Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2021, Тошкент вақти: 14:43

Акаси ва янгасини болта билан чопиб ўлдирган шахс милицияга таслим бўлди


Акаси ва янгасини чопиб ўлдирганликда гумон қилинаётган 46 ёшли Бахтиёр Шукуровга қидирув эълон қилинган эди.

Самарқандда уй устида талашиб акаси ва янгасини чопиб ўлдирганликда гумон қилинаётган 46 ёшли Бахтиёр Шукуров қотиллик рўй берганидан икки ҳафта ўтиб 29 март куни ўз ихтиёри билан милицияга таслим бўлди. Марҳум эр-хотиннинг қариндоши Озодликка билдирган ушбу маълумотни вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари тасдиқлади.

14 март куни Каттақўрғон туман маркази - Пайшанба шаҳарчаси, Кумуштола кўчасидаги хонадонда рафиқаси ва 8 ёшли ўғли билан яшаган Бахтиёр Шукуров отасидан мерос қолган уйдан чиқиб кетишни талаб қилиб келган 58 ёшли акаси Абдуқаҳҳор ва 55 ёшли янгаси Мақсудани болта билан чопиб ўлдиргани, кейин воқеа жойидан ғойиб бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Марҳум эр-хотиннинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган қариндоши “қатил амаки”си 29 март оқшомида ўз ихтиёри билан милицияга таслим бўлганини айтди.

- Бахтиёр амаким хотини ва ўғлини милицияда тинимсиз сўроқ қилаверишгач, кеча ўз оёғи билан милиция бўлимига кириб борди. Икки ҳафтадан бери милициядан қочиб юрганди. Милиция уни атайлаб қидирмадими ё милициямиз шу қадар заифми, амаким қочиб юраверди. Ҳозир милиция уни ҳибсга олиб, хотини ва 8 ёшли фарзандини қўйиб юборди, - деди қотиллик қурбонларининг қариндоши.

Унинг айтишича, Бахтиёр Шукуровнинг хотини ва 8 яшар ўғли фожиа юз берган кундан буён деярли ҳар куни сўроққа чақиртирилган.

Озодликка маълум бўлишича, Бахтиёр Шукуров 2003-2014 йиллар оралиғида қароқчилик ва қотиллик айбловлари бўйича бир неча марта қамалиб чиққан.

Охирги марта у 2014 йилда президент амнистияси асосида озод этилган.

Марҳум эр-хотиннинг фарзанди қонунан отаси номидаги уй устида жанжал тўрт йилдан бери давом этиб келгани ва амакисининг ўз яқинларига болта-пичоқ кўтариши билан якун топганини айтди.

- Ўша кунги қотиллик бақир-чақирлари онамнинг телефонига ёзилиб қолибди. Амаким атайлаб, болтани чархлаб қўйган эканми, келса ўлдираман, деган мақсадда, отам-онам келишяпти, амаким хотинига, яъни келинойимга “болтани олиб чиқ” дейди. Олдинига онамни, кейин отамни болта билан чопиб ўлдиряпти. Бақир-чақир, бу нарса Мажбурий ижро бюроси ходимлари кўз олдида бўляпти. Улар қочиб кетишибди. Қонга беланиб ётганларга ёрдам берадиган одам бўлмаган, - дейди қотиллик рўй берган оила қариндоши.

Самарқанд вилояти ИИБнинг исми очиқланмаслигини истаган мулозими қотилликда гумонланиб қидирувда бўлган Бахтиёр Шукуров 29 март куни қўлга олинганини тасдиқлади, ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси, қасддан одам ўлдириш бўйича иш очилганини айтди.

"14 март куни соат 15.30ларда Б. Шукуров уйида ўзаро жанжал оқибатида акаси, 1959 йилда туғилган A. Шукуровнинг боши ва қорнига болта билан уриб жароҳатлайдиi Шу ерда бўлган А. Шукуровнинг турмуш ўртоғи, 1962 қилда туғилган M.Шукуровага ҳам болта билан ташланиб, кўксига пичоқ уради. Эр-хотин олган жароҳатидан ҳаётдан кўз юмди. Уларга болта кўтарган Б. Шукуров қочиб юрганди, 29 март куни қўлга тушди", - деб билдирди Самарқанд вилояти ИИБси расмийси.

Пайшанба шаҳарчасидаги маҳалла фаолининг Озодликка айтишича, Абдуқаҳҳор Шукуров укаси қамоқдалигида отасига тегишли уйни ўз номига расмийлаштирган.

Лекин, қотиллик рўй берган оила қариндошларидан бири Озодликка аввал-бошданоқ Абдуқаҳҳор Шукуровнинг номида бўлган, ҳозир унинг ўғлига мерос қолганини айтди.

- Уй бошидан Абдуқаҳҳор амакимни номида бўлган. Бахтиёр амаким қамалиб чиққанидан сўнг, уч-тўрт йил олдин уйга хўжайинчилик қилиб олди. Амнистия билан чиқиб олиб, ҳаммани қўрқитиб, шунақа қилди, - деди болта билан чопиб ўлдирилган эр-хотин қариндоши.

Ҳозирда ака-ука ўртасида қонли талашувга айланган уйда қотилликда айбланиб қўлга олинган Бахтиёр Шукуровнинг рафиқаси ва 8 ёшли ўғли яшамоқда.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида содир бўлган бошқа шу каби фожеалар тўғрисида Озодлик бир неча бор хабар қилган.

27 март куни Фарғонада ака эски Нексия устида талашиб ўз укасини пичоқлаб ўлдиргани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йил сентябр ойида Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайноанаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиши оқибатида 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлди, 9 яшар ўғил куйиш жароҳати олди.

2017 йилнинг августида эса Фарғонада 51 ёшли ота машина устида талашиб, 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG