ўз ишини вақтинча тўхтатишга, айрим ҳолларда эса умуман тугатишга мажбур бўлаётгани, мансабдор шахсларнинг таъмагирлик ҳолатларига йўл очиб бераётганини айтиб келади.

"Текширишлар тирноқ остидан кир қидириш, камчилик топишга йўналтирилган бўлиб, охир-оқибатда тадбиркорларни синдирмоқда", - деган эди Мирзиёев ўтган йили март ойидаги ҳукумат мажлисида.

2017 йил май ойида эса Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ушбу институт тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг, ҳар хил асоссиз текширувлар ўтказиш йўли билан аралашувларнинг зудлик билан барҳам берилишига, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишининг ҳар қандай шаклининг олдини олиш учун самарали чоралар кўрилишига, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, суд орқали тиклаш механизмларидан унумли фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилиши айтилганди.

XS
SM
MD
LG