Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:14

“Маҳаллабай” мажбурлаш. Банк ходимлари ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтишни истамаяпти


Мирзиёев камбағалликни қисқартириш учун маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимини жорий этишни таклиф қилган.
Мирзиёев камбағалликни қисқартириш учун маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимини жорий этишни таклиф қилган.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан банк ва молия тизими ходимлари маҳаллаларда Президент Мирзиёев кўрсатмаси билан ташкил этилган ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтишга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ходимларга кўра, ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланишда ҳеч кимдан розилик сўралаётгани йўқ, ўтишни истамаётганлар эса “президент сиёсатига қарши чиқишда” айбланмоқда.

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидан исми очиқланмаслигини сўраган банк ходими 11 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтиш учун 5 миллион сўм маош таклиф қилинаётганини билдирди.

“Чекка ҳудудларга ҳоким ёрдамчиси қилиб жўнатяпти. Ким қарши чиқса, “президент сиёсатига қаршимисан”, деб мажбурлаяпти. Туман ҳокимини ташкилий бўлими қиляпти. Асосан иқтисодчилар олиняпти бу ишга. 5 миллион сум ойлик. Мен “Халқ банки”да ишлайман, энг ками 10 миллион оламиз. Ҳазначиликдагилар кам, 3 миллион олади, улар хам норози бўляпти. Чунки тайини йўқ иш. Икки йилдан сўнг бу штат ёпилса, ишсиз қолиб кетишимиз мумкин”, - дейди самарқандлик банк ходими.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда кичик тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш ва камбағалликни қисқартириш учун ҳоким ёрдамчилари лавозимларини жорий этиш таклифини илгари сурганди.

“Ҳоким ёрдамчилари қўлида ўзининг бюджети бўлади, маҳаллага бириктирилган солиқ, банк, йўл ва бошқа идоралар ходимлари билан бирга ишлайди. Ҳоким ёрдамчилари солиқ, банк, иқтисодиёт, инвестиция, молия идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган билимли ва фидойи ёшлар орасидан танланади.

Улар янги тизим бўйича ишлашга ўқитилади ва ишининг натижасига қараб яхши ойлик тўланади. 2-3 йил маҳаллада ишлаб, яхши натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчиларини, келгусида ҳоким ва вазир лавозимларига қўямиз”, — деган Мирзиёев.

Ҳозирда Ўзбекистондаги барча вилоятларда ҳоким ёрдамчиси лавозимига танлов эълон қилинган.

Самарқанд вилояти ҳокимининг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Манучеҳр Мирзаев ҳоким ёрдамчиси лавозимига мажбуран тайинловлар бўлаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

"Самарқанд вилояти ҳокимлиги сайтида вилоятдаги жами 1111 маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимига “очиқ танлов” эълон қилганмиз. Ҳужжатлар 15 ноябргача қабул қилинади. Лекин ҳоким ёрдамчиси лавозимига ҳеч ким ҳеч кимни мажбурламайди. Жуда кўп ариза келиб тушган бу лавозимга”, - дейди ҳокимлик матбуот котиби.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги сайтида берилган эълонда “маҳаллабай” ишлаш тизимини кейинги боcқичга олиб чиқиш мақсадида республикада илк маротаба тажриба тариқасида “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилаётгани айтилади.

Ҳоким ёрдамчиси, эълонда ёзилишича, “хонадонбай” сўровлар ўтказиш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини аниқлаш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирган ишсизларни бандлигини таъминлаш ва аҳолини ўзини-ўзи банд қилишга кўмаклашиш билан шуғулланади.

“Номига” ўтказилаётган танлов

Сурхондарёлик иқтисодчилардан бири янги таъсис этилган лавозимга танлов “номига” ўтказилаётганини иддао қилди.

“Танлов номига. Чунки кўпчилик хоҳламаяпти. Бу лавозимнинг келажаги йўқ. Бир-икки йилдан кейин тугатилади бу. Синов тариқасида қилиняпти. Ишсиз қолиб кетади. Академияни тугатганлар бор. Бу академияни тугатганларга маҳаллани бориб қоровуллаб ўтириш тўғри келмайди. Ишламасанг ҳаммангни ҳайдаймиз, деяпти”, - дейди номи очиқланишини истамаган Сурхондарё вилоят Узун тумани иқтисодий комплекс ходими.

Андижонда аллақачон ҳоким ёрдамчиларини танлаб олинган, улар билан мажлис ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Андижонда аллақачон ҳоким ёрдамчиларини танлаб олинган, улар билан мажлис ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Андижон вилояти Асака тумани ҳокимлигига яқин манбанинг Озодликка айтишича, туман ҳокимлари аллақачон ҳоким ёрдамчиси лавозимига одам тўплаб бўлингани ҳақида ҳисобот беришни бошлаган.

“Бошқа вилоятлар ҳали номзод ахтариб, молиячию банкирларни урҳо-ур қилиб юришганда, бизни вилоят ҳокимимиз аллақачон ҳоким ёрдамчиларини танлаб олиб, мажлис ўтказишга ҳозирлик кўрмоқдалар. Бизнинг Асака тумани, Обод маҳалламизга тайинланди битта ёш йигит. Иш хонаси ҳам йўқ. Нима қилишни ҳам билмайди”.

Андижон вилоятида ҳоким ёрдамчилари тайинлаб бўлингани айтилмоқда.
Андижон вилоятида ҳоким ёрдамчилари тайинлаб бўлингани айтилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева Озодлик билан суҳбатда вилоятларда мажбуран ҳоким ёрдамчилари тайинланаётганини рад этди.

“Мен ҳам ўқидим хабарларни. Лекин, биздаги маълумотларга кўра, ундай эмас. Ҳатто белгиланганидан кўпроқ ариза келиб тушган. Бунга давлат бюджетидан пул сарфлашни нима кераги бор дейиляпти. Шуни айтишим керакки, биздан битта ўринбосар- томорқа бўйича ўринбосар лавозими қисқаряпти, шунинг ўрнига бу штат очиляпти”, - деди Боймирзаева.

Давлат ғазнасига ярим триллион сўмга тушадиган лавозим

Ўзбекистонлик блогер Тоҳир Собиров ҳоким ёрдамчиси лавозимининг таъсис этилиши давлат ғазнасига қўшимча юк эканини айтади.

“Республика бўйича 14та ҳудуд бор 12 та вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон ҳам қўшиб ҳисоблаганда. Мамлакат ғазнасига бу бир ойга 56 миллиард сўмга тушади. Энди буни бир йилга уринг, 500 миллиарддан кўпроқ бўляптими, ярим триллион сўм. Ярим триллион сўмга 200та мактаб қурса бўлади, 400та янги боғча қуриш мумкин. Ёки бўлмаса, Тошкентдан Қорақалроғистонгача 1200 километрлик янги йўлни асфальт йўл қуриш ҳам мумкин бу пулга. Энди ўзингиз ўйланг, керакми бу ҳоким ёрдамчилари? ”, - дейди блогер.

XS
SM
MD
LG