Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 18:18

Солиқчилар Мирзиëев берган имтиëзни суиистеъмол қилган ҳунармандларни текширмоқда


Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳунармандларнинг имтиёзлардан тўғри ёки нотўғри фойдаланилаётганини текширишга киришган.

Қўмитадаги Озодлик манбасига кўра, бу текширувлар айрим тужжорларнинг ҳунарманд ниқоби остида давлат имтиёзларидан солиқдан қочиш мақсадида фойдаланаётгани ҳақидаги маълумот ортидан ўтказилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган айрим ҳунармандлар, текширувлар доирасида бу каби тужжорлар қолиб¸ солиқ инспекторлари ҳақиқий ишини қилаётган ҳунармандларни нишонга олаётганидан шикоят қилди.

Водийдаги текширувлар

Андижон ва Фарғонадаги ҳунарманд марказлари 20 июндан бошлаб солиқ инспекторлари ҳунармандларнинг имтиёзлардан нақадар ўринли фойдаланаётганини текширишга киришгани ҳақида огоҳлантирув хатлари олган.

Марғилондаги заргарлик ва зардўзлик буюмларига ихтисослашган ҳунарманлик маркази раҳбари Элбек Муҳаммадёров шундай огоҳлантирув хати олганлардан бири.

- Булар ҳозир солиқдан қочиш учун ҳунармандлик гувоҳномасини олиб, тижоратчилик билан шуғулланаётганларни қидирмоқда. Марғилондаги ҳар икки дўконнинг бири ҳунарманд деб рўйхатдан ўтган - дейди Муҳаммадёров.

Фарғоналик ҳунармандлар олган огоҳлантирув хати.
Фарғоналик ҳунармандлар олган огоҳлантирув хати.

Президент берган имтиëз суистеъмол қилинмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 17 ноябрь куни “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини имзолаган эди.

Айни фармонга мувофиқ ҳунармандлар даромад ва бошқа солиқлар, жумладан ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда солиқ тўловидан тўлиқ озод этилди.

Республика Солиқ қўмитасининг Озодлик гаплашган мулозими, президент фармони ортидан давлат рўйхатидан ҳунарманд сифатида қайд қилиниб, давлатга солиқ тўламаган ҳолда тижорий иш билан шуғулланаётганликлар кўпайгани¸ шундай текширувларга асос бўлганини билдирди.

Шахси очиқланмаслигини сўраган бу мулозимга кўра¸ биргина Фарғонанинг Марғилон шаҳрида 550 га яқин ҳунарманд ташкилоти рўйхатга олинган бўлса, шундан 246 тасининг ҳунармандликка тўғри келмайдиган иш билан шуғуллангани аниқланган.

"Дурадгор-ҳунарманд сифатида рўйхатга олинаяпти, ҳеч нарса ишлаб чиқармасдан¸ Хитойдан мебель олиб келиб сотаяпти ва ҳунармандларга берилган имтиёзларни пеш қилиб¸ фойдадан давлатга солиқ тўламаяпти. Бунақалар жуда кўпайиб кетди. Ҳозир шу ҳолатларни текшираяпмиз. Аниқланса¸ имтиёзларини бекор қилаяпмиз", - деди Солиқ қўмитасининг Озодлик гаплашган мулозими.

Солиқ текширувлари бутун республика миқëсида ўтказилмоқда

Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси матбуот котиби Нилуфар Ҳотамова ҳунармандларга берилган имтиёзлардан ноўрин фойдаланиш ҳолатлари бутун республика бўйлаб кўпайганини тасдиқлади:

- Текширишaяпти. Бошида ҳунармандман, миллий кийим тикаман, деб гувоҳнамани олаяпти. Бир-икки ой ўтгандан кейин¸ Хитойдан кийим олиб келиб, дўконини тўлдириб ташлаяпти, солиқ тўламаяпти. Буларнинг дастидан ҳақиқий ҳунармандлар зиён кўраяпти, - деди Нилуфар Ҳотамова.

"Тужжор қолиб¸ ҳунармандни овора қилишаяпти"

Марғилондаги заргарлик ва зардўзлик буюмларига ихтисослашган ҳунарманлик маркази раҳбари Элбек Муҳаммадёров солиқ идоралари бундай тужжорлар қолиб¸ ҳақиқий ҳунармандлар ишига ноқонуний аралашаётганидан шикоят қилди:

- Бизда 100 фоиз ҳунармандлик маҳсулотлари. Лекин, солиқдан келиб, бизни овора қилишаяпти. Дўкон очиб, ҳунармандман, деб Хитойнинг молини сотаётганларга индамайди, бизга тегади. Текшираверсин, лекин текширувлар холис ўтказилсин-да, - дейди Муҳаммадёров.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида ҳунармандларга солиқдан озод қилишдан ташқари ҳам кўпгина бошқа имтиëзлар берилган.

Фармонга мувофиқ ҳунармандлар Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан ҳам озод этилган.

Қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайдилар холос.

Ўтган ой хоразмлик бир гуруҳ ҳунармандлар Озодликка мурожаат қилиб, Хивадаги тарихий обидалар ичида тужжорлар ароқ дўкони, телефон устахонаси, Paynet очганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG