Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:21

Тошкентдаги "Tet-aTet" тунги клубида дипломатия университети талабалари пичоқлашди


Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган “Tet-a-Tet” тунги клубида 25 февралга ўтар кечаси рўй берган пичоқбозлик оқибатида камида беш одам оғир жароҳатланди.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, тунги клуб эшиги олдидаги пичоқбозлик Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг юқори курс талабалари ва шу клубга келган номаълум шахслар орасидаги оғзаки тортишувдан бошланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “е,к” бандлари - Қасддан баданга оғир шикаст етказиш бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Пичоқбозликка алоқадор кўрилган икки киши қамоққа олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси билдирувида айтилишича, муштлашувга аралашганлардан бири ўзининг шимини чўнтагида бўлган ёғоч дастали кичик ошхона пичоғи билан дастлаб, йигитлардан бирининг орт томонидан чап курагига уриб, тан жароҳати етказган, бошқа бир йигитнинг чап кўкрагини шу пичоқ билан кесиб юбориб, сўнг учинчи йигитнинг қорнига пичоқ уриб, тан жароҳати етказган.

Бош прокуратура билдирувида пичоқлашувга аралашганларнинг шахсига оид маълумотлар очиқланмаган.

​Жаҳон иқтисодиёти ва дипломати университетининг Озодлик суҳбатлашган ходимларидан бири ушбу воқеа билим юртида муҳокама қилинганини айтди.

Унга кўра, жанжалга алоқадорларни талабалик сафидан чиқариш масаласи кўрилмоқда.

Ўзбекистондаги етакчи олийгоҳлардан саналмиш Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ётоқхонасида 2015 йилда шу университет талабаларидан бирининг ўлик ҳолда топилгани катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Гувоҳлар талаба кўкрагининг бир қанча жойида жароҳатлар, қотиб қолган қон излари бўлганини Озодликка айтганди.

“Tet-a-Tet” тунги клубидаги пичоқлашув Тошкентда сўнгги етти ой ичидаги иккинчи йирик қонли инцидент бўлди.

Ўтган йилнинг август ойида Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Aurum 898 тунги клубида юз берган пичоқбозликда ўзбекистонлик эркин курашчи Жамшид Кенжаев ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG