Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:18

Бешариқликлар ҳокимни қабристон ерини фермерга сотиб юборганликда айбламоқда


Бешариқ тумани ер ресурслари ва Давлат кадастр бўлими ҳужжатларига кўра, Зарқайнар маҳалласидаги қабристон учун 1966 йилда 10 гектар ер ажратилган.
Бешариқ тумани ер ресурслари ва Давлат кадастр бўлими ҳужжатларига кўра, Зарқайнар маҳалласидаги қабристон учун 1966 йилда 10 гектар ер ажратилган.

Фарғона вилоят, Бешариқ туман, Зарқайнар маҳалласи аҳолиси вакиллари туман ҳокимини қабристон учун ажратилган ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, қабрларни оёқ ости қилган ҳолда пахта ва бошқа экин экиш учун фермер хўжалигига сотиб юборганликда айбламоқда.

Бешариқ тумани Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг Озодлик боғланган мулозими қабристон учун 1966 йилда ажратилган 10 гектар ернинг 4 гектари Юсупова Мадина фермер хўжалиги балансига ўтган йили қонуний асосда ўтказилганини айтди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган бешариқликлар қабристон ерининг учдан бир қисми фермер хўжалигига ўтказилиши оқибатида қабристон атрофида санитария-ҳимоя зонаси бузилгани, у ерни ободонлаштириш учун дарахт экишга ер қолмаганидан ташвиш билдирмоқда.

Бешариқ туман, Зарқайнар маҳалласида яшовчи 61 ёшли Анвар Раҳмонов туман ҳокимини қабристон ерини фермер хўжалигига сотиб юборганликда айблади:

- Қабристонни ободонлаштириш учун атрофига терак экайлик десак, ерни фермер хўжалигига сотиб юборишибди. 10 гетар ердан 6 гектари қабристонга қолган, 4 гектарини хатлаб, фермер хўжалигига сотиб юборишган.

Бешариқлик исми сир қолишини истаган маҳалла фаолининг фикрича, қабристон ерининг учдан бир қисми фермер хўжалигига сотиб юборилиши оқибатида қабристон атрофида санитария-ҳимоя зонаси бузилган:

- Санитария меъёри ва қоидалари талаблари бўйича санитария-ҳимоя зонаси 100 метрдан кам бўлмаслиги лозим, ҳозир у ерда терак экишга ҳам жой қолмаган. "Халқнинг мозори ва бозорига тегма", дейишади, лекин ҳокимлар мозоримизни ҳам бозоримизни ҳам вайрон қиляпти.

Анвар Раҳмоновнинг айтишича, Бешариқ туман Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ҳужжатларида Зарқайнар маҳалласидаги қабристон учун 1966 йилда 10 гектар ер ажратилган.

- Ҳозирги кунда қабристон 6 гектардан иборат ер ҳудудида қолган, - дейди Раҳмонов.

Қабристон учун ажратилган ерининг бир қисми фермер хўжалигига ўтказиб берилишининг Ўзбекистондаги қонунларга нақадар мос эканлиги эса савол остида.

Юсупова Мадина фермер хўжалигининг исмини айтмаган раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда ерни қонуний асосда олганликларини айтди:

- Пахта экиш учун ҳокимият ерни таклиф қилди, биз олдик. Пахта экиб, давлатга топширяпмиз. Бекор ётган ер эди, шу ердан ҳосил олиб давлатга топширяпмиз. Ҳеч қанақа ноқонуний жойи йўқ, келиб текширишсин.

Бешариқ туман Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг исми айтилмаслигини сўраган мулозими Озодлик билан суҳбатда қабристон учун ажратилган ернинг бир қисми узоқ йил фойдаланилмасдан қолиб, ташландиқ жойга айлангани учун у ерда зироат экинлари экиш мақсадида фермер хўжалигига тендер асосида сотилганини айтди:

- Бу ер узоқ йил, ўша совхоз даврларидан бери осилиб қолган эди. Қаровсиз ерлар эди. Ўтган йили Юсупова Мадина фермер хўжалигига қўшиб берилди. У ерда қабр йўқ, фақат ер. Қабристон қандай жойда бўлган бўлса шу жойида турибди, уни ерига тегилгани йўқ. Лекин, у ердаги аҳоли 6 гектар эмас 9 гектар бўлиши керак, қарорда ёзилган, деб жанжал қиляпти. Қаровсиз ётганида бу ер ҳеч кимни ёдига тушмаган эди. Аслида жанжаллик ҳеч нарса йўқ. Қабристоннинг 6 гектарлик ҳудудида 4 гектар ер бўш турибди, улар терак экиб, ободонлаштирмоқчимиз дейишди, экаверинглар, 4 гектар ер турибдику?!

Бешариқ тумани ҳокимлигининг ер масалаларига масъул расмийси эса, Зарқайнар маҳалласи аҳлига қабристон учун қўшимча ер керак бўлса, бошқа жойдан берилишини ваъда қилди:

- Ўша қабристоннинг ичида керагидан ҳам ортиқ ер бор. Терак экиб ободонлаштираман, деса шу ерга экса бўладику, йўқ булар "ҳоким ерни қайтариб берсин", деб жанжал кўтаряпти. Гўё ҳоким ерни ўзи учун олиб қўйгандек. Керагидан ҳам ортиқ ер бор, керак бўлса яна берамиз.

Лекин, Зарқайнар маҳалласи аҳолиси ҳоким нима асосда қабристон учун ажратилган ерни фермер хўжалигига ўтказилганини изоҳлаб беришини талаб қилишмоқда.

Озодлик бу масалада Бешариқ тумани ҳокимининг ўзига боғлана олмади.

Ҳокимнинг ёрдамчиси саволни эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

Маҳаллий амалдорлар қабристон ҳудудларини ўзбошимча ўзгартириши маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлиши Ўзбекистонда биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

“Прокурор қабрларни оёқости қилиб, онасига сағана қурдирди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:25 0:00

Ўтган ой Самарқанд вилояти Пахтачи туманида аҳоли прокурор қабрларни оёқости қилиб онасига сағана қурдиргани ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG