Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:00

ШҲТ саммити ва иккиламчи санкциялар хавфи. Ўзбекистон иқтисодини нима кутмоқда? (ВИДЕО)


ШҲТ раҳбарлари ташкилотнинг Бишкек саммитида. Бишкек, 14 июнь, 2019 йил.
ШҲТ раҳбарлари ташкилотнинг Бишкек саммитида. Бишкек, 14 июнь, 2019 йил.

Ўзбекистонда 15−16 сентябрь кунлари Самарқандда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига ҳозирлик кўрилмоқда.

Бу саммит доирасида қатор кўп томонлама ва икки томонлама учрашувлар белгиланган. Бу учрашувларда ШҲТ ҳудудидаги давлатлар ўртасида иқтисодий, молиявий ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтиришни кўзловчи битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Аммо бу ерда асосий хавотир - Украинага босқини ортидан мислсиз санкциялар остида қолган Россия банклари ва молиявий институтлари билан ҳамкорлик ҳамда бунинг ортидан Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистонга иккиламчи санкциялар қўлланиши эҳтимолидир.


Шу кунларда, Самарқандда бўладиган ШҲТ саммити олдидан, Тошкентда аъзо давлатлар вазирлари, хавфсизлик хизматлари ҳамда Банклар уюшмаси раҳбарлари учрашди. Хусусан, 23 август куни “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” раислигида ШҲТ Банклараро уюшмаси кенгашининг 18- йиғилиши бўлди.

Унда 2 муҳим стратегик ҳужжат – “ШҲТ банклар уюшмасига аъзо давлатларнинг 2022-2027 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳаракат режаси" ҳамда аъзо давлатлар "молиявий соҳада биргаликдаги фаолияти ва ҳамкорлигига оид ҳадли тамойиллар" ишлаб чиқилгани айтилди.

ШҲТга аъзо давлатлар: Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ҳамда Россия.

Банклар уюшмасининг йирик аъзолари эса айнан Россия банклари ва уларнинг аксари, Россиянинг Украинага босқини ортидан ҳозир Ғарб санкциялари остида.

Бундай шароитда Ўзбекистон банклари улар билан қандай ҳамкорлик қилиши мумкин?

Ўзбекистон Молия вазирининг собиқ ўринбосари, иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров.
Ўзбекистон Молия вазирининг собиқ ўринбосари, иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров.

Ўзбекистон Молия вазирининг собиқ ўринбосари, иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров фикрича, бу ўринда санкциялар қўлланишига оид техник ҳамда Ўзбекистон-Россия банклари ўртасидаги бугунги ҳамкорликка оид баъзи муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:

- Биринчидан, бу санкциялар асосан, маълум бир маҳсулотлар ва хизматларни кўрсатишга қаратилган. Банклар бу маҳсулот ва хизматлари билан боғлиқ операцияларни молиялаштириш ёки тўловларни бажариш имконияти йўқ, бу чекланган. Иккинчидан, Россия банклари молиявий операцияларни амалга ошираётганда, SWIFT платформасидан фойдаланиши чекланган бўлса, демак бундай банклар билан мулоқотда бу платформадан фойдаланиш мумкин.

Банклар ўзаро муносабатлари бор ва ҳамкорлик қилишини олсак, бу муносабатлар асосан турли кредит линиялар очиш орқали бўлиши мумкин. Лекин, бизнинг мамлакатда бугунги кунда Россия банкларидан бирон бир катта ёки кичик миқдорда кредит жалб қилган банк йўқ. Ҳозирча, Ўзбекистон ва Россия банклари орасида мижозларнинг муносабатлари бўлиши мумкин. Бу соҳада фақатгина чекланган маҳсулотлар ва хизматлар рўйхатига тушмаган бўлса, бундай муносабатларни амалга ошириши мумкин.



Айни пайтда, Украинадаги уруш бошланганидан буён Россия бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши фавқулодда ортгани кузатилади. Шу йил апрель ойида Тошкентда ўтган “Иннопром. Марказий Осиё” саноат форумида катта-катта сармоявий келишувлар имзоланди. Россиядаги йирик давлат корхоналари ва хусусий бизнес вакиллари Ўзбекистонга бизнесини кўчириш ниятини ифода қилди.


Экспертларнинг фикрича, Ғарб санкциялари остидаги Россия саноати ва бизнеси минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистондан, санкцияларни айланиб ўтувчи макон сифатида фойдаланиши ва пировардида бу мамлакатларнинг иккиламчи санкцияларга тушиш эҳтимолидан хавотир билдирмоқда.

Шу йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic хусусий корхонаси иккиламчи санкцияга тушган илк ширкат бўлди.

Аввалроқ Россия матбуоти Ўзбекистон Марказий банки маҳаллий ширкатларни хорижий ҳамкорлар билан Россиянинг Ғарб санкцияларига тушган банклари орқали ҳисоб-китоб қилмаслик ҳақида огоҳлантиргани ҳақида ёзган эди.

Ўзбекистон ҳукумати иккиламчи санкциялар эҳтимолини қанчалик жиддий қабул қиляпти?

Абдулла Абдуқодировга кўра, санкциялар эҳтимолини жиддий олмаслик ҳукумат учун "ўз оёғига болта уриш" билан тенг бўлади:

- Ҳозиргача санкцияга тушган маҳсулот ва хизматлар билан боғлиқ 18 та транзакция тўхтатиб қолинган. Тижорат сири бўлгани боис, бу ҳақидаги маълумотларни мен ҳам, Марказий банк ҳам очиқ айта олмаймиз. Лекин шу ҳолатнинг ўзиёқ ҳукумат бу масалага жиддий қараётганини кўрсатади.

Россия бу урушга узоқ тайёргарлик кўрган ва буни олдиндан билиб, санкцияларга тайёргарлик кўриб қўйган. Яъни, улар санкцияни четлаб ўтишга уриниши аниқ, бунга албатта ҳаракат қилади ва бунинг учун барча имкониятларини ишга солади. Муҳими, биз бунга қандай муносабатда бўлишимиз, дейди Абдулла Абдуқодиров.

Таҳлилчиларга кўра, Москва ШҲТдаги ҳамкор давлатларнинг банк-молия тизимидан Ғарб санкциялари таъсирини камайтириш йўлида фойдаланиш режасини Украинадаги урушдан анча аввал эълон қилган. 2018 йил апрелида Душанбеда ўтган ШҲТ саммитида ўша вақтдаги Россия бош вазири Дмитрий Медведев "Москва ташкилотдаги ҳамкорлар ёрдамида Ғарбнинг бир томонлама ноқонуний санкцияларига қарши туришга умид қилаётгани"ни айтган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG