Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

Мирзиёев таниқли созанда ва хонандаларга коллеж директорлигини таклиф қилди


Mаданият, санъат ва адабиёт вакиллари иштирокида 3 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши чоғида президент Шавкат Мирзиёев таниқли санъаткорларни мусиқага оид ўқув даргоҳлари ва коллежларга директор қилиб тайинлаш таклифи билан чиқди.

Ижодкорлар билан учрашув чоғида президент халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитоваларга коллеж директорлигини¸ янги тузиладиган мақом мактабига эса, ғижжакчи Абдуҳошим Исмоиловни раҳбар қилиш таклифини илгари сурди:

«Мана, даврамизда Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Ортиқ Отажонов, Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозов, Зулайҳо Бойхонова, Озодбек Назарбеков, Ғафур ва Ғулом Эшжоновлар, Гулсанам Мамазоитова каби Халқ артистлари ўтирибди. Сизларнинг ҳар бирингиз биттадан санъат коллежи ёки мусиқа мактабига бориб раҳбарлик қилсангиз, мен ўйлайманки, бундан санъатимиз фақат ютган бўлар эди. Айни вақтда юзлаб шогирдлар етиштириб, ўзингизга ҳайкал қўйган бўлардингиз.» деди президент.

Шавкат Мирзиëев Ўзбекистонда мақом йўналишидаги ўқув даргоҳи ташкил қилиб, унга Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоиловни раҳбар қилиб тайинланса, мақсадга мувофиқ бўлишини уқтирди:

«Мен мақом йўналишида янги коллеж ёки мусиқа мактаби очишни, унга Абдуҳошим Исмоиловни раҳбар қилиб тайинлашни таклиф қиламан” деди ижодкорлар билан учрашувда президент.

Халқ артистларини раҳбарлик лавозимига тайинлаш таклифини Мирзиëев яқинда 100 йиллиги мамлакат бўйлаб нишонланган таниқли ҳофиз Комилжон Отаниëвов ижод йўли мисолида очиқлаб берди:

“Мана, Комилжон Отаниëзов Марказий Осиëда мактаб ташкил қилди. Қани, айтинг-чи, бугун қайси халқ артистимиз ўзининг шундай муносиб шогирдлари борлиги, шогирдпарварлиги билан мақтана олади?" дея савол қўйди президент Шавкат Мирзиëев.

Ижодкорлар билан учрашув пайтида Мирзиëев Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқовни энди ташкил қилинадиган ёш дикторлар мактабига раҳбар қилиб қўйиш зарурлигини билдирди.

Айни мажлисда қатнашиб¸ мусиқа соҳасини ривожлантириш бўйича ўз фикрларини билдирган Ўзбекистон халқ артисти¸ собиқ маданият вазири Фарруҳ Зокиров Озодлик билан суҳбатда мусиқа мактаблари ва колллежларни санъаткор эмас, балки малакали менежерлар бошқаргани маъқул, дея билдирди:

- Мен Маданият вазири¸ парламент депутати бўлиб ишлаб ижодкорнинг раҳбар бўлиши нималигини бошимдан ўтказдим. Қийин¸ жудаям қийин бу иккаласини бирга олиб бориш.. Ижодкор бу илҳом одами. Шу боис у биринчи навбатда ижоди билан шуғуллангани маъқул. Менежер ëки маъмур бўлиш учун бошқача истеъдод керак. Ижодкорлик ва раҳбарликни бирлаштириш жуда қийин. Шу боис, ижодкор раҳбар бўлиши қийин, деб ўйлайман¸ мухлисларни мафтун қилган қўшиқчи ҳали яхши менежер дегани эмас,- деди халқ артисти Фарруҳ Зокиров.

Озодлик суҳбатлашган халқ артисти Маҳмуд Номозов Ўзбекистон президентининг санъаткорларни раҳбар қилиб қўйиш таклифини мақуллади.

Ғижжакчи Абдуҳошим Исмоилов ва қўшиқчи Зулайҳо Бойхоноваларнинг президент таклифини қабул қилган ëки қилмагани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Ўзбекистон президентининг санъаткорларни раҳбар қилиб кўтариш ғояси янги эмас. Бундан бир ой олдин президент Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни “Ёшлар” телерадиоканалига директор этиб тайинлаган эди.

26 кун раҳбарлик қилган Назарбеков «ижод билан шуғулланишга ҳалақит бергани» боис ишдан истеъфо берган эди.

XS
SM
MD
LG