Линклар

Хоразм ҳокимлиги мулозими аҳолини "уйдаги жанжални ташқарига чиқармаслик"ка чақирди

  • Озодлик

Uzbekistan - lady assaulted in Urgench bazaar

Хоразм вилоятида аёллар сазойи қилиниши акс этган бир қанча видео ижтимоий тармоқларда тарқалиши ва ахборот воситаларида намойиш этилиши ортидан вилоят ҳокимлиги жойларда “ўз уйингдаги гапни ташқарига чиқарма” мазмунида йиғинлар ўтказмоқда. Жумладан, Урганчдаги 36-сонли мактабда 4 ноябрь куни ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлигига янги тайинланган ҳотин-қизлар қўмитаси раҳбари Сайёра Абдукаримова мажлисга йиғилган ўқитувчи ва маҳалла фаолларини ҳар-хил видеоларнинг хориж ахборот воситаларига чиқиб кетмаслиги учун, жойларда аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб боришга чақирган.

Шу йиғинда қатнашган хоразмлик муаллимнинг Озодликка айтишича, ҳокимият хотин-қизлар қўмитаси мулозими Сайёра Абдукаримова ҳар бир уйда жанжал бўлади, шуни ташқарига чиқариш шартми деб айтган ва чет давлатлардаги айрим ахборот воситаларида ишловчи ўзбекистонлик журналистларни ўз ватани ҳақида ёлғон нарсаларни тўқиб, тарқатаётганликда айблаган.

Лекин, Озодлик билан Абдукаримова "айрим ахборот воситалари аввал бўлган воқеани бугун бўлди, деб бўрттириб қўрсатаётгани" ҳақида мажлисда гапирганини айтди.

- Бугун бўлган воқеани эмас, олдин бўлган воқеаларни катта қилиб, бўрттириб чиқариб юборяптилар оммавий ахборот воситалари, мана шу ҳолатлар бўляпти, дедим. Мен буни ўрганиб қўрдим, бўлмаган экан-да шунақа нарса. Ўтган ҳафталарда Урганч бозорида аёл сазойи қилинаётгани акс этган видеолар Интернет ижтимоий тармоқлардан Россия телеканали дастуригача тарқаган эди. Мен ишлаётган давримда бўлган эмас шунақа ҳолат, - деди Абдукаримова.

Ижтимоий тармоқлардан Россия телеканали дастуригача тарқаган Урганч бозоридаги самосуд видеоси¸ Озодлик суҳбатлашган урганчликларга кўра¸ шаҳар буюм бозорида¸ 7 октябрь куни содир бўлган.

Бундай воқеанинг Хоразмда бўлмагани ва бўлмаслигини таъкидлаган вилоят ҳокимлиги мулозими эса¸ уни "душманлар фитнаси" деб атаган эди.

Лекин видеони томоша қилган урганчлик дўкон эгаси воқеанинг 7 октябрь куни Урганч шаҳар буюм бозоридаги кийим-кечак дўконида содир бўлганини айтганди.

Унга кўра¸ тахминан 17 яшар коллеж ўқувчиси бўлган қиз магазиндан кийим ўғирлаган пайтда ушлаб сазойи қилинган. Жанжалнинг бўлганини Урганч буюм бозорида иккита дўкони бўлган бошқа тадбиркор ҳам тасдиқлади.

Бу суҳбатдошга кўра¸ “самосуд қилинган аëлга жисмоний зарар етмаган.”

Урганч шаҳар ИИБсининг буюм бозоридаги Таянч пунктида ишловчи милиционернинг айтишича¸ ўша куни бу воқеа юзасидан ҳеч ким расман шикоят қилмаган.

Милиционерга кўра¸ дўкон эгасидан ўғирлик борасида ëки коллеж ўқувчисидан калтак еганлик борасида ариза тушмаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG