Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:24

Мирзиёевни вилоятларда ҳокимлар ташвиш билан, аҳоли умид билан кутаяпти


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январ куни Хоразм вилоятига сафар қилган эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январ куни Хоразм вилоятига сафар қилган эди.

Кейинги кунларда Озодлик почтасига келаётган хат-хабарлардан "бутун Ўзбекистон мамлакат раҳбарини кутиб яшамоқда", деган фикр беихтиёр пайдо бўлади.

Келаётган хат-хабарларни, мазмунига кўра, икки гуруҳга бўлиш мумкин: биринчиси Шавкат Мирзиёевнинг келишига тайёргарлик ишлари тўғрисида бўлса, иккинчисида оддий фуқароларнинг “Президент келсаю...” деб бошланадиган умидлари акс этган.

Давлат раҳбари январнинг учинчи декадасида Қорақалпоғистон ва Хоразмда бўлиб, халқ билан учрашди, маҳаллий фаоллар билан мажлислар ўтказди.

Эндиликда эса, Озодликка келаётган хатлардан Шавкат Мирзиёевни Фарғона водийсида кутишаётгани англашилмоқда.

Озодлик почтасидан:

"Фарғонада марказий деҳқон бозори ва кийим-кечак бозорлари ёпиб куйилди ва таъмирланмокда. Нега, деб савол берсак, Шавквт Мирзиёев келади, дейишаяпти. Ҳозир ҳамма жойлар ремонт бўлаяпти. Барча ишга жалб этилган, кўчалар тозаланяпти, эски жойлар таъмирланаяпти", дейилади 2 февраль, пайшанба куни келган хатда.​

Фарғонанинг марказий бозорига яқин жойда яшайдиган, ўзини Абдураҳмон, деб таништирган 59 яшар тингловчимизнинг айтишича, "бозор таъмир учун эмас, тозалаш ишлари учун ёпилган эди ва 3 февралда яна очилди". Абдураҳмон аканинг айтишича, нафақат бозор, балки бутун шаҳар супуриб-сидирилмоқда, шаҳарнинг марказий йўлларини иккига бўлиб турувчи тўсиқлар ҳам ювилмоқда.

Шавкат Мирзиёевни бир неча кундан буён Андижонда ҳам кутишмоқда.

Озодлик почтасидан:

"Андижон шаҳрида хор бўлган педагоглар ҳақида ёзмоқдаман. Ўқитувчиларни кўча тозалашга мажбурлашмоқда. Аммо болаларга ким билим беради?” Шундай бошланган хатни Озодлик 2 февралда SizdanTelegram рукнида эълон қилган эди.

Андижонлик 63 яшар Қодиржон ака билан 3 февралда ўтказганимиз суҳбатдан бу ишлар Президентни кутиш билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди.

“Қизим мактабда лаборант бўлиб ишлайди. Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга борган куннинг эртасигами, индинигами, ҳозир аниқ эсимда йўқ, қизимни ва у билан ишлайдиган ўқитувчиларни туманимиздаги (Андижон тумани –таҳр.) МТП ни (Машина трактор парки – таҳр.) тозалашга олиб боришди. Қизим хафа бўлиб қайтди ўша куни уйга, “Биз ишладик, МТПнинг тракторчилари эса, қўлларини чўнтагига солиб томоша қилиб туришди”, деб койиди. Нега бу иш қилишга мажбурлашаётганини ўқитувчилар сўраган экан, "Президент келишига" дейишибди”, деди андижонлик Қодиржон ака.

Наманганда Мирзиёевни кутаётганларига ишора қилувчи хат ҳозирча йўқ. Лекин бу вилоятнинг Учқўрғон туманида вилоят ҳокимини кутмоқдалар.

Озодлик почтасидан:

"Namangan viloyati Uchqo'rg'on tumani Qo'g'ay qishloq Yangiobod ko'chalardagi asfalt yo'ldagi qadoqlarni viloyat hokimi kelishi munosabati bilan yo'l chetidagi turpoq bilan to'ldrilyapti, asfaltdan darak yo'q".

Озодликка келаётган хатлар мазмунидан Шавкат Мирзиёевни Қорақалпоғистон ва Хоразмдан ташқари (чунки бу икки ҳудудга давлат раҳбари сафар қилишга улгурди) аксар вилоятларда кутишмоқда.

Озодлик почтасидан:

"Mirziyoyevнинг Buxoroga kelishi kutilmoqda. Hamma joyda taraddud. Elektr to'ki ham 2 kundan buyon ketmayapti. Koshki edi har kun kelsa! Mirziyoyev "Yetti pir"ga boradi shekilli, hamma "Yetti pir" yo'llarini asfalt qilyapti. Tavba, asfalt qilgandan ko'ra gaz bersa bo'lardi. Xudo rahmi kelib bir bizni qishloqda to'xtasa edi, gaz yo'qligini aytardim", дейилган 1 февралда келган хатда.

Бухоро вилоят ҳокимлиги расмий сайтида берилган эълондан давлат раҳбари водийдан олдин, шу вилоятга келиши кутилаяпти, деган фикр пайдо бўлди.

“Xalq deputatlari Buxoro viloyati, tuman va shahar Kengashlarining qo’shma majlisi 2017 yil 3 fevral kuni soat 16:00 da Buxoro davlat universiteti faollar zalida chaqirilsin”, дейилган вилоят ҳокими Ўктам Барноев имзолаган қарорнинг биринчи бандида.

Президент бугун Бухорога келаяптими, деган саволимизга ҳокимлик мулозими “бундай информация берилмайди”, деб гапни калта қилди.

Давлат раҳбарининг келишини катта-кичик ҳокимлар танқид ва дакки эшитиб қолишдан қўрқиб кутаётган бўлса, аҳоли ҳеч йўқ Президент келган кунларда электр қуввати ва газ таъминотидаги узилишлар камайишига умид қилмоқда.

Озодлик почтасидан:

"Мirziyoev kelishi munosabati bilan gazlar xam kopayib, elektrda xam uzilishlar to'xtadi", деб ёзди Хоразмнинг Боғот туманида яшайдиган тингловчи.

Афтидан, Мирзиёевни Қашқадарёда ҳам кутишмоқда.

Озодлик почтасидан:

"Президент Мирзиёев Шавкат Миромонович келиши муносабати билан Шаҳрисбзда светлар ўчмай қолди, бир кунда 2 соат ёнадиган свет умуман ўчмай қолди. Ҳамма хайрон", - деб ёзар экан, шаҳрисабзлик тингловчи ўз хатини мана бундай якунлаган: "Президент кетганидан сўнг яна ўчишни бошлайди".

Мақола якунига етгач...

Президент Мирзиёев 3 февраль куни Тошкент шаҳар, Сергели туманига боргани маълум бўлди.

XS
SM
MD
LG