Линклар

Шошилинч хабар
02 октябр 2022, Тошкент вақти: 14:21

ШҲТ саммити ва фавқулодда чоралар. Самарқанд Путин келишига ҳозирланмоқда


"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси йўловчиларни ШҲТ саммити ўтадиган 14-16 сентябрь кунлари Самарқанд халқаро аэропорти ёпилиши ҳақида огоҳлантирди.

Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммити ўтиши муносабати билан хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилмоқда. Расмий матбуот шаҳарда олиб борилаётган улкан реконструкция ишларига урғу бермоқда.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари шаҳарда жамоат тартибини сақлашга қўшни вилоятлардан Миллий гвардия ва Йўл-патруль хизмати ходимлари жалб этилганини айтишди.

“Вилоятлар Миллий гвардия машиналари шаҳарда кўпайган. Тошкент номери билан юрган Йўл-патруль хизмати машиналарини ҳам кўп учратяпмиз”, - дейди хавфсизлик сабаб исми очиқланмаслигини истаган самарқандлик фаол.

Аэропорт ва мактаблар ёпилади

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси йўловчиларни 14-16 сентябрь кунлари Самарқанд халқаро аэропорти ёпилиши ҳақида огоҳлантирди.

Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси эса ШҲТ саммити муносабати билан шаҳар мактабларида ўқиш 19 сентябрдан бошланишини эълон қилди.

“Фақат Самарқанд шаҳри мактабларида ўқиш 19 сентябрдан бошланади, унгача дарслар онлайн ўтказилади”, - деди 30 август куни Озодлик билан суҳбатда Самарқанд Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов.

Одатда, коронавирус пондемияси даврида бўлгани каби фақат фавқулодда холатлардагина масофавий таълимга ўтилади.

Расмийлар қайси қонунчилик асосида Самарқандда ўқувчилар уч ҳафтага анъанавий таълимдан узилаётганини изоҳламаяпти.

“ШҲТ саммити пайти мактабларда ўқиш масофавий бўлиб туриши катта муаммо бўлмаса керак. Чунки пандемия даврида таълим тизимимиз катта тажриба олди масофавий таълим бўйича”, - дейди самарқандлик блогер Фарруҳ Самарқандий.

Путин келишига тайёргарлик

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанддаги ўтадиган саммитида аъзо давлатлар - Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этиши кутилади.

Ҳиндистон ва Хитой раҳбарларининг саммитда иштирок этиши тасдиқланган, аммо Путиннинг келиши ҳақида ҳозирча на Кремль ва на ўзбек томони бирон расмий хабар бергани йўқ.

Бироқ сўнгги ҳафталарда президент Мирзиёев ҳамда Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Путин билан телефон мулоқотларида Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммити кун тартиби муҳокама қилинган.

Маҳаллий фаоллар ва кузатувчилар Самарқанддаги фавқулодда хавфсизлик чораларини Украинадаги уруш бошланган илк ойларда "бункерга яширингани" айтилган ва сўнгги ойларда узоқ хорижий сафарлардан тийилаётган Путиннинг хавфсизлик хавотирлари билан боғлиқ эканини тахмин қилишмоқда.

Бу Россия раҳбарининг Украинага уруш бошланганидан буён постсовет давлатларига учинчи сафари бўлади.

Февраль ойидан сўнг Путин илк бор июнь ойида Тожикистон ва Туркманистонга сафар қилганди.

“Мен Путиннинг Ўзбекистонга келишига қаршиман, у босқинчи. Украинага асоссиз бостириб кирган бир ёвуз одам деб биламан уни. Бундай одамнинг Ўзбекистонга келишини хоҳламайман. Бу менинг шахсий фикрим, ҳукуматники бошқача албатта, уни кўряпмиз”, - дейди блогер Фарруҳ Самарқандий.

Ўзбекистонлик журналист Марина Козлованинг фикрича, Самарқанддаги мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари айнан Путиннинг саммитга келиши кутилаётгани билан боғлиқ.

“Аэропорт ва мактаблар ёпиляпти, бутун республикадан Самарқандга хавфсизлик кучлари ташланяпти, фақат бир киши учун, у ҳам бўлса Путин. Украинага уруш фонида яқин маслаҳатчиларидан ҳам масофа сақлаб ўтирган Россия раҳбари учун қилиняпти бу чоралар”, - дейди Марина Козлова.

Швейцарияда яшовчи ўзбек фаоли ва тадбиркор Гавҳар Вайбл Путин учун бундай ҳозирликлар Ўзбекистон ташқи сиёсати учун "иснод" эканини айтади.

“Ғарб томонидан санкциялар нишонига олинган ва кўплаб ғарб сиёсатчилари назарида террор давлати сифатида олиниши керак бўлган Россия раҳбари Путинни Самарқандда мактабларни ёпиб, болаларни ўқишидан қолдириб кутиб олиш бу сиёсий кўрнамаклик. Ўзбекистон бир томонлама сиёсий позицияни эгалламоқда. Украина мустақиллик кунига дурустроқ табрик ҳам йўлламади, лекин Путинни оёғи остига қизил гилам тўшашга шай бўлиб турибди”

"Салбий нарсаларни ёзмаслик сўралди"

ШҲТ саммити арафасида маҳаллий блогерларга “салбий” ҳолатлар ҳақида ёзмай туриш тайинланган.

Самарқандлик блогер Темур Саттаров бу ҳақда Facebook саҳифасида ёзди.

“Бу тадбирлар давомида ҳеч қандай салбий нарсаларни нашр этмасликни "сўрашди". Мен тузумга қарши чиқмайман. У ҳали ҳам бор, мен оилам учун қурбон бўлмайман”, - деб ёзди блогер.

Аммо Темур Саттаров топшириқ қайси идорадан бўлганини очиқламаган.

Самарқандлик бошқа бир блогер Фарруҳ Самарқандий ҳам блогерларга босим бўлаётгани ҳақида гапиради.

“Менга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ, лекин Интернетга чиқиб ҳар- хил бўлмағур нарсаларни ёзманглар, деган нарсалар бўляпти. Ҳар-хил негатив чиқарманглар Интернетга, мана шу гаплар қайсидир ташкилотлар томонидан айтилаётганини Телеграм гуруҳларда, ўзимизни гуруҳлар бор, ўша ерда ёзишяпти. Кўплар ёзяпти, лекин шахсан ўзимга айтилгани йўқ”, - дейди Самарқандий.

Озодликка маълум бўлишича, маҳалла фаоллари ва участка нозирларига ҳам ШҲТ саммити пайти низоли ҳолатлар бўлмаслигини таъминлаш юзасидан чоралар кўриш ҳақида топшириқ берилган.

“Ўзини ёқиш кўп бўляпти, шунақа ҳолатлар бўлмасин деб, қаттиқ топшириқлар бериляпти маҳалла ва участкавойларга. Маҳаллаларда ҳар куни шу масалада йиғинлар бўляпти. Жанжал келиб чиқиши мумкин бўлган хонадонлар алоҳида назоратга олиняпти”, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган самарқандлик фаол.

Самарқанд дайди ит ва уйсизлардан тозаланмоқда

ШҲТ саммити олдидан Самарқанд шаҳри дайдилар ва дайди итлардан тозаланмоқда.

Маҳаллий фаолнинг Озодликка айтишича, Ветеринария назорати ходимлари ёппасига кўчаларида дайди итларни ушлашга жалб этилган.

"Улар итларни ушлаб, машиналарга босиб, номаълум жойга олиб кетмоқда", - дейди фаол.

Унинг сўзларига кўра, байрамлар арафасида ëки президент иштирок этадиган тадбирлар олдидан шаҳарни дайди ит-мушуклар, мангуст ва каламушлардан тозалаш одатий ҳол.

Самарқанд ветеринария хизмати вакили Озодликка дайди итлар ўлдирилмаётгани, ушланиб, махсус ихтисослашган бошпаналарга олиб борилаётганини айтди.

Улкан қурилишлар

ШҲТ саммити арафасида Самарқандда биноларнинг ташқи кўриниши қайта реконструкция қилинмоқда.

Озодлик манбасининг айтишича, шаҳар марказидаги уйлар фасади пенопластдан ясалган декоратив безаклар билан бир хил қопланмоқда.

Самарқандда катта тадбир арафасида олиб борилаётган қурилиш ишларига қўшни вилоятлардан ишчилар ҳам сафарбар этилган.

“Мардикорларга тўланадиган кунлик иш ҳақи икки баравар ошиб, 200 минг сўмга етди. Ҳаммасига ишларни 11 сентябргача тугатиб, шаҳардан чиқиб кетиш буюрилган. Шунингдек, қўшни вилоятлардан гул экувчи аёллар ҳам олиб келинган. Аэропортдан шаҳар марказигача йўл четига гуллар экилмоқда. Гул экувчиларга 130 минг сўмдан шу ерни ўзида беряпти”, - дейди самарқандлик блогер Гулшода.

Саммит куни Самарқанд шаҳри вилоятдан келувчиларга бутунлай ёпилиши ҳақида ҳам хабарлар бор.

Самарқанддаги ШҲТ саммитига тайёргарлик тўрт йил олдин бошланган.

“2022 йилда Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитини ўтказишга тайёргарлик ишларини молиявий қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам қабул қилинганди.

Бу ишларни амалга ошириш учун Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси ташкил этилган ва вилоят ҳокимлигига 5 йилга 2 фоизлик 25 млн АҚШ долларига тенг эквивалентдаги кредит ҳам берилган эди.

Ўзбекистон 2016 йилда ҳам Шанхай Ҳамкорлик Саммитига мезбонлик қилган.

Каримов Шанхай саммитини лазги билан қизитди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:07 0:00

Мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримов ўлимидан икки ой олдин, июнь ойида ўтган саммит пайти Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, талабалар муддатидан олдин таътилга жўнатилганди.

Форум

XS
SM
MD
LG