Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2021, Тошкент вақти: 02:47

Қорақалпоғистонда уч гўдак ва уларнинг онаси жасади қудуқдан топилди


Қудуқдан жасади топилган болаларнинг энг кичиги саккиз ойлик , ўртанжаси 2 ва каттаси 3 ёшда бўлган. (Суратдаги қудуқнинг Хўжайлидаги воқеага алоқаси йўқ)

28 март куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туман, Саршунгул қишлоғида уч гўдак ва улар онасининг жасадлари қудуқдан топилди.

Бахтсиз ҳодиса бўлганми ёки оилавий суицидми - ҳозирча маълум эмас.

Туман ИИБ вакили Озодликка болалар қудуққа бўғиб ўлдирилиб ташланганига ишора қилувчи белгилар борлиги сабабли, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) банди бўйича терговолди суриштирувлари бошланганини билдирди.

Фожиа рўй берган хонадон қўшниларидан бирининг Озодликка айтишича, қудуқдан жасади топилган болаларнинг энг кичиги 8 ойлик, ўртанчаси 2 ва каттаси 3 ёшда бўлган.

Уч бола билан бирга уларнинг 25 ёшли онасининг жасади ҳам қудуқдан чиқарилган.

- Уйимиз ёнида колодец, сув сақлагич бор, лекин атрофи ўралмаган. Қишлоққа водопровод ўтмагани учун ҳамма шу ердан сув ичади. Булар ҳам шу қудуқдан сув ичиб келган. Болалар шу ёмкостга тушиб кетганми ё ўлдирилиб қудуққа ташланганми, хуллас она ва болаларнинг жасади кеча эрталаб шу қудуқдан чиқариб олинди. Уй тарофини милиция ўраб олган, текширишяпти, - деди фожиа рўй берган хонадоннинг исми сир қолишини сўраган қўшниси.

Озодлик сувга уч фарзанди билан қудуққа чўкиб ўлган аёл ҳеч қаерда ишламайдиган 32 ёшли Ўлмекен Тўремуратова эканини аниқлади.

Қўшниларининг Озодликка айтишича, фожиа рўй берган пайтда болаларнинг отаси уйда бўлмаган.

- Эри Қозоғистонга бориб тирикчилик қилиб юради. Шу куни ҳам у Қозоғистонда бўлган. Хотини ишсиз. Жуда камбағал оила эди. Эрини Қозоғистонда топган пулига булар кун кўриб келишган, - деди марҳуманинг қўшниси.

Бир кунда уч фарзанди ва хотинидан жудо бўлган эр Озодликка гапиришни истамади.

Хўжайли туман Ички ишлар бўлими ходими Озодликка Саршунгул қишлоғидаги фожиа бўйича суриштирув ўтказилаётганини айтди.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини истаган Хўжайли ҳуқуқ тизимларида ишловчи бошқа бир мулозим оммавий қотиллик ва суицид версияси ҳам ўрганилаётганини билдирди.

- Энди, қутқараман деб ташлаганми ё болалар ўлдирилиб кейин қудуққа ташланганми - буни текширяпмиз. Ҳозир суриштирув бўляпти. Жасаддар экспертиза қилинди. Экспертиза хулосасига кўра, кичик ва ўртанча болалар нафас йўлининг қисилиши сабаб ўлган. Яъни болалар бўғиб ўлдирилиб, кейин қудуққа ташланган бўлиши мумкин. Катта ўғил ва онанинг жони эса сув ичида узилган. Бу ерда оммавий қотиллик ва суицид бўлган, деган фараз бор. Лекин, буни ўрганяпмиз, хулоса қилишга ҳали эрта, - деди Хўжайли ҳуқуқ тизимларида ишловчи мулозим.

Озодлик қаровсиз қолдирилган болалар қудуқ ёки ариққа чўкиб ўлгани билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида илгари хабар берган.

Лекин бирданига уч гўдак ва онасининг жасади қудуқдан топилиши ҳали кузатилмаган.

Озодлик Хўжайлидаги фожиа тафсилотларини ўрганишда давом этади.

XS
SM
MD
LG